Рўзиқул Бердиев: Рашидхоновнинг чиройли голи эвазига ғалаба қозондик

Хабарингиз бор, бугун Олий лига 11-тур учрашувлари ўз якунига етди. Тур доирасида мухлислар Воҳа дербиси гувоҳи бўлишди. Унда “Насаф” Ғузорда “Машъал”ни қабул қилди ва 1:0 ҳисобида зафар қучди.  Учрашув якунига етгач, мезбонлар устози Рўзиқул Саъдуллаевич ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

-“Машъал” жамоаси билан учрашувимиз доимо кескин бўлади, улар биз билан баҳслашганида жуда катта куч билан ҳаракат қилишади. Бугунги ўйин ҳам шундай бўлди. Бевосита ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам, биз бугун Рашидхоновнинг чиройли голи эвазига ғалабага эришдик. Ўйинчимиз жуда чиройли гол муаллифи бўлди. Рақибга бугун гол уришга умуман имкон бермадик. Учрашувда биз учун бошқа қулай вазиятлар ҳам бўлди. Аммо бу вазиятларни голга айлантира олмадик. Муҳими ғалабага эришдик ва уч очкони қўлга киритдик. 


Бугун биз бир неча ўйинчиларимизга дам бердик. Ш.Аъзамовни кичик жароҳати борлиги туфайли таваккал қилишни ҳоҳламадик. Қолаверса у мунтазам ўйинларимизда иштирок этиб келаётганди. Бугун яна Ш.Эркиновни майдонга туширмасдан Б.Абдухолиқов хизматидан фойдаландик. Бунга сабаб, ўйинда “Машъал” жамоаси ҳимоячиларини шошириб қўядиган тезкор ҳужумчи керак эди. 


Рақибимиз бизга нисбатан бугун қўполроқ ҳаракат қилди. Балки улар ўз олдиларига қўйилган вазифадан келиб чиқиб, шундай ҳаракат қилишгандир.  Аммо бундай қўпол ҳаракатлар рақиб жамоа ўйинчилари учун ёмон оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. 


Дерби? Биз дербига эмас, оддий ўйинга тайёргарлик кўрган эдик. Мақсадимиз ғалаба қозониш эди. Буни йигитларимиз уддасидан чиқишди. Бугун жамоамиз ўзининг яна бир мазмунли ўйинини намойиш этди. Шахсан бундан мамнунман, -дейди Бердиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!