Сабина Шарипова: Мен учун теннис биринчи ўринда, футболда эса терма жамоамиз мухлисиман


Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Сабина Шарипова 2016 йилги теннис мавсумидаги муваффақиятларини янги йилда ҳам давом эттиришни мақсад қилган. SPORTS.uz ахборот портали ўзбекистонлик мухлисларни ушбу ажойиб спортчимиз билан яқиндан таништириш учун Сабина Шарипова иштирокида махсус интерью уюштирди. Ўз навбатида Сабина вақтдан унумли фойдаланишни кўзлаб сайтимиз мухбирларини ўзи машғулот ўтказаётган кортга таклиф қилди.

Сабина Шарипова – 1994 йилнинг 4 сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Саккиз ёшидан теннис ўйнайди. Теннисдаги фаолияти давомида Халқаро теннис федерацияси таснифидаги тўққизта мусобақанинг яккалик баҳсларида, учта турнирнинг жуфтлик беллашувларида бош совринни қўлга киритган.

Сабинанинг отаси Алфред Шарипов футболчи сифатида Бухоро, Самарқанд, Тошкент шаҳри ва хорижнинг профессионал футбол клубларида тўп сурган. Онаси Динара Шарипова енгил атлетика билан шуғулланган.

Ота-онангиз спортчи бўлганини биламиз ва бизга нега Сиз айнан теннисни танлаганингиз қизиқ?

Дарҳақиқат, оиламизда спортга катта эътибор қаратилади. Шунинг учун ота-онам ўзимни синаб кўриш ва бўш вақтимни мароқли ўтказишим учун болалигимдан теннисга беришган. Нима учун айнан теннисга олиб келишгани мен учун қоронғу. Билганим шуки, теннис ўйнаш менга ёқиб қолди ва ўзимни бундан бошқа спорт турида тасаввур қилолмайман. Мен фақат теннисни дейман.

Айниқса, ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этганим теннисга бўлган қизиқишимни оширди. Кўплаб халқаро мусобақалар, жумладан “Катта дубулға” туркумига кирувчи дунёдаги энг нуфузли тўрт турнир – Австралия очиқ чемпионати, Ролан Гаррос, Уимблдон ва АҚШ очиқ чемпионатларининг ўсмирлар ўртасидаги беллашувларида яхши ўйин кўрсата олганман. Қизлар рейтингида дунёда 12-поғонагача кўтарилганим ўзимга бўлган ишончни оширган ва катта теннисда нималаргадир эришишим мумкинлигига ишона бошлаганман.

Кейинги йилларда Сиз асосан Халқаро теннис федерацияси (ITF) таснифидаги мусобақаларда кўп иштирок этяпсиз. Нега Аёллар теннис уюшмаси (WTA) турнирларида кам кўринасиз?

ITF мусобақаларида кўпроқ қатнашишимнинг асл сабаби бу турнирларда мен асосий тўрда ўйнайман. Менинг рейтингим ITF таснифининг мукофот жамғармаси 50000, 75000 ва 100000 АҚШ доллари бўлган энг нуфузли турнирларида асосий тўрда ўйнаш имконини беради. Қолаверса, бу турнирларда босқичдан босқичга ўтишда кўпроқ рейтинг баллари ишлаб олиш мумкин. WTA турнирларини эса саралаш босқичидан бошлашимга тўғри келади. Мураккаб саралаш ўйинларида кўп балл жамғариб бўлмайди.

Спортда, айниқса, теннисда кўпинча бирданига муваффақиятга эришиш имконсиз. Теннисчи босқичма-босқич ривожланиб, ўйинини кучайтириб боради. Муҳими, ўз олдига тўғри мақсад қўйиш ва унга тинимсиз интилиш. Спортчи мақсадига етиши учун ҳар жиҳатдан тайёр бўлиши керак. Менинг ҳам ўз йўлим бор. Мен танлаган тактика аввал ITF мусобақаларида рейтинг балларини жамғариб, кейин WTA турнирларининг асосий тўридан жой олишга ҳаракат қилишдан иборат.

Шу ўринда, Сабина Шарипова танлаган тактика ўзини оқлаганини айтиб ўтиш лозим. Истеъдодли теннисчимиз 2017 йилнинг дастлабки кунларида эълон қилинган рейтинг жадвалига кўра, фаолиятидаги энг юқори ўрин – 148-поғонадан жой олди. Бу Сабинанинг 2016 йилни муваффақиятли ўтказгани билан боғлиқ. Зеро, истеъдодли теннисчимиз 2015 йилнинг охирида жаҳон рейтингида 237-ўринда қайд этилганди.

Сабина, биз ўтган йилги мавсум сиз учун омадли бўлди, деб ҳисоблаяпмиз. Ўзингиз-чи?

Тўғри, якунланган мавсумни барқарор ўтказишга муваффақ бўлдим. Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Хитойдаги халқаро турнирларнинг яккалик баҳсларида бош совринларни қўлга киритдим. Қатор мусобақаларда ярим финал ва финалларда ўйнадим. WTA турнирларида ҳам аввалги йилларга қараганда яхшироқ натижа қайд эта олдим. Учрашувларда қимматли рейтинг очколарини қўлга киритдим ва жаҳон рейтингида сезиларли даражада юқорига кўтарилдим. Бу очколар мени WTA таснифидаги мусобақаларнинг асосий тўрига яқинлаштиради. Бу мен учун янги босқич бўлади.

2017 йилда эса кўпроқ WTA турнирларида иштирок этишни режалаштиряпман. Мавсум мен учун “Катта дубулға” туркумига кирувчи биринчи турнир – Австралия очиқ чемпионатидан бошланади. Йил давомида “Катта дубулға”нинг қолган уч турнири - Ролан Гаррос, Уимблдон, АҚШ очиқ чемпионати, Санкт-Петербург, Дубай, Доҳа, Куала-Лумпур ва Тошкентдаги WTA турнирларида қатнашаман.  Шунингдек, бу йил жаҳон рейтингида кучли юзликка киришни мақсад қилганман. Биламан, бу осон бўлмайди. Лекин мен мақсад сари интилишдан тўхтамайман.

Сабина, теннисда, умуман спорт оламида дўстларингиз борми?

Теннисчи қизларнинг барчаси билан илиқ муносабат ва дўстона алоқада бўлишга ҳаракат қиламан. Лекин ҳозиргача спорт ичида ишонган ва суянган дўст орттира олмадим. Сабаби теннисда ҳамма бир-бирига рақобатчи ҳисобланади. Ҳаётда эса Комила деган дугонамга қаттиқ ишонаман. У ҳам илгари теннис ўйнаган ва бир-биримизни яхши тушунамиз.

Кимга ҳавас қиласиз ва машҳур теннисчилардан кимга қарши ўйнашни истайсиз?

Фаолиятимни бошлаган вақтда Мария Шарапованинг ўйин услубига қизиқар эдим. Лекин ҳозир мен ўз ўйинимни шакллантирдим ва бошқаларга ҳавас қилмайман. Мен ўзимнинг жисмоний ҳолатим, имкониятим ва салоҳиятимдан келиб чиқиб, ўз ўйинимни ривожлантириб боришим керак.

Албатта, теннисда жаҳон рейтингида кучли йигирмаликка кирган ҳар қандай теннисчи билан ўйнашни истайман. Илгари кучли юзликка кирган ракетка усталарига қарши ўйнаганман.  Рейтингнинг юқори қисмида турган ракетка усталаридан кўп нарса ўрганса бўлади. Шу ўринда, жаҳон теннисида кўплаб ютуқларни қўлга киритган Серена Уильямс ва Мария Шарапова билан ҳам кортда учрашишни орзу қиламан.

Теннисда Сиз учун ноқулай рақиб борми?

Тўғрисини айтсам, менга кортда тўрнинг нариги томонида ким турганининг фарқи йўқ. Ҳар бир учрашувда ўз ўйинимни кўрсатишга катта эътибор бераман. Баъзан ютаман, баъзида мағлубиятни тан олишга тўғри келади. Рақибларнинг кимлигига қараб ўйнашга ўрганмаганман. Кейин бутун дунёда теннисчилар жуда кўп. Бир қизга қайта-қайта дуч келиш ҳолати деярли учрамайди. Шунга бирор ракетка устасини мен учун ноқулай рақиб, деёлмайман.

Ютуқ ва мағлубиятни қандай қабул қиласиз?

Спортда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён туради. Ютқазганимда айбни ўзимдан қидираман ва мағлубиятдан ўзига яраша сабоқ чиқариб, уни тез унитишга, кейинги турнирларга пухтароқ тайёрланишга ҳаракат қиламан.

Ғалабани ҳам оддий қабул қилиш керак. Аслида теннис турнирлари тақвими ютуқларни узоқ нишонлашга имкон қолдирмайди. Битта мусобақада ғолиб чиққан бўлсак, эртасига бошқасига етиб бориш учун йўлга тушамиз.

Йил давомида бир неча мамлакатга борасиз. Ёш қизга бу оғирлик қилмайдими?

Сафарларда менга отам ҳамроҳлик қиладилар. Менга оилам кўп ёрдам беради ва қўллаб-қувватлайди. Уларсиз ҳозирги натижаларга етиша олмасдим. Албатта, дунё кезишнинг мароқли томонлари билан бирга ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор. Самолётда узоқ учиш, бошқа мамлакат об-ҳавоси, иқлим ўзгаришлари, соатлардаги фарқ инсонни чарчатади. Лекин бу менинг ҳаёт тарзимга айланди. Спортни танлаганимдан кейин буларга кўникишим керак. Ҳозир сафарларда юришни анча ўрганиб олдим.

Сабина, отангиз Алфред Шарипов профессионал футболчи бўлган. Футболга муносабатингиз қандай?

Мен Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларини катта қизиқиш билан томоша қиламан. Ўзимга Сервер Жепаровнинг ўйини ёқади. Кўпинча уйда отам футбол кўраётган бўлади. Мен ҳам баъзан томошага шерик бўламан. Илгари “Реал”га ҳам мухлислик қилганимни тан оламан. Отам “Челси”нинг мухлиси. Шунингдек, Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси мени ғалабалар билан табриклаб туради.

Фаолиятингизни ҳозиргача бўлган қисмидан қониқасизми ва келажакда қайси турнирларда ғалаба қозонишни истайсиз?

Фаолиятимдан ўзим қониқаман. Секин-аста кўзлаган мақсадларимга етиб келяпман. Йилдан-йилга ўйиним ўсяпти. Янги йилдаги энг катта мақсадим жаҳон рейтингида кучли юзликка кириш эканини айтдим. ITF турнирларида бир неча маротаба ғолиб чиқдим. Энди навбат WTA турнирларида ҳам бош совринни қўлга киритиш ва “Катта дубулға” турнирларида ишончли ўйин кўрсатишга келди. Бу жуда мураккаблигини ҳам биламан. Лекин ортга чекиниб бўлмайди. Ғалаба учун тимнимсиз меҳнат қилиш керак.

Сабина SPORTS.uz ахборот порталига интервью беришга вақт топганинг учун катта раҳмат.

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткачиси Сабина Шарипова янги мавсумни теннис оламининг энг нуфузли тўрт турниридан дастлабкиси – 16 январдан старт оладиган Австралия очиқ чемпионатининг саралаш беллашувларидан бошлайди. Биз мухлислар номидан истеъдодли теннисчимизга омад тилаймиз!

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!