"Реал" икки муҳим ўйинда Роналдусиз ҳаракат қилади

17 июль, 10:45 504

Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Зинедин Зидан Конфедерациялар кубогида иштирок этган жамоа етакчиси Криштиану Роналдуга тўлиқ бир ой дам беришга қарор қилди.

Marca нашрининг хабар беришича Роналду шу кунларда жамоа билан одатдаги тиббий кўрикдан ўтиш учун 3-4 кунга Мадридга келади ва шундан сўнг яна ўз таътилини давом эттиради. Португалиялик футболчи бу вақт ичида жамоа ҳомийлари билан учрашиши режалаштирилган. Айтиш лозимки, ушбу тадбирларнинг бири Японияда бўлиб ўтади.

Роналду июлб ойининг сўнггида жамоа машғулотларига кўшилади. Шу боис у 30 июль куни International Champions Cup мусобақаси доирасида АҚШнинг Майами шаҳрида бўлиб ўтадиган “Барселона”га қарши ўйинда иштирок эта олмайди.

Таъкидлаш керакки, 32 ёшли ҳужумчи бундан ташқари 8 август куни УЕФА Суперкубоги учун “Манчестер Юнайтед”га қарши бўлиб ўтадиган баҳсни ҳам ўтказиб юборади.

Бунинг орасида Роналду 31 июль куни Испания суди олдида солиқлардан бўйин товлагани учун жавоб беради.

Шундай қилиб, Криштиану 13 август куни Испания Суперкубоги доирасида “Камп Ноу”да “Барселона”га қарши дастлабки учрашувда майдонга тушиши мумкин.