Самвел Бабаян: Таиланд келажаги бор жамоа

 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронга қарши ЖЧ–2018 саралаш баҳси олдидан бугун, 6 июнь куни Тошкентда Таиланд термаси билан куч синашди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Бугун бир қатор янги футболчиларни синовдан ўтказдик. Ҳимоядаги ўйинимиздан қониқиш ҳосил қилдим, асосийси гол ўтказиб юбормадик. Ҳужумда ранг-баранглик яратишга интилдик. Ҳужумдаги салоҳиятимиз яхши, лекин вазиятлардан унумлироқ фойдаланиш керак. Рақиб ҳимояда позицион ва умуман тартибли ўйин намойиш эта олишини кўрдик.

Таиланд ўйинини ўрганиб чиқдик. Ўйин бўлишини билардик, Осиёда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Таиланд хам Осиёнинг кучли жамоаларидан бири. Жамоа ЖЧ саралашида муваффақиятсиз қатнашаётган бўлса ҳам, унинг келажаги бор. Терма жамоани жуда кучли ва ҳурматга сазовор мутахассис бошқаряпти. Кўриниб турибдики, уларнинг салоҳияти юқори.

Эронга қарши ўйинга таркиб ва тактика борасида ўйлашга бироз эрта ва бугунги ўйинни таҳлил қилиб, камчиликларни баратараф этишимиз керак. Ўйин сифати бўйича саволлар бор. Таркибдаги айрим етакчи футболчиларимиз сўнгги бир ой давомида ўйин амалиётисиз эдилар. Уларни доимо темпда ушлаб туриш учун машғулот олиб боришларини истадик. Умид қиламанки, расмий учрашувларгача улар ўз формаларини тиклаб олишади”, – деб Самвел Бабаян сўзларидан иқтибос келтиради ЎФФ матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз,  ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 8-турида Ўзбекистон 12 июнь куни сафарда Эрон меҳмони бўлади. Таиланд эса “B” гуруҳи 8-турида 13 июнь куни БАА термасига қарши кураш олиб боради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!