Роналдуни ким қаҳрамонга айлантирди?

4 июнь, 14:35 3298

Роналдуни ким қаҳрамонга айлантирди?

Ҳайрон қолишингиз мумкин, аммо Роналдонинг спортдаги муваффақиятига сабаба бўлган шахс – “Анжи” ва “МЮ”нинг собиқ мураббийи Рене Меленстен. 2013 йилда у ўз интервьюларидан бирида тарихдаги энг машҳур спортчини қандай тарбиялаганини айтиб берган эди.

2007-2008 йил мавсуми Роналдо учун “Манчестер Юнайтед” даги сўнггиси эди. Португалиялик қувончдан ичига сиғмас эди: Премьер-Лигада биринчи ўрин, Чемпионлар Лигасидаги ғалаба, клубдаги 42 та гол, терма жамоадаги 9 та гол. Бир йилгина аввал Криштианунинг муваффақият кўрсаткичлари анчагина паст эди. Майдонда ҳам қатъиятсизлик ва ишончсизлик билан, хаёллари тарқоқ тарзда “судралиб” юрарди гўё. 2007-2008 йил мавсумида эса у суперюлдуз мақомига кўтарилди. Роналдонинг бундай натижага қай тарзда эришганлиги ҳақида у билан якка тартибда машғулотлар олиб борган Рене Меленстен сўзлаб берди.:

“Мавсум аввалида Роналду учта ўйинга четлатилганлиги боис, у билан алоҳида шуғулланишга имкон бор эди. Унинг дунёдаги энг зўр футболчи бўлишни мақсад қилганини билардим, бу борада унга ёрдам бермоқчи эканлигимни билдирдим. Криштианунинг хусусиятлари ва имкониятлари тасвирланган схемани тузиб чиқдим. Унда тактик хусусиятлар ( тушуниш, қарор қабул қилиш), жисмоний кўрсаткичлар ( тезлик, куч, чидамлилик, эпчиллик),  шахсий фазилатлар ( ишга бўлган маъсулият, ғалабага ишонч), техник деталлар ( тўпни узатиш, зарба, майдонда ҳаракатланиш, чалғитиш) кабилар кўрсатилган эди. Мен бу чизмани Роналдога кўрсатдим ва шулардан қайси бири унда яхши шаклланганлигини сўрадим. У эса техник деталларни яхши ўзлаштирганлигини айтди.

“Яхши, сен ўйин пайтида ажойиб ҳаракатланасан, сенинг олдингда ҳимояланиш қийин, аммо сен ҳаракат чоғида қарор қабул қилишга қийналасан. Сенинг тўп ортидан югуришингдан мақсад битта- диққат марказига тушиш, ўзингни кўрсатиш. Бироқ бундан сенинг жамоадаги шерикларингга нима наф? Сен ҳаракат доирангни кенгайтиришинг, янги вазифаларни ўз олдингга қўйишинг керак. Мен сенинг ўтган мавсумдаги ўйинларингни кузатдим, атиги 23 марта гол киритишга муваффақ бўлдинг. Чунки сен ҳар бир голнинг ҳайратланарли, мукаммал бўлишини истайсан. Шуни унутмагинки, аҳамиятли бўлишни хоҳлаган одам авваламбор жамоа манфаати учун курашиши лозим. Сен эса аксинча ўйлайсан. Йўқ. Жамоа учун ҳаракат қил, шунда жамоанг сен учун кураша бошдайди”, дедим Криштиануга. У гапларимни сўзсиз қабул қилди.

Роналдуга аниқ мақсадни белгилаб олишни айтдим: Бу мавсумда у қанча гол киритмоқчи?У 30-35 та гол уриш ниятида эканлигини айтди. “Чакки эмас. Аммо сен 40тадан ортиқ гол муаллифи бўлишинг мумкин”.

Биз машғулотларни бошдаб юбордик. Биринчи дарсда Криштианунинг дарвозага зарба ураётганда нималарни ўйлашини муҳокама қилдик. Линекер, Сульшер, Ширер, ван Нистелрой кабиларнинг ўйинини кузатишни маслаҳат бердим. Улар тўпни эгаллаю, уни дарров дарвозага йўналтиришади. Роналду эса тўп ортидан югурар экан, гўзаллик ҳақида, мукаммал гол ҳақида хаёл суради. Уни бундан қайтариш лозим эди. “Тўпни қай йўсинда киритишингнинг аҳамияти йўқ, асосийси гол ҳосил бўлиши керак. Муҳими жараён эмас, балки натижа, унутма”.

Биз турли чизиқларда ҳаракатланар, ҳужумнинг ҳар хил усулларини кўриб чиқардик. Ҳар куни янги ҳужум кўриниши устида ишлардик. Уни ўз қаршисида дарвозабонлардан бирини тасаввур қилиб, унинг позициясини ўрганиш ва шунга мувофиқ ҳаракатланишга ундардим. Ҳар бир машқни тўрт марта такрорлар эдик, чунки мен ўз тажрибамдан ҳаракатнинг тўрт маротаба бажарилиши диққатни жамлашга ёрдам беришини билардим. У айнан қайси нуқтага уриши кераклигини белгилашни ўрганди.

Январнинг охирларида у 27 та гол киритди ва мен унга мақсадни янгилаш кераклигини уқтира бошладим:” Сен ўзинг кўзлаган кўрсаткичга деярли эришдинг. Олдингда икки йўл бор: ёки шу натижа билан қаноатланиш, ёки янги рекор ўрнатиш”.

У ўзига нисбатан каттароқ талаблар қўйишга аҳд қилди.

Мен Роналду учун махсус видеоролик тайёрладим. Унда Мухаммад Али ва Пеле каби даҳоларнинг ўйинлари ва уларнинг афоризмлари ифодаланганди. Тана тилини тушуниш, диққатни жамлаш ҳақида сўз борарди. Бу видеони қайта-қайта кўришни таъкидладим.

Бир куни Криштиануниг ҳаракатлари тасвирланган видеони ишлаб чиқдим. Унинг ўзидан сўрадим:”Танангнинг ҳар бир ҳаракати қанчалик аҳамиятли эканлигини биласанми? 2007 йил 27 ноябрда “Спортинг” дарвозасига киритган жарима тўпингни эслайсанми? Сен шунда камерага қараб қўлларингни ён томонга чўзгандинг. Бу билан нима демоқчи эдинг? Кечирим сўрадингми ёки мақтаниб қўйдингми?”  Худди шу пайт олдимизда Манчестер маъмурияти вакилларидан бири пайдо бўлди ва ундан Криштианунинг ўша ҳаракатини қандай қабул қилганлигини сўрадим. “Мен ҳаммадан зўрман" деди у. Аминманки, Роналдунинг бу жестини нафақат вакил, балки миллионлаб одамлар худди шу маънода тушунишган. “Шу сабабли сени ҳаддан зиёд мағрур деб ўйлашади. Чунки сен ўзинг шунақа тасаввур уйғотасан. “Мен Криштиану Роналдуман, мен билан яхши муносабатда бўлинглар” демоқчи бўласан. Бьорн Борг ва Роджер Федерер теннисда қандай ўйнаган бўлса, сен футболда худди шундай ҳаракатлан. Муз каби совуққон бўл. Рақибингнинг ҳар бир ҳаракатини олдиндан кўра олишга интил”.

Криштиануга Йохан Кройффнинг ўйинларини кўрсатдим. У рақибларини моҳирлик билан чалғитар, йўналишини ҳар лаҳзада ўзгартирар, устига ёпирилиб келаётган тўдани бемалол ёриб ўта оларди. “Асосийси, сенинг юзингдаги ифода. Ўзингни ҳеч нарса бўлмагандек тут, токи рақиб хаёлингдагиларни ўқий олмасин. Ҳимоячи сенинг қаршингда довдираб қолсин. Ҳаммаси ўзингга боғлиқ”...

Ўша мавсум Роналду учун ажойиб ўтди. У 42 та гол киритди. Чемпионлар Лигаси финал босқичида боши билан зарба бериб, гол киритди. У ўз хатоларини мустақил таҳлил қила оладиган даражага етишган эди”.

Саодат Абдурахманова таржимаси

Манба: sports.ru

 

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.