Самбочиларимиз АҚШдаги турнирда жами 8 та медални қўлга киритишди, 4 таси олтин

Нью-Йорк шаҳрида самбо бўйича кадетлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида АҚШ очиқ чемпионати бўлиб ўтди.

Мазкур турнирда Канада, Ўзбекистон, Эрон, АҚШ ва Қозоғистон давлатларидан 96 нафар самбочилар турли ёш ва вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Аёллар ўртасида 52 кг вазн  тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Нилуфар Раҳмонова финалда канадалик Юлия Каноплинага имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан тақдирланди.

Шунингдек, эркаклар ўртасидаги беллашувларда икки нафар спортчимиз Алибек Абдуев (-82 кг) ва Олимжон Норов (-100 кг) бронза медаллари билан тақдирланишди.

Турнирнинг жанговар самбо йўналишида эса Бахтиёр Норов (68 кг), Нурали Бакирдинов (-74 кг) ва Алибек Абдуев (-82 кг) барча рақибларидан устун келган ҳолда олтин медалларга эга чиқишди.

Самбо бўйича халқаро спорт усталари ўртасидаги қарама-қаршиликларда Убайдулла Тоиров 62 кг вазнда кумуш медалини қўлга киритган бўлса, +100 кг вазнда Шуҳрат Юсупов канадалик Оливер Байронни мағлуб қилиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Шундай қилиб, вакилларимиз ушбу мусобақада жами 4 олтин, 2 кумуш ва 2 бронза медалини қўлга киритишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!