Рустам Тўлаганов: Боб Арум билан шартнома имзолаганим ёлғон!

8 август, 08:40 937

Рустам Тўлаганов: Боб Арум билан шартнома имзолаганим ёлғон!

 

Бокс бўйича Рио Олимпиадаси совриндори Рустам Тўлаганов Бразилиядаги муваффақиятидан сўнг, мана бир йил ўтибдики, ҳали рингда кўриниш бергани йўқ. Албатта, ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари халқаро миқёсдаги мусобақаларда салмоқли ғалабаларга эришаётган пайтда  Рустамнинг улар орасида эмаслиги кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

Мухлислар орасида “Рустам катта спортдан кетибди”, “Рустам профессионал боксга ўтди”, “Боб Арум билан шартнома тузди”, деган гап-сўз урчиди. Ҳатто айрим оммавий ахборот воситалари ҳам бу ҳақда ахборот тарқатиб улгурди.

SPORTS.uz ахборот портали Рустам Тўлаганов билан суҳбат уюштириб, вазиятга ойдинлик киритди.

- Рустам, кейинги пайтда нима сабабдан рингга чиқмаяпсиз?

- Тўғрисини айтсам, Олимпия ўйинларидан кейин боксдан, умуман спортдан дам олишга қарор қилдим ва танаффус олдим. Бу қарорга аслида Риодаги сўнгги жанг тугаши билан келгандим. Олимпиададан кейин бор эътиборимни оиламга қаратдим. Оддий одамлар орасида юриб, кўп нарсани ўргандим. Турли ишларда ишлаб кўрдим.

Боксчиларимизнинг Риодаги юксак натижасидан сўнг бизга эътибор кучайиб кетди. Турли учрашувлар, тадбирлар, рекламалар, роликлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбат ва кўрсатувлар. Мен сокин ҳаёт тарафдори сифатида бунақа давраларда қатнашишни кўп ҳам истамайман. Чунки, спортчи режимга амал қилиши шарт. Кетма-кет бўладиган тадбирлар, съёмкалар бунга ҳалақит беради. Спортчи турли банкету тадбирларда эмас, машғулот залларида тер тўкиши керак. Шунинг учун, ўзимни четга олдим. Боримни оиламга бағишлашни истадим. Келажакдаги режаларни ўйлаб олиш учун ҳаваскор боксни тўхтатдим. 

- Боб Арумга қарашли “TOP RANK” промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаганингиз ростми?

- Айрим сайтларда ва газеталарда тарқатилган бу хабарни эшитиб ҳайрон қолдим. Бирор журналист мен билан боғланмаган. Шартнома ҳақида ҳеч ким билан гаплашмаганман. Фақатгина “Юлдузли оқшом” кўрсатувида профессионал боксга ўтиш ниятида эканимни айтганман  холос.

Бир газета мени “TOP RANK” аъзосига айлантиришдан ташқари, машҳур футболчига ҳам чиқарибди. Ҳар ҳолда шундай ёзибди. Мен футбол ўйнамайман. Роса жаҳлим чиқди. Журналистнинг савияси ҳам шу даражада бўладими? Нега ўзим билан боғланиб, бир оғиз сўрамайди? Миш-мишларга ёки кимдандир эшитганига асосланиб, халқ эътиборига нотўғри ахборотни ҳавола қилаверадими? Мен ижтимоий тармоқлардан фойдаланаман. Агар кимдир мурожаат қилса, албатта, жавоб қайтараман. Агар журналистлар алоқага чиққанида ҳам вазият қандайлигини ўзим айтардим. Тўқишга ҳожат қолмасди.

-   Ўзи профессионал боксга ўтишга қачон қарор қилдингиз?

- Аслида беш-олти йил олдин профессионал боксга ўтаман, деб юрардим. Лекин ҳаваскорлар боксида ҳам ўзимни кўрсатгим келарди.

- Лекин ҳаваскорлар ўртасида ўзингизни кўрсатишингиз қийин бўлди. Кўпинча жароҳат туфайли муҳим жангларни бой бергансиз. Бунга сабаб нима?

- Ўзим ҳам ҳайрон қоламан. Муҳим учрашувлар олдидан кўп жароҳат оламан ёки шамоллаб қоламан. Бундан бўлмаган тақдирда ҳакамлар қарорининг қурбони бўлган пайтларим бўлган. Хусусан, Олимпия ўйинлари ярим финалида Евгений Тишченкога ютқазмадим. Буни ҳамма кўрди. Майли бронза медаль ҳам мен учун қадрли. Айниқса, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасидаги бу совринни катта машаққатлар ва меҳнат эвазига олдим. Олимпиада вақтида ҳам қўлимдаги жароҳат қаттиқ безовта қиларди. Кечалари кўзда ёш билан Худодан ғалаба сўрардим. Шукрки, ниятимга етдим.

Қолаверса, Риодаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясига биринчи медални тақдим этганим мени руҳимни кўтариб юборди. Мени табриклашга келган спортчиларимизга: “Акалар-укалар, сизлар бронза медаль олманглар, бронза медаль нақд, энди олганларинг олтину кумуш бўлсин, деб айтгандим”. Натижа қандай бўлганини ҳамма билади.

- Жароҳат ва адолатсиз қарорлар оқибатида боксни ташлаш истаги бўлмаганми?

- Бўлган. Бир марта боксни ташлаганман ҳам. 2014 йили Осиё ўйинлари чорак финалида  қозоғистонлик Антон Пинчукни енгган эдим. Ҳакамлар унинг қўлини кўтаришди. Нима бўлганини тушунмай қолдим. Рингдан тушиб, қўлқопни отиб юбордим. Тошкентга қайтгач, уйдан чиқмай ётдим. Отам мендан нима бўлганини сўрадилар. Қанча ҳаракат қилсам ҳам мақсадга етолмаётганимни, адолатсизлик оғир ботганини айтдим. Отам: “Майли, ўғлим ўзинг биласан, лекин боксчининг борар жойи спорт зал”, дедилар. Эътибор бермадим. Ўша пайтларда бўлажак рафиқам билан учрашиб юрардик. У доим тўғри маслаҳат берарди. У ҳам бир куни “Рустам ака, мен биламан, сумкангизни елкага олиб, залга борасиз”, деб қолди.

Орадан икки ой ўтди. Отам: “Ўғлим, боксчи сифатида неча пул ойлик олаяпсан?”, деб сўрадилар. Ҳайрон бўлдим. Одатда буни ҳеч сўрамасдилар. Нега сўраганларига қизиқдим. Отам “Маош олиб, ҳеч нарса қилмай ётиб бўлмайди, жавоби бор”, дедилар. Бу гаплари қаттиқ таъсир қилди.

Ўша пайтлар тинмай телевизор тагида ётардим. Бир фильм кўрдим. Машҳур хоккейчи Валерий Харламовга бағишланган ушбу кино боксга қайтишимга туртки бўлди. Киноқаҳрамонга ҳавас қилдим. Мен ҳам юксак натижалар билан халқ ишончини қозонишни дилга тугдим. Шу-шу машғулотларда янада жиддий ишлай бошладим. Натижа ёмон бўлмади. Узоқ кутган совринлар кетма-кет келди. Мухлислар мени таний бошлади. Бир куни севгилим билан тўйдан олдин овқатлангани ресторанга бордик. Қўшни столда ота-онаси билан ўтирган болакай мени олдимга келди: “Сиз Рустам Тўлагановсиз-а?”, деди ва менинг зарбаларимни кўрсатиб берди. Кейин бирдан: “Ада, ойи, қаранглар Рустам Тўлаганов хотини билан ўтирибди”, деб бақириб юборди. Атрофдаги ҳамма бизга қараганидан хижолат бўлсамда, аслида кичик мухлисимдан ич-ичимдан хурсанд эдим.

- Олимпия ўйинлари совриндорларига профессионал бокс промоутерларидан мўмай даромадли таклифлар бўлади. Бунга қандай қарайсиз?

- Олимпия ўйинларида энг кучли спортчилар ўз юрти шарафини ҳимоя қилади. Шунинг учун ҳам промоутерлар ўзларига мос боксчи қидиради. Тўғриси, менга ҳам АҚШдан катта даромад ваъда қилинган таклиф бўлганди. Лекин оилавий шароитимни инобатга олиб, бу таклифни қабул қилмадим. Ҳатто қизиқиб ҳам кўрмади. Сабаби Олимпиададан кейин уйланишни режалаштиргандим. Ўзбекчиликда оила ҳамма нарсадан устун туради. Шунга бор эътиборимни шу масалага қаратдим. Қолаверса, промоутерлардан яна таклиф бўлишини билардим.

- Таклиф бўлдими?

- Ҳа-да. Бир нечта таклиф бўлди. Мен Фазлиддин Ғоибназаров шуғулланаётган “TOP RANK” билан ишламоқчи бўляпман. Лекин журналистлар ёзганидек, шартнома имзолаганим йўқ. Бу ҳақида биринчи бўлиб мана сизга айтяпман. Қолаверса, визани ҳам куни кеча олдим. Аввал мен АҚШга бориб, шароит ва шартлар билан танишиб, кейин шартнома имзолайман ва келишувга эришсак, ўзим бу ҳақида хабар бераман. Тошкентда туриб, Америкадаги компания билан шартнома тузмайманку.

- Сафарга қачон чиқасиз?

- Шу ой ичида АҚШга боришим керак.

- Агар шартнома имзоланса, жанг қачон бўлади?

- Йил охиригача икки-учта жанг ташкил қилишимиз керак.

- Яна қандай янгиликлар бор?

- Мен 91 килограмм вазнда рингга чиқардим. Лекин жуссам бу вазнга тўғри келмайди. Гарчи тана тузилишим бақувват бўлса-да, бу вазнга бўйим пастлик қилмоқда. Профессионал боксда бу катта қийинчилик туғдиради. Мутахассислар билан маслаҳатлашиб, вазн ташладим. Шу пайтгача 26 кило вазн йўқотдим. Профессионал рингда 79 килограмм вазн тоифасида жанг қиламан.

- Профессионал рингда қайси боксчимизнинг имкониятларини юқори баҳолайсиз?

- Фазлиддин Ғоибназаров кўп нарсага эришиши мумкин. Чунки у меҳнаткаш ва софдил йигит. Бировга ғайирлик қилмайди. Насиб қилса, тез кунларда у билан кўришамиз.

- Рустам, профессионал рингда ҳам кўзлаган мақсадларингизга етинг.

- Раҳмат. Фаолиятимда янгилик бўлиши билан сайтингиз орқали мухлисларга бу ҳақида албатта маълум қиламан.

- Самимий суҳбат учун раҳмат.    

SPORTS.uz