Санжар Турсуновнинг янги жамоаси ҳақида нималарни биласиз?

Украинанинг “Ворскла” клубидаги ёрқин ўйинлари билан нафақат Ўзбекистонда балки, Украинада ҳам севимли футболчилардан бирига айланган Санжар Турсунов фаолиятини яна Қатарда давом эттирадиган бўлди. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини “Умм Салал” сафида ўтказган 30 ёшли Турсунов бу сафар “Аль Харитият” жамоаси билан шартнома тузди.

Sanjar Tursunov

Хўш, Турсуновнинг янги жамоаси ҳақида нималарни биласиз?

Клуб тарихи

“Аль Харитият” жамоаси 1996 йилда “Аль Аҳли” номи остида ташкил этилган. Ҳозирги номини эса 2004 йилнинг 19 октябр санасида олган. Лақаби – “чақмоқлар”. Жамоа одатда кўк-оқ рангли либосларда тўп суради. “Ал-Харитият” Доха шаҳри шарафини ҳимоя этади.

Турсуновнинг янги жамоаси уй учрашувларини 12 минг кишига мўлжалланган “Аль Хор” стадионида ўтказиб келади. Клуб 2004 йил нуфузи жиҳатдан учинчи ўринда турувчи Иккикчи дивизионда ғолиб чиқади. “Аль Харитият” 2008 йилдан буён Қатар Юлдузлар лигасида иштирок этиб келади ва 2012 йилги мавсумда мамлакат вице-чемпионига айланган. Ўтган мавсумни жамоа чемпионатда 14 жамоа орасида 12 ўрин билан кифояланишди.

Турсунов янги жамоасида кимлар билан тўп суради?

Sanjar Tursunov

Қатар Юлдузлар лигасида легионерларга худди Ўзбекистондаги сингари 3+1 кўринишдаги чеклов қўйилган, бироқ барчамизга яхши маълумки Қатарда “маҳаллийлаштириш дастури” амал қилади. Жамоанинг бош юлдузи конголик Жереми Бокилядир.

Конго Демократик Республикасида туғилган ҳужумчи бу мавсумда маҳсулдорлик бобида шерикларига ўрнак бўлмоқда. Бундан ташқари эса юртдошларимизга яхши таниш бўлган Жаралла Аль Марри ҳам фаолиятини “Аль Харитият”да давом эттирмоқда.

Мураббий

Одатда барча араб жамоалари мураббийларни тез-тез алмаштиришлари билан ажралиб туради, жумладан “Аль Харитият” ҳам. Бугунги кунда “чақмоқлар”га тунислик Аҳмад Ал Ажлани мураббийлик қилиб келмоқда.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!