Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Еттинчи боб

3 апрель,2017, 12:00 587

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Еттинчи боб

 

Клубда ўзгаришлар шамоли эсарди, аммо ҳали фурсат етиб келмаганди. 2003 йилнинг ёзидан 2006 йилнинг май ойигача бўлган вақт менинг мураббийлик фаолиятимдаги трофейларга энг камчил давр бўлди. Биз 2004 йили Англия Кубогини, икки йил ўтгач Лига Кубогини қўлга киритдик. Аммо Премьер-лигада "Арсенал" ва "Челси" етакчиликни қўлдан бой бермасди.

Криштиану Роналду ва Уэйн Руни кучга тўлиб, жамоамизнинг ядросига айланишигача биз узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтдик. Биз таркибга маҳоратли ўйинчиларни жалб қилиб кўрдик, лекин, афсуски, бу жамоани кераклича кучайтирмади. Дэвид Бекхэм "Реал"га кетди, Верон "Челси"га ўтди. Бартезни Тим Ховард алмаштирди, Клеберсон, Эрик Жемба-Жемба ва Давид Белльонлар янги ўйинчиларимизга айланишди. Роналдиньо ҳам ушбу рўйхатдан жой олиши мумкин эди, аммо унинг трансфери амалга ошмай қолди.

Ўша вақтларни ёдга оларканмиз, ҳақиқатга тик қарамоқ лозим. Биз синалган ўйинчиларни харид қилиш йўлини танладик. Улар жамоамизда дарҳол ўз ўйинини топиб кетиши кўзда тутилганди. Мисол учун, 24 ёшли Клеберсон Бразилия терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионига айланганди. Верон жаҳон танийдиган нуфузли ўйинчи эди. Жемба-Жемба Францияда юқори даражада тўп сурарди. Ушбу трансферларнинг аниқ ва осонлиги мени ташвишга солди. Мен бу каби харидларни хуш кўрмайман, менга футболчини қийинчиликлар билан қўлга киритиш ёқади. Бу дегани, ушбу ўйинчи ҳақиқатдан ҳам сен учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини англатади. Ўйинчини сотаётган клуб бунга ашаддий тарзда қаршилик кўрсатиши менга маъқул келади. Бироқ, биз сотиб олган футболчилар енгил ўлжага айланишди.

Менда шундай туйғу пайдо бўлдики, худди биз мамлакатдаги ҳар бир дарвозабон билан шартнома имзолаётгандек. Биринчи мисол - Марк Боснич. Боснични сотиб олишимиз шунга боғлиқ эдики, кузда Петер Шмейхел мавсум тугаши билан жамоани тарк этиши ҳақида эълон қилганди. Ушбу қарор бизни шошириб қўйди, дарҳол унинг ўрнини тўлдириш шарт эди.

Биз Боснич билан январ ойида учрашдик. Унинг майдон ташқарисидаги ҳаракатларидан хабаримиз бор эди. Мен унинг машғулотларда қай тарзда ишлашини кузатиш учун одамларимизни жўнатдим. У мени ишонтириш учун ҳеч нарса қила олмади. Шу боис ўйлаб кўрдим ва Эдвин ван дер Сарга эътиборимни кўчирдим. Мен унинг агенти билан гаплашдим. Кейин эса Мартин Эдварс ёнига бордим ва ундан кутилмаганда шу гапни эшитдим:

- Кечирасану, Алекс, лекин мен Боснич билан ҳаммасини келишиб қўйдим.

Мартин Боснич билан шартнома тўғрисида келишиб қўйган экан. У энди фикридан қайтмасди. Лекин бу омадсиз трансфер эди. Боснич муаммога айланди. Унинг машғулотларда ишлаши ва жисмоний формаси клуб даражасига тўғри келмасди. Шунга қарамасдан, биз унинг ривожланиши йўлида катта кўламли иш бажардик. Ва у Қитъалараро кубогида "Палмерас"га қарши ажойиб ўйин кўрсатди. Ўша учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб Гиггзни эмас, Боснични тан олиш керак эди.

Кейинчалик, феврал ойида, бизни "Уимблдон"га қарши учрашув кутиб турарди. Ўша пайт Боснич овқатга ружу қўйганди. У сэндвич, шўрва, стейкларни тўхтамасдан истеъмол қиларди. Менюдан ҳеч воз кечмай, у от сингари овқатланарди.

Охири мен бошқа тоқат қилолмадим:

- Ўтиниб сўрайман, Марк, биз сенинг ортиқча вазнингни йўқотишимиз керак. Нега сен ҳамма нарсани еяверасан?

- Мен жуда очман, патрон! - жавоб қайтарди у.

Биз энди Манчестерга қайтиб келганмиз, Марк шу заҳотиёқ телефонда хитой ресторанига буюртма бермоқда.

- Сенда "меъёр" деган тушунча борми ўзи? - ғазабланардим мен. - Нима қилаётганингни ўзинг биласанми?

Лекин мен уни ўзгартира олмадим.

Петер Шмейхелдан ажралиш асоратсиз бўлмади. У дунёдаги энг яхши дарвозабон эди. Биз унинг ўрнини ван дер Сар  билан тўлдиришимиз зарур эди. Унинг агенти менга деди: "Шошилинг, чунки у "Ювентус" билан музокара ўтказмоқда". Лекин поезд кетиб бўлганди. Мен Эдвиннинг агентига бошқа дарвозабонни сотиб олганимизни айтишга мажбур бўлдим.

Мен ҳам Эдвинни, ҳам Боснични сотиб олишимга тўғри келарди. Биз Маркдан тез орада кўнглимиз қолди. Эдвин эса Шмейхелни ўрнини эгалларди, ва у бизнинг сафимизда токи мен фаолиятимни якунлагунимча ўйнаган бўларди. Мен Массимо, Таиби ва Бартезлар учун харажат қилмасдим. Фабьен яхши дарвозабон, лекин Франциядаги муаммолар унинг диққатини бир жойга тўплашга халал берди.

Кейинчалик биз ван дер Сар Шмейхелдан қолишмайдиган дарвозабон эканлигига амин бўлдик. Лекин улар орасида маълум бир фарқлар мавжуд эди. Шмейхел баъзида фантастик сейвлар амалга оширарди. Мўжизали онлар! "Товба, у қандай қилиб буни уддалади?" - ҳайрон бўлардим мен. Ван дер Сарга келсак, мен унинг оғир-босиқлиги, хотиржамлиги, йиғноқлиги ва тўп билан ишлаш қобилятини айтиб ўтган бўлардим. Бу дарвозабон маҳоратининг бошқача бебаҳо услуби эди. Эдвин атрофидагиларга ижобий таъсир кўрсатарди.

Ўз навбатида, "севги-нафрат" муносабатлари - бу Шмейхелнинг Стив Брюс ва Гари Паллистер билан бўлган муомаласи эди. У кўпинча дарвозадан чиқиб, бор овозда Брюсга бақирарди. Брюс эса унга жавобан айтарди:

- Жойинга қайт, йирик немис пироги!

Шмейхел қаттиқ ғазабланарди:

- Мен немис эмасман!

Шунга қарамасдан, улар майдон ташқарисида бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлишарди. Лекин ўйинларда Питер ўта қизиққон эди.

Йечиниш хонасида ван дер Сар жамоа ўйини ҳақида кескин гапириши мумкин эди. У кучли, ҳақиқий голландча овоз соҳиби эди. "Нимага имиллайсизлар?!" - бақирарди у жамоадошларига. Шмейхел ҳам жамоага бақириши мумкин эди. Мен охирги уч ўн йилликнинг энг яхши иккита дарвозабони билан ишлаганман, деб ўйлайман. Питер Шилтон ва Жанлуиджи Буффон энг улкан мақтовларга лойиқ, аммо мен учун Шмейхел ва ван дер Сар 1990-2010 йилларнинг энг яхши дарвозабонлари.

Питер Шилтон ва Жанлуиджи Буффон энг улкан мақтовларга лойиқ, аммо мен учун Шмейхел ва ван дер Сар 1990-2010 йилларнинг энг яхши дарвозабонлари.

Дарвозабоннинг ишида анчагина ижодкорлик бўлади. Улар учун энг асосийси - ирода. Голкиперлар нафақат сейв қилишни, балким ўз хатоларини сезишни ҳам билишлари керак. "Манчестер Юнайтед" дарвозабонида мустаҳкам характер бўлиши лозим. У қўпол хатолардан тўғри хулоса чиқара билиши керак. Шмейхелни сотиб олмасдан аввал, мен уни кўп кузатдим. Дарвозабонлар мураббийи Алан Ходжкинсон менга деди:

- У жуда ишончли ўйинчи. Уни олганимиз маъқул.

Бошланишида мен иккиландим, чет давлат голкиперлари Англия футболида ўйнаб кетармикан, деб. Шмейхелнинг илк ўйинларидан бири "Уимблдон"га қарши кечди. Рақиб футболчилари уни жуда кўп таъқиб қилди ва мунтазам равишта тирсаклари билан қўполлик ишлатди. Шмейхел жуда ғазабланарди. У ҳар сафар "рефери,рефери", деган ҳолда ҳакамдан ёрдам сўрарди.

Мен ушбу учрашувни кузатар эканман, унинг жамоада ўйнаб кетишига кўзим етмасди. Рефери баҳсдаги тўқнашувларни бартараф этишга улгурмасди. Бошқа бир ўйинда Петер узоқ бурчакка оширилган тўпга чиқиб борди, аммо улгурмади. Ли Чапман узатмани дарвозамизга жойлаб қўйди. Шмейхел Англия футболига токи мослашиб олгунича хатоларга йўл қўйди. Одамлар: "Бу қанақа бетартиблик дарвозада", деб айтишарди. Бироқ у жуда бардошли психикага эга эди. Петер тўпни ажойиб тарзда ўйинга киритарди.

Ван дер Сар бизнинг ҳимоямиздаги кўплаб ўзгаришларнинг гувоҳига айланди. Шмейхел бўлса ўзгармас тўртлик ҳимоячилари ортида дарвозани қўриқлади. Паркер, Брюс, Паллистер, Ирвин. Улар бирорта ҳам ўйин ўтказиб юборишмасди. Ван дер Сар марказий ҳимоячиларнинг турли хил бирикмаларига ва янги қанот ҳимоячиларига кўникишига тўғри келди. Бундай вазиятларда ҳимоя қўрғонини яхши ташкил қилиш борасида голланд дарвозабонининг хизматлари катта бўлди.

Ўша пайт бизнинг ижрочи директоримиз Питер Кеньон трансферлар учун маъсул ҳам эди. "Арсенал"нинг француз футболчиси Патрик Виейра биз қўлга киритмоқчи бўлган ўйинчилардан бири эди. Мен Питердан "Арсенал" билан боғланиб, Патрик тўғрисида суруштириб кўришини сўрадим. У алоқага чиқдим, деб айтди. Келаси куни Дэвид Дэйн ( "Арсенал" раҳбари ўринбосари) билан суҳбатда мен бу мавзуни очдим, у эса менга ҳайрон бўлиб қаради. Дэвид ўзини гап нима ҳақида кетаётганини англамаган киши бўлиб тутди. Улардан бири мени лақиллатган, мен ҳамон бу кимлигини билмайман.

Агентлар тинмай қўнғироқ қилишарди. "Менинг ўйинчим "Манчестер"да ўйнашни орзу қилади", дейишарди. Мен бундан шубҳа қилмайман ҳам. Улар "Арсенал", "Реал", "Бавария" каби бошқа машҳур жамоаларда тўп суришни ҳам орзу қилишади. Ўйинчилар катта клубларда ўйнашни, уларнинг агентлари эса трансферлардан катта даромад қилишни орзу қилишади. Айнан ўшанда бизнинг эътиборимиз Веронга қаратилди.

Жамоа ўзгариб борарди. Мураббий учун клубда ўзгаришлар бўлаётганини тан олиш ҳар доим ҳам осон эмас. Биринчи бўлиб бизнинг ҳимоя тўртлигимиз парчаланди. Кутилмаган ўзгаришлар сенинг Б планинг йўқлигини кўрсатиб қўяди. Кейинчалик мен бу каби янгиликларга олдинроқ тайёрланиб боришга одатландим.

Верон аъло даражадаги футболчи эди. Тан оламан, аргентиналик футболчилар билан ишлаш мен учун осон эмасди. Аргентиналиклар - ҳақиқий ватанпарвар инсонлар. Уларнинг кўз ўнгида доимо миллий байроғи кўриниб туради. Бу мен учун муаммо эмасди, аммо улар инглизча гапиришга ҳеч ҳаракат қилмасди. Верон фақатгина "Мистер" сўзини ўрганди холос.

Лекин у жуда ажойиб футболчи! У бизда бир нечта фантастик ўйинлар ўтказганига қарамасдан, мен жамоа ўйинида юксалишни сезмадим. Мен доим интилиб келган барқарорлик умуман йўқ эди. Бекхэм биздан кетди, Райан, Рой ва Полларнинг ёши ўтганди. Бизга келажак тараққиёти учун янгиликлар керак эди. Верон бизнинг ўйинимизга самарадорлик олиб кирган бўлса ҳам, у бизда ўйнай олмасди. Хуан индивидуалист эди. Агар машғулотларда "қизиллар" "кўклар" билан ўйнаса, у ҳар иккаласига қарши ҳаракат қиларди. У ҳар жойда пайдо бўларди ва ўзи хоҳлаган позицияда ўйнарди. Мен 100 йил ичида ҳам у учун майдонда позиция тополмаган бўлардим. Бир кун менга савол беришди:

- Сен ундан теран таянч ярим ҳимоясида фойдаланиб кўрмадингми?

Мен  шундай жавоб бердим:

- Қўйсангизчи! Мен уни бирор бир конкрет позицияда ўйнашига мажбурлолмаяпман. Ўйлайсизки, у сиз айтган нуқтада ўйнайдими?

Вақти-вақти билан Верон ўзига хос фазилатларини намоён этарди. Мавсумолди ўйинларнинг бирида у майдоннинг кичик қисмида бир неча кишини алдаб ўтиб, Ван Нистелройга голли узатма амалга оширди. Премьер-лигада у Бекхэмга оёқ кафтининг юза қисми билан ажойиб пас узатди, Дэвид эса тўпни дарвозабон устидан ошириб қўйди. Вероннинг салбий томонлари йўқ эди. Тезлик, техника, тўпни назорат қилиш, майдонни кўриш қобиляти - буларнинг барчаси унда мавжуд эди. У фақатгина жамоамизга мос келмасди.

Миш-мишларга қараганда, у жамоада бошқа ўйинчилар билан чиқиша олмаганмиш. Менимча, бу бўлмаган гап, чунки Верон ҳеч қачон ҳеч ким билан гаплашмасди. У шунчаки суҳбатлашишни ёқтирмасди.

Ишга келганимда, мен у билан сўрашардим:

- Хайрли тонг, Себа.

- Хайрли тонг, мистер.

Бўлди. Бошқа бир оғиз сўз ҳам эшитмасдим.

Биз Европада ўз ўйинимизни ўзгартиришга интилардик. Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятимиздан икки йил ўтиб, биз меҳмонда "Андерлехт" ва "ПСВ" билан учрашдик. Ҳар иккала ўйинни ҳам бой бердик, ҳар иккисида ҳам бизни қарши ҳужумда жазолашди. Биз ўзимизнинг анъанавий 4-4-2 схемамиздан фойдаланардик ва омадсизликка учрардик. Шунда мен ўйинчиларга ва мураббийлар штабига арз қилдим: "Агарда биз тўп билан яхшироқ муомала қилишни ва ярим ҳимояда ишончлироқ ўйин кўрсатишни ўрганмасак, муваффақиятсизликларимиз давом этаверади. Чунки рақиблар бизни ўрганиб бўлишган". Шунинг учун "Юнайтед" схемасини ўзгартирди ва ярим ҳимояда учта футболчи билан ҳаракат қила бошлади.

Ўткан ўн йилликда мен жамоани янгилар эканман, ҳар сафар ўзимга ёққан ўйинчилар билан шартнома имзолашга яқин қолардим. Мен Паоло Ди Каниони олиш учун кўп тер тўкдим. Шартнома деярли тайёр эди. У бизнинг таклифимизни қабул қилди, лекин кейинроқ янада кўпроқ маош сўради. Биз бунга рози бўлмадик. Кейинчалик эса Роналдиньо бизнинг қармоғимиздан чиқиб кетди. Бразилиялик футболчини жамоага олиб келиш учун қилинган ҳаракатлар "Юнайтед" ҳар доим машҳур ўйинчиларни ўзига жалб қилишга интилишини яна бир бор исботлади. Мен доимо шунга ўхшаш талантлар ортидан пойлаб юрардим. Менинг фикрлаш жараёним шундай эди: "Биз Бекхэм учун 25 миллион қўлга киритдик ва Роналдиньони 19 миллионга сотиб олсак бўлади".

Бир кун биз Америка турнесидан қайтаётгандик ва заправка учун Ньюфаундлендга қўндик. Миттигина база. Атрофда биттагина кулбача. Заправкани кутаётиб, бортпроводниклардан бири ҳаво алмашиши учун эшикни очиб қўйди. Девор олдида бир болакай "Юнайтед" байроғини ушлаб турарди. Бизга бортни тарк этишни тақиқлашди. Бизнинг қўлимиздан келгани фақатгина трапда туриб, ушбу ёш мухлисимизга қўл силтаб турардик.

Европага қайтгач, биз Португалияда тўхтадик. Ўша пайт Вероннинг трансфери амалга ошди. У Квинтон Форчунга "Челси"га ўтишини айтиб бўлганди. Мен уни 15 миллион фунтдан камига қўйиб юборишни истамасдим. "Челси" 9 миллион таклиф қилди. Мен рози бўлмадим. Лекин Португалияда Кеньон менга Веронни мен айтган нархга сотиб юборганини айтди. Кейинчалик лиссабоннинг "Спортинг" клубига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Криштиану Роналдуни Джон О'ши қўриқларди. Мен ҳамон ўшанда бақирганларимни эслайман:

- У билан пухтароқ ўйна, Шизи!

- Қўлимдан келмаяпти, - дерди у.

Клуб раҳбарларига мулкдор алмашиш даври айниқса қийин кечади. Ҳаммаси ўзгаради. Сен янги раҳбариятга ёқаркансанми? Балким улар янги мураббийни ёки директорни хоҳлаб қолишар? Клубни Глейзерлар сотиб олиши Дэвид Гилл учун энг қийин вазият бўлди. ОАВ эътибори пасаймади, клуб қарзи мавзуси янгиликлар сарлавҳаларида ҳали кўп чиқди. Лекин Дэвиднинг бухгалтерлик тажрибаси унга ушбу муносабатларда аз қотди.

Мен жамоани ёш талантлар доимо ривожланиб борадиган жой деб билардим. Ушбу мезонни қўллаш учун Гиггз, Скоулз, Невилл ва Рой Кингларни жамоада сақлаб қолиш муҳим эди. Улар "Манчестер"нинг ўзига хос пойдевори эди. Лекин жамоамизда бошқа клублардан ўйинчилар харид қилиш учун ҳам маблағ етарлича эди. Мисол тариқасида Эдвин ван дер Сарни келтириш мумкин. Эдвин менинг фаолиятимдаги энг яхши трансферлардан бири.

Эдвин менинг фаолиятимдаги энг яхши трансферлардан бири.

Янги Брайан Робсонни қидиришда биз Кинга дуч келдик. Эрик Жемба-Жемба ҳам потенциалли ярим ҳимоя ўйинчиси бўлиши мумкин эди. Мен унинг ўйинини кузатиш учун Францияга бордим, ва у жуда яхши таасурот қолдирди. Эрик ўйинни яхши тушунарди, рақиблар ҳужумини бошланмасдан туриб йўққа чиқарарди ва бор-йўғи 4 миллион евро турарди. Яна мен "Ренн" дарвозабони Петр Чехни кўз остимга олиб қўйдим. У ўшанда 18 ёки 19 ёшда эди. Лекин мен уни ҳали жуда ёш деб топдим.

Баъзан сиз битта ўйинчини қўлдан бой берасиз, лекин ундан умуман қолишмайдиган бошқа бирини харид қиласиз. Бир вақтлар биз Пол Гаскойнни қўлга киритолмадик, лекин Инсани сотиб олдик. Биз Алан Ширерни ўз томонимизга ағдаролмадик, лекин Эрик Кантона бизга қўшилди.

"Юнайтед" ҳар доим қидирувда. Бизда потенциалли ўйинчилардан иборат катта рўйхат мавжуд. Улар ҳар қандай йўқотишни ўрнини боса олади. Бизда доим жамоамизни тарк этадиган ҳар қандай ўйинчи ўрнига номзодлар бўлган. Кантона бизга 26 ёшида келди, лекин мен одатда ёшроқ ўйинчиларни кузатардим. Уэйн Руни ва Криштиану Роналду, мисол учун, жамоамизга келганда ҳали ўсмир эди. 2006 йилдан бошлаб биз ўйинчиларимиз кексайиб, форма йўқотишини олдини олишга ҳаракат қилиб келдик.

"Юнайтед"нинг афсонавий ўйинчилари Энди Коул, Дуайт Йорк ва Тедди Шерингемлар ёши ўтгач ўзларининг формасини йўқотишди. Биз 2006 йилги жаҳон чемпионатида Бразилия таркибида ажойиб ўйин кўрсатган Клеберсон билан шартнома имзоладик. У шартнома имзолангандан сўнг ҳамон ўз юртида ўйнаб юрди. Клебер шошилинч харидлар қандай хавф-хатарлар билан боғлиқлигини яққол наъмунаси. Биз Рой Кинни ўрнини босадиган ўйинчини қидирардик. Ўшанда биз Виейрага дуч келдик. Виейра Премьер-лигага кўниккан ҳақиқий етакчи эди. Рақиб жамоа мухлислари ҳамиша ҳақоратли қичқириқлар билан Патрикни жаҳлини чиқаришга ҳаракат қиларди. Бу уларнинг қўрқувини англатарди.

Клеберсон истеъдодли ўйинчи эди. Лекин ўйинчи сотиб олишдан олдин унинг характерини ва ўтмишини яхшилаб ўрганиш кераклигини яна бир бор англаб етдим. Бразиляликнинг трансфери жуда осон кечди. Мени эса кўнглим нимадандир ғаш эди. Бу йигит жамоамиз сафига келиб қўшилгач, бизга уни ўн олти яшар қизга уйлангани маълум бўлди. Унинг ўзи йигирма уч ёшда эди. Унинг рафиқаси ўзи билан бутун оиласини олиб келди. Португалиядаги мавсумолди турне чоғида нонуштага фақат ўйинчилар таклиф қилинганди, лекин Клеберсон ўзи билан қайнотасини ҳам олиб келди. У белгиланган қоидаларга амал қилмасди. У жуда зўр йигит, лекин инглиз тилини ўрганишни хоҳламади.

Унинг майдонда кўрсатадиган чидамлилиги ва техникаси ҳайратга соларди, лекин у ўз ўйинини топа олмади. Балким, терма жамоада ундан бошқа ролда фойдаланилгандир. У ерда Клеберсон тўрт ҳимоячидан олдинроқда ўйнарди, ва Роберто Карлос ёки Кафу ҳужумга ўтганида, ҳимоя хавфсизлигини таъминларди.

Сиз бу каби муаммоларнинг ечимини топишда доим хато қилишингиз мумкин. Энг яхши харидларимизни биз маълум бир режага таяниб амалга оширардик. Кўп йиллар давомида номзодлар ўрганилиб, улар ҳақида маълумотлар йиғиларди. Биз Криштиану Роналдуни сотиб олишимиздан олдин уни миридан сиригача ўрганиб бўлгандик. Рунининг ҳам орқасидан анча вақт кузатилганди, ва натижада у бизга 17 ёшида келиб қўшилди. Уэйнни клубга жалб қилиш мунтазам тарзда кечди - бу биз учун муҳим эди. Скаутларимиз ўз вазифаларини аъло даражада бажаришарди. Верон, Клеберсон ва бошқаларнинг трансферлари импровизация эди. Биз ўйламай қилинган ҳаракатлар эвазига хатоларга ҳам йўл қўйганмиз.

Бизнинг яна бир шошилинч харидимиз Жемба-Жемба матбуот босими туфайли ўйнай олмади, чунки уни юлдузли ўйинчи, деб ҳисоблашмади. ОАВ ҳар доим донгдор исмларни хуш кўрган ва танилмаган ўйинчилар орқасидан диққат билан кузатиб келган. Бошида журналистлар Веронни жуда яхши кўришарди, лекин Клеберсон ва Жемба-Жембага салбий муносабатда эди. Давид Белльон ҳали ёш эди, биз эса ундан зўр ўйинчи чиқишини кўзлардик. Унда яшиндек тезлик бор эди. У "Сандерленд"да тўп сурарди ва бизга қарши ўйинда заҳирадан майдонга тушди. Давид бизни тилка-пора қилиб ташлади. Биз у билан шу заҳотиёқ қизиқиб қолдик, чунки унинг "қора мушуклар" билан бўлган шартномаси ниҳоясига етиб қолганди. Агар биз уни янада синчиклаб ўрганганимизда, у жуда ҳам махфий ва уялчанг йигит эканлигини англаган бўлардик. Биз Бельльонни "Ницца"га бир миллион еврога сотиб юбордик, ва кейинчалик унинг "Бордо"га ўтишида ҳам ўз улушимизни олдик. Давид келажакда жамоамизнинг асосий ўйинчиси сифатида кўрилмаганди, у яхши нарх эвазига олинган қўшимча куч эди.

Роналду ва Рунининг трансферлари жамоамизда кескин ўзгариш ясади. Ўйин тақдирини ёлғиз ҳал қила оладиган бу икки футболчига биз муҳтож эдик. 2006 йили Патрис Эвра ва Неманья Видичларнинг харид қилиниши ҳам жуда катта аҳамиятга эга эди. Биз Видичда сезган илк сифат - бу унинг ботир ва довюрак эканлиги. Неманья тўп учун аъло даражада курашарди ва юқоридаги якка курашларда кўпинча устун келарди. Инглиз ҳимоячисига хос бўлган сифатлар. Вида ноябрдан буён ўйнамаган эди, "Блэкберн" билан бўлган илк ўйинда у зотилжам бўлиб қолай деди. Гап шундаки, у биз билан бирга мавсум олди тайёргарликни ўтиши керак эди.

Аввал Денис Ирвин тўп сурган чап қанот ҳимоясида биз бир муддат Габриэл Хайнцдан фойдаландик, кейин эса ушбу позицияда Патрис Эвра мустаҳкам ўрнашиб олди. У "Монако"нинг асосий ҳимоячиси эди. Эвра ўз жамоаси сафида Чемпионлар Лигасининг финалигача етиб борганди, лекин у ерда "Порту"дан мағлуб бўлганди.

Қанот ҳимоячиларини излаш - бу худди ноёб қушларни овлашдек мушкул иш. Биз Эврани илк бор кўрганимизда, у вингер позициясида ўйнарди ва катта тезлик соҳиби эди. Биз уни ҳужумда жуда яхши ҳаракат қилишини билардик. Эвра тезкор, юксак техникали ва иродали футболчи эди. Хайнце бўлса шу қадар шавқатсиз эдики, ҳатто ўз бувисини, балким, аяб ўтирмаган бўларди. У ғолибона характерга эга бўлиб, ҳимоя марказида ҳам ўйнай оларди. Ҳар иккала вазиятда ҳам биз танловда адашмадик.

"Юнайтед" мухлислари Патриснинг дебют ўйини "Истлендс"даги Манчестер дербисига тўғри келганини яхши эслашса керак. Ўшанда унинг ўйини бутунлай қовушмаганди. Унинг кўзларидан сўзсиз шу саволни ўқиса бўларди: "Мен бу ерда нима қилаяпман ўзи?" Лекин вақт ўтиши билан у мослашиб кетди ва лиганинг энг яхши чап қанот ҳимоячисига айланди. Бошқа бир томондан, ўша Хайнце ўзини ҳамиша ёлланма аскардек тутарди, ва менинг фикримча, у жамоани ташлаб қочиш учун пайт пойлаб юрарди. Бир йил клубда тўп сургач, аргентиналик ўйинчи кетиш истагини билдирди. Ўшанда биз "Вильяреал" билан ўйинга ҳозирлик кўраётгандик ва Валенсия яқинидаги ажойиб комплексга жойлашиб олгандик. Менинг ёнимга унинг агенти келди ва Хайнце жамоадан кетишни хоҳлаётганини айтди.

Хайнце ўзини ҳамиша ёлланма аскардек тутарди, ва менинг фикримча, у жамоани ташлаб қочиш учун пайт пойлаб юрарди

Келаси кун воқеалар бутунлай бошқача тус олди - у тирсак пайларига шикаст етказди. Биз унинг тезроқ тузалиб кетиши учун қўлимиздан келганини қилдик. Клуб унга ҳатто Испанияда даволанишига ҳам рухсат берди. У ерда Хайнце олти ойгача қолди ва сафимизга атиги битта ўйинга қайтди. Биз ҳақиқатан қўлимиздан нима келса қилдик, лекин у декабр охирида яна эски талаб билан мурожаат қилди - янги клуб ва янги шартнома. Жароҳати мутлақо тузалгач, аргентиналик ўйинчи ўзининг агенти билан бирга Дэвид Гиллнинг олдига жўнади. Маслаҳатлашиб кўргач, биз Габриельнинг кетиши ҳамма учун фойдали, деган хулосага келдик. Биз уни 9 миллион фунтга қўйиб юборишга келишдик. Хайнце тўғридан-тўғри "Ливерпуль"га йўл олди.

2004 йилнинг май ойида биз 7 миллион эвазига Алан Смитни харид қилдик. "Лидс" ўша пайтлар инқироз остонасида турганди, Девид Гилл менга Аланни 5 миллион фунтга қўлга киритишимиз мумкинлигини айтди. Смит менга доим ёқарди. У тўғри ҳаётий позицияга эга бўлган ажойиб характерли инсон эди. Алан ўнг қанотда, ярим ҳимоя марказида ёки ҳужум марказида ўйнай оларди - ҳақиқий универсал. Смит Марк Хьюзга жуда ўхшаб кетарди: буюк страйкер эмас, лекин жамоа учун ўта керакли ўйинчи. Кейинчалик биз уни "Ньюкасл"га 6 миллион фунтга сотиб юбордик. Алан доим ўз ишини виждонан бажарган ва кўплаб эсда қоларли ўйинларда қатнашган. Ўша жароҳатга келсак, бу мен ҳаётимда кўрган энг даҳшатли ҳодиса эди. Мен ўшанда у томон ошиққанимни яхши эслайман,  Алан эса процедура столида ётарди. Ливерпуллик доктор унга шу заҳотиёқ оғриқсизлантирадиган укол урди.

Унинг оёқ суяклари турли томонларга қараб турарди. Ўша пайт менинг ёнимда турган Бобби Чарльтон сесканиб кетди. Бу инсон ушбу лаҳзада Мюнхендаги ҳалокатни кўз ўнгидан ўтказди. Бошқа томондан, Алан ўзини хотиржам тутарди. Унинг тошдек қотган юзида шок ҳолати сезиларди. Мен уколлардан ниҳоят даражада қўрқардим. Шприц игнасини кўришим биланоқ даҳшатга тушардим. Кунларнинг бирида, ҳали Глазгодаги пабимда ишлаётганимда, кегани (Кега - пиво ёки бошқа алкогол ичимликлар сақланадиган металл идиш. SPORTS.uz) алмаштириб, буғ чиқармоқчи бўлдим. Насос штангини кўтарганимда, менинг елкамга каламуш сакраб чиқиб олди. Мен орқага сапчиб қочдим, ва штанга менинг юзимни тешиб ўтди. Бу воқеа асоратини сиз юзимдаги нотекисликларга эътибор берсангиз, ҳозир ҳам кўришингиз мумкин. Ҳамшира штангани менинг юзимдан суғуриб олди ва укол қилмоқчи бўлди. Лекин мен шу заҳотиёқ ҳушимдан кетдим.

Ҳамшира шундай деди:

- Ана холос, "Рейнжерс"нинг барваста ҳужумчиси ҳозиргина игнани кўриши биланоқ ҳушидан кетди.

"Рейнжерс"нинг барваста ҳужумчиси ҳозиргина игнани кўриши биланоқ ҳушидан кетди

Мен ўшанда ўлиб қолсам керак, деб ўйлагандим. Ҳозир эса Алан энг даҳшатли жароҳатлардан бирини бошдан кечираётиб, умуман хавотирланмасди. Бу Аланнинг ўта жасур инсон эканлигини англатади.

У ажойиб ўйинчи эди, ўз ишини доимо охиригача бажарадиган ҳақиқий профессионал. Топ-клубларда муваффақиятли тўп суриш учун унга етишмаган ягона ҳислат - бу юқори бажарувчилик маҳорати. Бизга "Ньюкасл"дан таклиф тушгач, уни қўйиб юбормасдан ўзга чорамиз йўқ эди.

Охирида биз ундан таянч зонаси ўйинчиси сифатида фойдаландик. У тўп учун аъло даражада кураш олиб борарди. Алан, қаерда бўлмасин, тўп учун курашда яхши ҳаракат қиладиган ярим ҳимоячи эди. У ҳужумда тўп сурганида, унга қарши ўйнаган ҳимоячиларга анча қийин бўлган. Лекин Алан Оуэн Харгривз сингари майдондаги бўшлиқнинг кўп қисмини ёпа олиш қобилиятига эга эмасди.

Луи Саа бизнинг яна бир муҳим харидимиз эди. Биз уни 2004 йилнинг январида "Фулхем"дан сотиб олдик. Бутун фаолияти давомида уни жароҳатлар тинч қўймади. Биз уни "Метц"да ўйнаб юрган вақтларида кузатиб бошладик. Скаутлар менга ушбу ўйинчи яқин келажакда кўплаб катта клублар эътиборига тушиши ҳақида хабар беришди. Кейинчалик у "Фулхем"га ўтди ва бизга қарши ўйинларда ўзини кўрсата олди. "Крейвен Коттедж"даги Англия Кубоги баҳсида у Уэс Браунни майдон марказида алдаб ўтиб, бизнинг дарвоза томон ғизиллаб кетди ва орқароққа голли узатма амалга оширди. Ўшандан бери биз уни диққат билан ўргана бошладик ва январда харид қилишга қарор қилдик.

"Фулхем" хўжайини Муҳаммад Ал-Файед билан ўтган музокаралар ўта қийин кечди. У ҳар бир вариантларни ўйлаб кўрди, ва биз Саадан яхшироқ ўйинчи тополмаслигимизни айтди. Натижада жамоалар 12 миллион фунтга келишди.

Менда ўйнаган барча ҳужумчилар орасида Саа энг истеъдодлилардан эди. Икки оёқда зарба бериш, иккинчи қаватда ўйнаш, куч ва тезлик бўйича у энг яхшилардан ҳисобланарди. У доим рақиб дарвозаси томон хавф туғдирарди. Аммо кейинчалик у кетма-кет жароҳатларга дуч келди. Луи майдонда борини бериб ўйнайдиган ажойиб йигит. Унинг йўқлиги жуда қийин кечди, чунки Саанинг тикланишига бир-икки ҳафта эмас, баъзан ойлар кетарди. У қанчалик истеъдодли бўлмасин, мен жамоа ўйинини унинг атрофида режалаштира олмасдим. "Мана менинг жамоам яқин икки-уч йилликка", дея олмасдим. Унинг сотилишининг асосий сабаби ҳам айнан шунда. Саа янги "Манчестер"нинг суянган тоғи бўлишга ҳали ёшлик қиларди, унинг жароҳатлари эса узоққа назар солишга имкон бермасди.

Вазият тобора қизғин тусга кира бошлади, ва у карьерасини якунлаш ҳақида ҳам ўйлаб қолди.

- Сен ҳали анча ёшсан, сен фақатгина жароҳатлар туфайли таслим бўлмаслигинг керак. Яна қайтиш учун тиришқоқлик билан ишламоғинг лозим. Бу ҳолат умрбод давом этмайди, - дедим мен унга.

Уни айбдорлик ҳиси қийнарди. Луи менга ва бутун жамоага панд бераяпман, деб ўйларди. У мендан узр сўраб хатлар ёзарди. Мен уни омади чопмаётганига, ва бундай ҳолатлар футболда кўп учрашига ишонтиришга ҳаракат қилдим. Шундай мисоллардан бири - бу Вив Андерсон. "Арсенал"да тўп сураётиб, Вив тўрт йил ичида атиги тўрт ўйинни ўтказиб юборганди. Ва уларнинг барчаси дисквалификация туфайли. Андерсон "Юнайтед"га ўтгач, фаолиятининг асосий қисмини даволаниш билан ўтказди. Биз уни эркин агент сифатида "Шеффилд Уэнсдэй"га қўйиб юбордик, ва у ерда Вив уч йил ичида бирорта ҳам учрашувни ўтказиб юбормади. Мен у билан ҳазиллашардим:

- Ўйлашимча, сен бизда ўйнашни унчалик хоҳламагандинг, тўғрими, Вив?

Лекин у "Юнайтед"нинг ашаддий мухлиси эди ва жамоага ёрдам беролмаётганидан жуда қайғуланарди, чунки у доим тиззасини даволаш билан банд эди.

Луи тушиндики, доимий жароҳатлар унга оптимал формасини тиклаши учун халал беради, ва у ўзини олдингидек айбдор ҳис қилмай бошлади. Карлуш Кейруш у учун махсус икки ҳафталик программа ишлаб чиқди, натижада у оптимал формага келиши керак эди. Биз унга ҳаммасини тушунтирдик, ва у тикланиш даврига шўнғиди. Муддати келгач, у майдонда "учадиган" бўлди. Жума кунги машғулотларда Саа тақим оғриғига шикоят қилди. Биз унинг организмини юқори сезувчанлигигини енга олмасдик, шунинг учун 2008 йили уни "Эвертон"га сотиб юбордик.

"Ирислар" бизнинг методимизни қўллашди ва Луининг ўзига ишончи ортиши учун, уни янги савияга чиқаришга уруниб кўришди. Балким, "Манчестер"даги каби оммавий босим йўқлиги унга қўл келгандир. У фантастик форвард эди. Сааниннг 2010 йилги Мундиалга чақирилмагани Франция аҳлини даҳшатга солса керак, деб ўйлагандим.

Ёш футболчилар мавзусидаги доимий баҳслар - темперамент. Улар етилиб чиқадими ёки жамоа талабларига жавоб бера олмайдими? Биз "Манчестер"нинг асосий жамоаси даражасигача етиб борган ҳар бир тарбияланувчимиз ҳақида барча маълумотга эга эдик.

Сен ўз характерингни ечиниш хонасида қолдиролмайсан. Характер туннель бўйлаб сизиб ўтиб, майдонда акс этиши лозим.

2003-2004 йилги мавсумсумда биз "енгиб бўлмас" "Арсенал"дан ортта қолиб, учинчи ўринда маррага етиб келдик. Лекин мавсум охирида Кардифда "Миллуол" устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Англия Кубоги соҳибига айландик. Роналду ўшанда ажойиб ўйин кўрсатди. У биринчи голни боши билан дарвозага жойлаб қўйди, қолган икки голга эса Ван Нистелрой муаллифлик қилди.

Ўша йил Жимми Дэвид автоҳалокатга учраб, оламдан кўз юмди. Жимми бор-йўғи 21 ёшда эди. У ўйинга тиниқ нигоҳ билан қарайдиган футболчи эди. Асосий таркибга кириш ва порлоқ карьера яратиш учун унда улкан имкониятлар мавжуд эди. Ўша вақт у "Уотфорд"да ижарада ўйнарди. Мен якшанба куни тонгда академиянинг ўйинига бормоқчи бўлиб тургандим, ва "сариқ армия" матчи бекор қилинганини айтишди. Биз ҳеч қандай маълумотга эга эмасдик. Фақатгина учрашув вақтида мен Жимми ҳалок бўлганидан хабар топдим.

У бўш келмайдиган йигитча эди ва мухлислар орасида катта шуҳрат қозонганди. Унинг дафн қилиш маросимида жамоанинг кўплаб ўйинчилари ва ишчилари иштирок этди. Икки йил ўтгач, тўйда қатнашаётиб, мен дежавюга ўхшаш бир нарсани ҳис қилдим. Фотографлар кетгач, менинг ёнимга руҳоний келди ва деди:

- Жиммининг қабрини бир зиёрат қилмайсизми?

У нима учун бундай деганини тушунмадим, аммо қалбан жуда таъсирландим. Кўнглим ғаш бўлиб қолди.

"Манчестер Юнайтед" ҳеч қачон Жимми Дэвисни унутмайди.

"Манчестер Юнайтед" ҳеч қачон Жимми Дэвисни унутмайди

Жавоҳир ОЧИЛОВ таржимаси

Ўхшаш хабарлар

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.