Самвел Бабаян Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларга тайёргарлик дастурини тасдиқлади

23 июнь, 14:45 2298

Самвел Бабаян Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларга тайёргарлик дастурини тасдиқлади

 

Бош мураббий Самвел Бабаян раҳбарлик қилган йиғилишда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасидаги Хитой ва Жанубий Корея билан ўйинларга тайёргарлик дастури тасдиқланди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Дастурга кўра, миллий терма жамоа аъзолари 17–23 июль кунлари хорижда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади. Йиғин доирасида 2 та назорат ўйинини ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, йиғинда янги футболчиларни синовдан ўтказиш масаласи устувор вазифа сифатида кун тартибига киритилган.

Миллий терманинг кейинги йиғини августнинг охирги ўн кунлигида бошланади. Терма жамоа аъзолари 20 августдан эътиборан йиғинга киради. 24 ёки 25 августда Тошкентда ўртоқлик учрашувини ташкил қилиш кўзда тутилган. Айни пайтда Ўзбекистон Футбол Федерацияси Жануби-шарқий Осиё жамоалари билан ўртоқлик учрашувини ўтказиш борасида музокаралар олиб бормоқда.

31 август куни Вухан шаҳрида Хитой термасига қарши бўлиб ўтадиган ЖЧ–2018 саралаш ўйинига Ўзбекистон терма жамоаси 28 августда жўнаб кетишни режалаштираяпти. Делегация Хитой билан ўйинни тугатибоқ 1 сентябрь куни кечаси Тошкентга қайтиб келади ва 5 сентябрдаги Жанубий Корея билан ўйинга тайёргарлик кўради.