Садриддин Сайматов: Мақсадим Олимпия ўйинлари ғолиби бўлиш

Бугун сиз азиз мухлислар эътиборига Sports.uz инетернет карате (WKF) бўйича бир қатор турнирлар ғолиби Садриддин Сайматов билан суҳбатни ҳавола этади.Садриддин Сайматов: Мақсадим Олимпия ўйинлари ғолиби бўлиш

– Салом Садриддин! Сиз спортга қачон ва ким сабабли кириб келгансиз?

– Ассалому Алайкум! Мен каратега онам сабабли 10 ёшимда кириб келганман. Биз онам билан Сурхондарё вилояти баркамол авлод марказига ёш журналистлар тўгарагига бораётган эдик. Ўшанда тенгдошларимнинг карате билан шуғулланаётганини кўриб очиғи ҳавасим келди. Буни сезган онажоним тўгарак мураббийи Ўктам Бекпўлатовга мени топширди.

– Журналист бўламан деб карате спорт турига келиб қолганингизда нималарни ҳис этингиз?

– Очиғи бошида унчалик қизиқмадим. Бироқ устозим Ўктам ака биз яқинда Самарқанддан келдик. У ерда мусобақа бўлиб ўтди. Шогирдларимдан бир нечтаси ғолиб бўлди деб айтдилар. Бу эса менга ушбу спорт турига меҳр уйғотди ва олдимга менга дунё кезиб, ғолиб бўламан деган мақсадни қўйдим. Худога шукр барча мақсадларга эришмоқдаман.

– Кўплаб мусобақаларда татамига чиққансиз. Айтингчи рақибингизга қарши ўтаётганда нималарни ўйлайсиз?

– Албатта ҳар бир спорт турида барча рақибига қарши жангда ғолиб бўлишни ўйлайди. Мен эса энг аввало уни ҳурмат қилишни, кейин эса ғалаба қозониш ҳақида ўйлайман. Карате шу жиҳатлари билан бошқа спорт турларидан ажралиб туради.

– Қийин вазиятларга тушиб қолсангиз ундан қандай чиқасиз? ҳаётда ва спортда.

– Спортда тинимсиз меҳнат ва ўз кучимга бўлган ишонч орқали чиқаман. ҳаётда эса ўз шиорим бор. « Мен қолган инсонларда икки ҳисса кўпроқ меҳнат қилишим, ўйлашим ва сабрли бўлишим керак». Бу шиор мени кўп қийинчиликлардан олиб чиқади.

– Улкан зафарларни қўлга киритишингиз нимадан деб биласиз?

– Менинг ғалабаларим остида кўп йиллик меҳнат ётибди. Қолаверса, мамлакатимизда спорт билан шуғулланиш учун яратилаётган шароитлар ва ота-онам ҳамда Ўзбекистоннинг шарафи ётибди. Бундай шараф ва имкониятлар мени доимо ғалаба сари етаклайди.

– Сиз бошқа спорт турларига ҳам борганмисиз?

– Ҳа, бокс, миллий кураш, дзюдо ва енгил атлетика билан шуғулланганман. Лекин каратеда уларнинг барчаси мужассам. Шу сабабли ҳам мазкур спорт туридан кетмайман.

– Энг кучли рақибингиз ким?

– Менинг рақибим фақат бир одам. У ҳам бўлса ўзим.

– Энг катта ғалаба сиз учун қайси?

– Мен Олимпия ўйинларида ғалаба қозонишни хоҳлайман. Унгача Осиё ўйинларида ғалаба қозонишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

– Самимий суҳбат учун раҳмат.

– Арзимайди. Мени суҳбатга чақирганингиздан беҳад шодман.

Маълумот учун: Сайматов Садриддин Сирожиддин ўғли 1997 йил 28-июльда Сурхондарё вилояти Шерабод туманида туғилган.

Ўзбекистон терма жамоа аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси Садриддин Сайматов 10 йилдан буён спортнинг карате (WКФ) тури билан мунтазам шуғулланиб келади.

Садриддин Сайматов эришган ютуқлари:

9 карра Ўзбекистон чемпиони (2009-2017 йиллар давомида);

7 карра Ўзбекистон кубоги ғолиби (2009-2015 йиллар давомида);

Уч карра Ўрта Осиё чемпиони(2013-, 2015-, 2016-йилларда);

Уч карра Осиё чемпиони (2013-, 2015-, 2016-йиллар), 2012-, 2014-, 2017-йилларда Осиё чемпионатининг кумуш медаль соҳиби;

2015 йилда Доҳа (Қатар)да ўтказилган «Тҳе 4тҳ Қатар Интернатионал Карате Чампионшип» ғолиби;

2015 йилда Дубай (БАА)да ўтказилган «Тҳе 4тҳ Ал-Аҳли Дубаи Опен» Премиер-Лига мусобақаси ғолиби;

2015 йилда Жакарта (Индонизея)да ўтказилган жаҳон чемпионати иштирокчиси;

2016 йилда Тайланд давлати пойтахти Бангкокда ўтказилган «Карате-До» йўналиши бўйича Тайланд очиқ чемпионати - 2016” («Тҳаиланд Опен Карате-До Чампионшип - 2016») ғолиби;

2016 йил Португалияда ўтказилган Талабалар ўртасидаги Жаҳон Универциадаси 3-ўрин соҳиби;

2017 йил янаварда Францияда ўтказилган «Париж очиқ чемпионати» («Парис Опен») Гранд-Приси Премиер-Лига мусобақаси ғолиби;

2017 йил март ойида Роттердам шаҳри (Голландия)да ўтказилган «Дуч-Опен» Гранд-Приси Премиер-Лига мусобақаси ғолиби;

2017 йил апрел ойида Дубай (БАА)да ўтказилган «Дубай-Опен» Гранд-При ўйинлари Премиер-Лига мусобақаси ғолиби;

2017 йил май ойида Озарбайжоннинг Баку шаҳрида ўтказилган «Ислом бирдамлик ўйинлари» олтин медаль соҳиби;

2017 йил сентябр ойида Германия давлатида Жаҳон Карате Федерацияси Конгрессида «60 кг» вазн тоифасида Садриддин Сайматов - дунёнинг энг яхши спортчиси дея эътироф этилди.

2017 йил Испания давлатининг Тенерифи шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида кумуш медаль соҳиби.

Садриддин Сайматов ҳозирги вақтда дунё рейтингида ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллаб дунё рейтингини бошқармоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!