Рўзиқул Бердиев "Насаф"нинг камчилиги нимада эканлигини маълум қилди

Олий лига 27-туридан ўрин  олган "Насаф" ҳамда "Металлург" жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг навбатдаги қисмида "Насаф" устози Рўзиқул Бердиев иштирок этди ва ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди. Бу ҳақда "Насаф" расмий сайти хабар бермоқда.

"Рақибимиз бугунги ўйинга қандай тактика қўллашини олдиндан билардик. Уларнинг асосан ҳимояланиб, тезкор қарши ҳужумлар уюштиришларини кутгандик. Шундай ҳам бўлди. “Металлург” жамоасида тезкор ҳужумчилар бор. Биз шуларни ҳисобга олиб тайёргарлик кўрган эдик. Футболчиларимиз бугун кўрсатмаларимизни яхши бажаришди. Бугун шунингдек футболчиларимиз майдонда эркинроқ ва мазмунли ўйин намойиш этишди.

Черанга таклиф бўлаяпти? Албатта бу табиий ҳол, бизнинг футболчиларимизга доим қизиқиш катта бўлади. Черан ўзимизга ҳам керак, у билан ҳали бир йиллик шартномамиз бор. Асосий мақсадимиз етакчи ўйинчиларимизни жамоада олиб қолиш. Бу олдимизда турган долзарб мақсад. Бу ҳақда клубимиз раҳбариятига ҳам айтаман, албатта. Чунки бу жамоамизнинг кейинги фаолияти учун ҳам жуда зарур.

Стандарт вазиятлардан фойдаланмаслик ҳақида. Афсуски бу бизнинг камчилигимиз. Ўтган ўйинда ҳам, бугун ҳам кўплаб стандарт вазиятлардан фойдалана олмадик. Бундай вазиятлардан фойдалана олишлик, рақиб режасини бўзади. Бу камчилик устида ишлаймиз.

Бугун захира дарвозабон сифатида Ғолиб Ғайбуллаевни қайдномага киритдик. Бунга мажбур бўлганимиз сабаби, қуйи лигада ўйнайдиган ва ўринбосарларимиз сафида ўйнайдиган дарвозабонларимиз дисквалификациялар туфайли бизга ёрдам бера олишмасди. Қолаверса, яна бир дарвозабонимиз Умид Эргашев ёшлар терма жамоасига жалб этилгани бўлди", - деб айтиб ўтди 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!