Руслан Нуриддинов: Осиё ўйинларида ғолиб чиққандан кейин уйланаман

21 июнь, 18:40 976

Ўхшаш хабарлар

Руслан Нуриддинов: Осиё ўйинларида ғолиб чиққандан кейин уйланаман

 Рио-2016 ёзги Олимпия ўйинларида оғир атлетика спорт тури бўйича Олимпия рекордини ўрнатган Руслан Нуриддинов Sports.uz ахборот портали меҳмони бўлди. Суҳбатимиз давомида Руслан Нуриддинов ўзининг биринчи мураббийи ҳақида, спортга бўлган муҳаббати, эришган ютуқлари ва эришмоқчи бўлган шоҳсупалари, бўш вақтини қандай ўтказиш режаларию, нималарга қизиқиши ҳақида ва шахсий ҳаётга ҳам тўхталиб ўтди.

Суҳбатимиз жараёнида шунга амин бўлдикки, Руслан Нуриддинов самимий, очиқ кўнгил, қатиъятли, камсуқум, ҳазилкаш инсон экан.

– Руслан Нуриддинов шу чўққига эришишида биринчи мураббийининг хизмати қандай?

Муваффақиятга эришишда, авваламбор, оиланинг,ота-онанинг ўрни катта. Спортга кириб келишимга катта акам сабабчи бўлган. Акамдан олдин оилада спортчи бўлмаган. Тоғам туфайли акам спортга кириб келган. Кейинчалик мен ҳам безори бўлмай деб акамнинг орқасидан спортга борганман. Биринчи мураббийимга келсак, у киши машҳурлик орқасидан чопмаган. Аслида ўзимга узоқ бўлган қариндошларимдан бири. Биринчи мураббийим оламдан ўтган. Ўша пайтлар мен яшаган Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида спортга Тошкентдагидек шароит бўлмаган. Оғир атлетика учун яхши шароитлар Чирчиқда эди. Асосий терма жамоага тушиш, яхшироқ ҳаракат қилишим учун биринчи мураббийимнинг ўзлари Тошкентга олиб келган. Кейин мен Республика Олимпия захиралари коллежига ўқишга кирганман. Спортчи бўлиб танилишимга шу инсон  сабабчи бўлган. Лекин афсуски, улар Риода ўтказилган Олимпиададаги ютуғимни кўришга улгурмай, 2007 йил вафот этган.

– 3-4 йил аввал оёғингиздан олган жароҳатингиз Олимпиадада безовта қилмадими? Қолаверса, биздаги маълумотларга кўра, Риодан аввал овқатдан заҳарланишни бошдан ўтказган экансиз. Бу ҳолнинг таъсири қандай бўлди?

Кўриб турганингиздек, Риодан олтин олиб қайтдим. Олимпиадада икки асосий рақибим иштирок этолмад: бири Россиядан, бири Қозоғистондан. Шунинг учун ҳам максимал даражага чиқишга мажбур бўлмадим. Кўзлаган натижамни кўрсата олдим.

– Риода Давид Беджанян, Иля Илин каби асосий рақибларингиз иштирок этишмади. Улар бўлганида рақобат қандай кечарди?

Рақобат анча бошқача бўларди. Уларнинг асосий устун томони силтаб кўтариш машқида. Иккинчи йўналиш, силтаб кўтаришда иккиси ҳам анча қийинчилик туғдиришган бўларди. Мен рақибларимга қараб ўзимни тайёрламаганман. Ҳар доим штангага, вазнга қараб ва ўзимнинг кучимга, аҳволимга қараганча тайёрлаганман.

– Олимпиададан кейин дам олишлар қандай кетаяпди? Хонободда бўлдингиз, Қозонга ҳам бориб келдингиз. Эндиги режалар қандай?

Энди ёзнинг қолган қисмини ўзимизда, жаннатмакон Ўзбекистонда ўтказмоқчиман. Чунки бизнинг ёз барибир бошқача. Биласизми, менда олдин ёзни дам олиш учун ўтказиш имконияти бўлмас эди. Ҳозир эса бунга ҳамма шароитлар бор.  

– Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз, умуман ҳоббиларингиз ҳақида айтиб беринг.

– Ухлашни яхши кўраман (кулади). Биз спортчилар дам олиш нималигини анчадан бери билмаймиз. Бу йил спортга кириб келганимга 18 йил бўлади. Охирги ўн йил давомида бирор маротаба ёзда дам олганим йўқ. Энди дам оламан, бўш вақтларим кўп бўлади. Лекин дам олишга келганда, қандай режалаштиришни билмаяпман.

– Сизни караокени ёқтиради, деб эшитганмиз. Ўзингиз севиб ижро этадиган қўшиғингиз қайси?

Шахрам, ярамас, сотиб қўйдими(кулади)? Тўғри, қўшиқ куйлаш ёқади. Лекин, овозим унчалик етмайди. Етмаса ҳам Севара Назархоннинг “Улуғимсан, ватаним” ҳамда “Нола” гуруҳининг “Хоҳ инон, хоҳ инонма” қўшиғини эшитиб, бирга куйлаш ёқади. Уларни тингласам жўшқинланиб кетаман. Рус эстрадасини эса деярли эшитмайман. Инглиз эстрадасидан Эминем, Жеймас Артурни тинглаб тураман.

Nuriddinov Ruslan

– Сизни Олимпияда шоҳсупасида ҳам кўрдик. Энди куёвлик шохсупасида қачон кўрамиз?

Ҳозир энг биринчи режамда менда йўқ бўлган Осиё ўйинлари олтин медалини қўлга киритиш турибди. Осиё ўйинлари медалини қўлга киритгандан кейин, худо хоҳласа, уйланиш учун вақт топилади. Буёғини кейин ўйлаб кўрамиз.

– Рио Олимпиадасидан кейин ва бутун 2017 йилда спорт мусобақаларидан четда юрибсиз. Бунчалик катта таътил кейинчалик тикланишингизга таъсир қилмайдими?

– Спорт билан шуғулланаётган даврда уч кунлик дам олиш бир ойлик машғулотларда йиғган спорт формангизни ювиб кетади. Албатта, уч кун шундай таъсир кўрсатгандан кейин бир йилни ўйлаб кўраверинг. Лекин дам олишнинг ҳам ўзига яраша ижобий томонлари бор.

– Энди сизни қайси мусобақада кўрамиз?

– Режамнинг биринчи ўрнида Осиё ўйинлари турибди. Ушбу мусобақага шу йил ноябрь ойидан машғулотларни бошлаймиз. Ундан олдин жамоа билан реабилитация қилиш учун бир ойча чет давлатга чиқиб келамиз. Ҳозир реабилитация қилиш учун Мюнхенга бориш ҳақида ўйлаяпман. Сабаби олимпиададан олдин шу шаҳарга борганман ва жуда катта ижобий таъсир қилган. Одатда кўпроқ Анталияга январда борар эдик. Ҳаттоки, бир йилда 7 марта бориб келган вақтларимиз ҳам бўлган. Чунки у ернинг ўртача об-ҳавоси биз оғир атлетларга тўғри келади.

– Фаолиятингизни тугатиш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

– Олдин бўлган. Лекин мен қанчалик кўп йиқилсам, яна шунчалик олға боришга ҳаракат қиламан. 2006 йил спортдаги ҳаётимда оғир вазиятлар кўп бўлган. Ҳатто, ўша йили мураббийимларимни кетма-кет алмаштиришга тўғри келган ва бундан роса қийналганман.

Nuriddinov Ruslan

– 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадада Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоасини қадай тасаввур қиласиз?

Қизларга кўпи билан тўртта лицензия берилади. Қизларимиз иккита ё учта лицензияни қўлга киритиши бу биз учун қўйилган планка. Болалардан биринчи ўринда энди ўсиб келаётган Рустам Жангабоевни тилга олган бўлардим. Рустам ёш бўлишига қарамай яхши натижалар кўрсатмоқда. У ҳақиқий оғир атлетикачи. Унинг феъл-атвори оғир, босиқ. Асаб тизими штангистлар учун идеал даражада яхши ҳамда унда ўсишга катта потенциал бор. Умид қиламанки, Эфремов Иван ҳам кейинги олимпиадагача машғулот олиб бориб, Олимпиадада терма жамоа таркибида бўлади. Иван яқинда Осиё чемпионатига бориб келди. Ҳозир эса машғулотлар билан банд. Бизнинг орқамиздан энди ўсиб келаётган ёш вакиллардан Фарҳод Собиров, Адҳамжон Эргашев ва Шаҳзод Худойберганов. Булар кучли истеъдодлар учлигини ташкил этади. Уларда ўсиш бор ва анча кўзга кўриниб боряпди. Улардан ташқари Достонжон Ёқубов ҳам асосий номзодлардан бири бўлиши мумкин.  Улуғбек Алимов ҳам яхши номзодлардан бири. Ҳозир терма жамоа таркибига кириш ҳар қачонгидан қийинроқ. Ҳаттоки, силтаб кўтариш бўйича 180 кг қила оладиган бола ҳам таркибга киролмаяпди.

 – Эшитишимизча, яқинда бизнес бошлаган экансиз. Сир бўлмаса қандай?

Фақатгина ўзим эмас. Акаларим билан биргаликда ютуқ пуллари бекорга кетмаслиги учун қишлоқ хўжалигининг боғдорчилик йўналишида иш бошладик. Тошкент вилояти ва Андижонда фермер хўжалигини очдик. Ҳозирда шунинг юмушлари билан ҳам овораман.

Мароқли суҳбатингиз учун раҳмат!

Шаҳзода АБДУЛЛАЕВА суҳбатлашди