Саломов ёки Самасса? “Т-Тим” бош мураббийи қайси футболчини танлайди?
Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ аъзоси Шавкат Саломов Малайзиянинг "Т-Тим” жамоаси кўригидан ўтмоқда.
Жамоа таркибида ўтган йилги мавсумни аъло даражада ўтказган Макан Конате тиззасидаги жароҳат сабаб ўтган ҳафта жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказди. Натижада жамоа бош мураббийи Раҳмат Дармаван ярим ҳимоя ва ҳужумдаги бўшлиқни тўлдириш учун, "Марсел" клубининг собиқ ҳужумчиси Мамадоу Самасса ҳамда ўтган мавсумни "Бухоро" клуби сафида ўтказган Шавкат Саломовни "Т-Тим” машғулотларига жалб этди.
Ҳозирга қадар "Т-Тим” клуби уч нафар хорижлик футболчи билан шартнома имзолаб бўлган. Улар малилик ҳимоячи Абдулҳай Юсуф Майга ҳамда ўзбекистонлик икки нафар футболчи Дилшод Шарофетдинов (ярим ҳимоячи) ва Фарҳод Тожиевдир (ҳужумчи).
Малайзия лигасида иштирок этадиган клублар фақатгина тўрт нафар хорижий футболчини ўз сафларига қўшиб олиш имкониятига эгадир. Шу сабабли "Т-Тим" бош мураббийи қолган биргина имкониятдан унумли фойдаланиш мақсадида, Шавкат Саломов ва Мамадоу Самассадан қай бирини танлаш ҳақида ҳалигача ўйламоқда.
- Якуний қарорга келиш ҳалигача қийин бўлмоқда. Яқин кунларда жамоа бош мураббийи ўз қарорини маълум қилади ва барчаси ойдинлашади, дейди - жамоанинг ёрдамчи мураббийи Моҳд Азҳари Салим.
Фикрлар