Роналду – “Пеналду”ми?
Замонамизнинг энг кучли футболчиларидан бири – Криштиану Роналду айни вақтга қадар бутун фаолияти давомида 40 га яқин рекорд ўрнатган. Португалиялик футболчининг сўнгги рекордларидан бири Испания чемпионатида пенальтилар тепиш борасидадир. CR7 бу борада Уго Санчесга етиб олди – 56 та. Биз эса шу муносабат билан, Роналду тепган энг эсда қоларли пенальтиларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Португалия – Англия
01.07.2006
У пайтлари Роналду ҳозирдаги сингари юлдуз эмас эди. Терма жамоада Рикардо Карвальо, Деку ва Луиш Фигулар бош юлдуз эдилар. Бироқ бу Криштианунинг бошланғич таркибда майдонга тушишида заррача ҳам ҳалал бермаган. 2006 йил Португалия мундиалга Европанинг амалдаги вице-чемпиони сифатида ташриф буюрган эди. Гуруҳ босқичида Мексика, Ангола ва Эрон каби термаларни ортда қолдириб чиққан Луиз Фелипе Сколари жамоаси 1/8 финалда Голландия билан жуда ҳам қийин ўйин ўтказади. Роналду ва унинг шериклари майдонда бир киши кам бўлиб қолган бўлсаларда, учрашувда Португалия минимал ҳисобда ғалаба қозонади ва чорак финалда Англияга рўбаро келади. Ўз навбатида инглизларда ҳам Бекхем, Эшли Коул, Жеррард, Оуэн, Лэмпард ва Руни сингари кучли футболчилар бор эди. Қизиғи на юқорида санаган футболчиларимиз ва на бошқалар 120 дақиқа давомида гол киритишнинг уддасидан чиқа билишмаган эди. Ўйиннинг 62-дақиқасига келиб инглизлар 10 киши бўлиб қолишади. Рикардо Карвальога нисбатан ишлатилган қўполлик учун Уэйн Руни қизил карточка билан “сийланади”. Пенальтилар сериясида “уч шерлар”нинг “нуқта”га яқинлашган 4 футболчисидан фақат бири мўлжални аниқ олади. Португалияликлардан хал қилувчи зарбани айнан Криштиану амалга оширади ва шерикларини “уялтириб қўймайди”. Шу тариқда Португалия ярим финалга йўл олади. Ушбу босқичда эса Сколари шогирдлари Франциядан мағлуб бўлишади. Якунда Португалия мундиалда 4-ўринни эгаллайди.
“Тоттенхэм” – “Манчестер Юнайтед”
04.02.2007
Келгуси мавсумда эса Роналду “Олд Траффорд”нинг бош юлдузига айланади. Айнан ўша вақтларда португалиялик футболчи “симулянт” деган номни олади. Унинг хатти-ҳаракатларини барча турли хил эътироф этар ва кимлардир унинг бу муваффақиятини айнан симуляция билан боғлар эди. 2007 йил февраль ойининг бошларида “Тоттенхэм” билан баҳсда Роналду шубҳали пенальти “ишлайди” ва уни ўзи аниқ тарзда бажаради. Ўша мавсум якунида эса Криштиану Англия ФА томонидан АПЛнинг энг яхши ёш ва энг яхши футболчиси деб топилади.
"Манчестер Юнайтед” – “Челси”
21.05.2008
Янаги йил эса “МЮ” ЕЧЛ финалига чиқади. Москвада ўтган финалда “қизил иблислар” “Челси” билан бош соврин учун кураш олиб боради. 26-дақиқада Роналду Скоулз томонидан етказиб берилган тўпни боши билан дарвозага “жойлаб” қўяди. Тайм охирида эса Лэмпард мувозанатни тиклайди ва барча масала пенальтилар сериясида аниқланади. Пенальтилар сериясида эса Роналду Петр Чехни “алдай олмайди” ва “нуқта”дан адашади. Якунда эса ЕЧЛ кубоги барибир Манчестерга кетади.
“Реал Мадрид” – “Депортиво”
29.08.2009
“Реал”да португалиялик юлдуз штатли пенальтичига айланади. Қизиғи Криштиану “қироллик клуби” сафида расмий ўйинлардаги биринчи голини айнан 11 метрли жарима зарбасидан киритади. Мавсум якунида эса “Реал” чемпионатда “Барселона”дан 3 очко ортда қолган ҳолда чемпионликни бой беради.
Португалия – Польша
30.06.2016
Ўтган масвум Роналду учун фантастик ўтди. Ортда қолган йилда CR7 ҳам клуб, ҳам терма жамоада соврин ютишга муваффақ бўлди. Тўғри Роналду Евро-2016 да “бош рол”да бўлмади. Шундай бўлсада, у шерикларини руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлай олди. Польшаликлар билан пенальтилар сериясидаги дастлабки зарбани айнан Роналдунинг ўзи йўллайди ва бу ишни беҳато бажаради. Журналистларни эса Роналду Жоао Моутиньони қай тарзда руҳлантира олгани ҳайратга солган эди.
Шаҳзод Холбоев тайёрлади
Фикрлар