Роналдунинг голи "Реал"га жаҳон рекордини келтирди

14 март, 09:20 898

Роналдунинг голи

 

Испания чемпионатида пешқадамлик қилаётган "Реал" жорий мавсумда кўплаб рекордларни йўққа чиқариб, ўзининг юксак кўрсаткичларини тарихга муҳрламоқда. Испания Ла лигасининг навбатдаги турида жамоа етакчиси Криштиану Роналдунинг "Бетис" дарвозасига киритган голи "Реал" учун жаҳон рекордини тақдим этди.

Аввалроқ "Реал" кетма-кет учрашувда гол уриш бўйича азалий рақиби "Барселона"нинг 44 та ўйиндан иборат рекордини йўққа чиқарган эди.

Ҳар бир учрашувда гол уриш анъанасини давом эттираётган "Реал" энди бу рекордни жаҳон миқёсида ўрнатди. Роналдунинг аниқ зарбаси эвазига мадридликлар кетма-кет 48 та учрашувда рақиб дарвозасини ишғол қилди. Ҳозиргача бу натижа дунёнинг бирорта жамоасига насиб этмаганди.

Аввалги рекорд Португалиянинг "Бенфика" жамоасига тегишли бўлиб, бу клуб футболчилари 1963 йилнинг декабиридан 1965 йилнинг январигача узлуксиз 47 та ўйинда рақиб дарвозасига гол урган.

"Реал"нинг голли серияси ҳали узулгани йўқ. Кейинги учрашувда мадридликлар яна гол урса, жаҳон рекорди яна янгиланади.

SPORTS.uz