Санъат Шихов: Вадим Чемиртан охирги 3 йилда Ўзбекистонга келган энг яхши легионер

 

Ўтган мавсумни “Бухоро”да ўтказган Санъат Шихов SPORTS.uz сайти учун  махсус интервью берди.

Мазкур интервьюда футболчининг янги мавсумда қайси жамоа шарафини ҳимоя қилиши, олий лигадаги энг яхши легионер ва бошқа маълумотлар ҳақида билиб олишингиз мумкин.   

Саъант Шихов айни пайтда нима билан банд?

- Хабарингиз бор, “Бухоро”да бир неча кун олдин ўзгаришлар юз берди. Мен эса ҳозирда ўз формамни ушлаб туриш учун индивидуал тарзда шуғулланмоқдаман.

Раҳбарият ва мураббийлар штабида бўлган ўзгариш футболчиларга қанчалик таъсир қилди?

- Бу барча учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ҳамма карахт аҳволга тушиб қолди. Жамоа яхши натижа қайд этганди. Аммо клуб мутасаддилари нима учун бундай қарорга келишганининг сабабини билмайман. Умид қиламиз, бу ўзгаришлар яхшиликка бўлади.

Сўнгги пайтларда сизнинг жамоани тарк этганингиз, “Нефтчи” билан шартнома имзолашингиз мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалди...

- Тўғрисини айтаман, бу миш-миш. Чунки мен ҳеч қайси клуб билан музокаралар ўтказганим йўқ. Қолаверса, ўзим “Бухоро”да қолишни истайман. Бу 90 фоизга аниқ. Лекин олдиндан нима бўлишини айта олмайман. Қолган 10 фоизи менга боғлиқ томони эмас. Бироқ катта эҳтимол билан яна “Бухоро”да янги мавсумни бошлайман.

Сизга бирор бир клубдан таклифлар бўлдими?

- Албатта, бошқа жамоалардан ҳам қизиқишлар бор. Лекин “Бухоро”да қолишни мақсад қилганман.

Агар сизга Малайзия ёки Таиланддан таклиф тушса, бунга қандай жавоб берасиз?

- Ҳамма футболчи легионер бўлишни истайди. Мен ҳам ўз омадимни бошқа давлатда синаб кўришни хоҳлайман. Шунинг учун бундай таклиф тушса рози бўламан.

Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон чемпионати кучлими ёки Малайзия?

- Биласизми, Ўзбекистон чемпионати кучли, деб ўйлайман. Олий лигада техник имконияти юқори футболчилар жуда кўп. Шунинг ҳисобига ўзимизнинг чемпионатимиз савиялироқ.

Шу ўринда савол туғилади, агар футболчиларимизнинг техникаси юқори бўлса, нима учун вазиятлардан фойдалана олиш коэффициенти унчалик ҳам юқори эмас? Оддий мисол Игорь Сергеев.

- Бу аввало футболчининг ўйини қовушиши ёки вазиятлардан фойдаланишда омадга ҳам боғлиқ. Олий лигада техникаси юқори футболчилар кўп. Бу ўйинларда жуда сезилади. Уларнинг тўпни қандай қилиб ошириши, олдиндан вазиятларни ўқий билиши борасида айтиб ўтганимдек, футболчиларимизнинг имкониятлари юқори. Мисол учун бундай ўйинчилар сирасига Сервер Жепаров, Жамшид Искандаров, Шавкат Саломов ва Мурод Бобожоновни киритишим мумкин. Уларнинг ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.

Сергеев борасида тўхталиб ўтадиган бўлсак, у терма жамоамиз учун жуда муҳим футболчи. Кўпчилик уни танқид қилади. Гол ура олмаяпти деб. Аммо футболда фойдалик иш коэффициенти ҳам бор. Игорь айнан шундай футболчи. У тўпга охиригача югуради. Рақибга босим уюштиради. Оддий мисол, Жанубий Корея билан ўйинни олинг. Ҳамюртларимиз гол урган паллада Сергеевнинг хизмати катта бўлди. У югурмаганида, рақибга босим қилмаганида, гол бўлмасди. У гол урмагани билан бошқа томондан жамоасига фойдаси тегмоқда. Худди Карим Бенземадек. Бензема ҳам “Реал”да кўп гол урмайди. Аммо унинг ҳаракатлари эвазига бошқалар дарвозани ишғол қилади.

“Бухоро” ўтган мавсум яхши натижа қайд этди. Клуб тарихига кирди. Олий лигадан тушиб кетиш хавфида қолган жамоа қандай қилиб янги мавсумда ўзини ўнглай олди?

- Бу жамоадаги бирдамлик. “Бухоро” клубининг ички муҳити жуда яхши бўлган. Бу мураббийларнинг хизмати эвазига юзага келди. Жамшид Саидов ва Тачмурад Агамуродов жамоани яхши шакллантира олишди.

Тўғрисини айтсам, ўзим фаолият олиб борган охирги 3 та клубларда аҳл жамоа шаклланганди. “Динамо”, “Навбаҳор” ва “Бухоро”. Мен бу клубларда тўп тепганимдан хурсандман.

Ўтган йили олий лиганинг иккинчи даврасида “Бухоро”га Вадим Чемиртан келиб қўшилди. У жамоага яхши киришиб кетди. Бу борада ҳужумчининг ҳаракатларига қандай баҳо берасиз?

- Албатта, Чемиртан биз учун жуда яхши ҳужумчи. У жамоага керакли бўлган голларни урди. Тўп учун кураш борасида унга тенг келадигани йўқ. Гол сезиш қобилияти ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Лекин унинг битта минус жиҳати Вадим техника борасида унчалик ҳам мақтана олмайди. Аммо ҳужумчи қилиши керак бўлган вазифани бажара олади. Гол уради. Бош билан яхши ўйин намойиш қила олади.

Мана Чемиртан “Бунёдкор” билан шартнома имзолади. У “Бунёдкор”нинг қарши ҳужумга асосланган ўйинига мос кела оладими? Яъни у “Бухоро”да жамоавий ўйин эвазига голлар урарди.

- Аввало унга чин дилдан “Бунёдкор”да ҳам яхши ўйнаб кетишини тилаб қоламан. Чемиртанни “Бухоро”даги голларига эътибор берсак, бунда Шавкат Саломов ва Азиз Ибрагимов ва бошқаларнинг ҳиссаси катта. У Саломов ва Ибрагимовнинг хизматлари эвазига дарвозаларни кўп марта ишғол қилишга эришди.

Тўғри, “Бунёдкор” асосан қарши ҳужумлар остида ҳаракат қилади. Ўйлайманки, Вадим ҳам “қалдирғочлар”нинг ўйин услубига мослаша олади.

Олий лигадаги энг яхши легионер деб қайси футболчини кўрсата оласиз?

- Биринчи навбатда Вадим Чемиртан. Юқорида айтиб ўтганимдек, унинг голни сезиш қобилияти бор. Чемиртанни охирги 3 йилда Ўзбекистонга келган энг яхши легионер, деб айта оламан. Қолаверса, “Насаф”нинг хорижлик ўйинчилари Огнен Красич ва Драган Черанни ҳам айтиб ўтган бўлардим. Бу иккиси ҳам маҳаллий футболчилардан бир бош устун турарди. Тўпга қай тарзда зарба бериш, жамоадошларини қулай вазиятларга олиб чиқишда уларга тенг кела оладиган йўқ.

Қолаверса, биз ўтган йили “аждарлар” билан 4 бор тўқнаш келдик. 4 баҳсда ҳам бир очко ололмадик. Энг ёмон томони уларга гол ҳам ура олмадик. Бунда Красич ва Чераннинг хазматлари катта.

Ўтган мавсумда “Бухоро” учун қайси учрашув энг қийини бўлди?  

- “Насаф”га қарши 4 ўйинда бир очко ололмадик. Бу аламли учрашувлар бўлди. Қолаверса, “Машъал” билан бўлган 2 беллашув ҳам жуда қийин ўтди. Чунки ҳар икки баҳсда ҳам мағлуб бўлдик. Ўйинимиз қовушмади. Вазиятлар яратдик. Лекин гол ура олмадик. Муборакликлар эса 3-5-2 схемасида ҳаракат қилишди. Бу эса уларга ҳужум қиладиган жамоа учун катта қийинчиликлар туғдирди. Тўғрисини айтсам, мен 3-5-2 тактикасини жуда ёмон кўраман. Чунки ўзим бу схемага тўғри келмайман.

Олий лигада қайси клуб доим биринчи рақам остида ҳаракат қилади?

- Турнир жадвалининг юқорисида жойлашган барча клублар доим биринчи рақам остида ўйнашга одатланишган. Лекин сўнгги пайтларда натижалари бироз ёмонлашган “Пахтакор” олдингидек ҳаракат қила олмаяпти. Аммо улар доим рақибга ноқулайликлар туғдира олишади. “Бунёдкор” ҳам кучли жамоа. Леин улар қарши ҳужум тактикасидан фойдаланишади. Биргина “Локомотив” бир хил ўйин намойиш этди. Улар Бухородаги баҳсда ҳам доимгидек фаол ўйнашга интилишди. Аммо биз “Локо”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этдик.

Биз ҳам дастлаб биринчи даврада иккинчи рақам остида ҳаракат қилганмиз. Лекин ўйинларимиз яхши томонга ўзгариб, рақибларни мағлуб этганимиз сари мураббийлар штаби тактикани ўзгартиришди. Сўнгра рақиб ким бўлишидан қатъий назар доим ҳужум қиладиган жамоага айландик.

Бухоролик мухлисларга мурожаатингиз?

- Албатта, улар айни пайтда тушкун кайфиятдалар. Чунки жамоада катта ўзгаришлар рўй берди. Аммо улар озгина кутишлари ва сабр қилашлари керак. Чунки барча муаммоларнинг давоси бу вақт. Умид қиламанки, янги мавсум бошланса, ҳаммаси жойига тушиб кетади. Бу борада мен ҳам шунга ишонаман. 

Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, бухороликлардай мухлисларни ҳеч қаерда учратмаганман. Улар жамоа мағлубиятга учраганда ҳам доим қўллаб туришган. Бунинг учун уларга ўз миннатдорлигимни билдириб ўтаман.

                                                                                                                                                             Бекзод ИСАЕВ суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!