Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Истеъфо. Кескин бурилиш. Учинчи боб

25 март, 20:30 588

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Истеъфо. Кескин бурилиш. Учинчи боб

 

2001 йилги рождество байрами кечаси телевизор қаршисида ухлаб қолибман. Ошхонада бу пайт қўзғолон кўтарилган эди. Оиламиз одатда йиғиладиган жойда бизнинг ҳаётимизни ўзгартириб юбориши мумкин бўлган қарор муҳокамаси қизғин тусга кирганди. Меҳмонхонага асосий исёнчи кириб келди ва менинг оёғимдан тепиб уйғотди. Эшикда уч ўғлимнинг силуэтини кўрдим, улар бирдамлик ила қатор бўлиб турарди.

- Биз маслаҳатлашдик ва шундай қарорга келдик, - деди Кэти. - Сен нафақага чиқмайсан.

Мен бу гапларга бардош беришга ҳаракат қилдим ва вақтинча қаршилик кўрсатмасликка қарор қилдим.

- Биринчидан, сен соғ-саломатсан, иккинчидан, сен менга уйда халал берасан, учинчидан эса, сен ҳали жуда ёшсан, - Кэти ҳаммасини ўзи биринчи бўлиб изҳор қилди, ўғилларимиз эса уни ҳимоя қиларди. Ушбу шайкани шубҳасиз тили бир эди:

- Ота, аҳмоқлик қилманг. Сиз ҳали уларга керак бўласиз, сиз янгича "Юнайтед"ни барпо этасиз.

Мен беш дақиқа мизғиб олмоқчи эдим, натижада яна ўн бир йил ишлаб қўйдим.

Мен беш дақиқа мизғиб олмоқчи эдим, натижада яна ўн бир йил ишлаб қўйдим.

Менинг кетиш ҳақидаги қароримнинг асосий омилларидан бири 1999 йилги Чемпионлар Лигаси финалидан сўнг Мартин Эдвардс томонидан айтилган гап бўлди. Мартиндан сўрашди: "Агар Фергюсон мураббийликдан кетадиган бўлса, унга бошқа лавозимдан иш топиладими?". У шундай жавоб берди:

- Биз Мэтт Басби билан бўлган ҳолатни такрорланишини хоҳламаймиз.

Бу каби жавоб менга ёқмади. Бу икки замонни таққослаб бўлмайди. Менинг давримдаги қийинчиликларни ҳам ҳисобга олиш керак: агентлар, шартномалар ва пресса. Ҳеч бир онгли одам менеджерлик лавозимидан кетиб, бу нарсага аралашгиси келмайди. Шунинг учун мен ўйинларда қатнашиш ёки футбол савдосини ўрганишни хоҳладим.

Истеъфо ҳақида ўйлашга яна нима сабаб бўлди? Барселонадаги ўша сеҳрли оқшомдан сўнг мен ўзимни мураббийлик чўққисига чиққандай сездим. Олдинлари менинг жамоаларим Европа чемпионлар Кубогини ютмаганди. Агар сен ҳаётингнинг асосий мақсадини амалга оширсанг, ўз-ўзидан "яна бир бор бу натижага эриша оламанмикан" деган ҳаёллар пайдо бўлади.  Басби синдроми ҳақида Мартин гап очган заҳотиёқ, ҳаёлимга келган биринчи фикр: "Сафсатабозлик!", иккинчиси эса - "Олтмиш ёш кетиш учун яхши йил".

 

Демак, менинг миямда учта сабаб айланиб турарди: Эдвардснинг кўнгилсиз гаплари, мавҳум бўлиб турган Чемпионлар Лигасидаги навбатдаги ғалаба ва бахт қушини тутиш ҳаракатини унутишга ундаётган 60 рақами.

Мен мураббийликни ўттиз уч ёшимдан бошлаганман. Айтишим лозим, олтмиш ёш сизга қаттиқ таъсир қилади. Худди сиз бошқа хонага кириб қолгандай. Эллик ёшда ярим асир яшагандай ҳиз қилмайди киши ўзини. Ўн йилдан сўнг иддао қиласан:

- Тавба, мен олтмишга кирдим! Ва мен ўзимни олтмиш яшардек ҳис қилаяпман.

Лекин сизга ушбу хоналар орасидан ўтишга тўғри келади. Буларнинг ҳаммаси фаразий эканлигини, фақат сонлар ўзгаришини тушунишга тўғри келади. Ҳозир мен ўз ёшимни ўзгача ҳис қиламан, лекин ўшанда 60 ёш муҳим психологик тўсиқ эди. Бу сон менга ўзимни ҳали ёш ҳис  қилишимга тўсқинлик қиларди. Ўз соғлигимга бўлган ишонч ҳам йўқолди. Чемпионлар Лигасидаги ғалаба эса барча орзуларимга эришганимни ва энди мамнун ҳолда кетишим мумкинлигини англатарди. Бу менинг фикрларимнинг асосий катализатори эди. Лекин Мартин мени деярли хира бўлиб қолган шарпага таққослаганида, мен дедим:

- Бу қанақа ҳазил бўлди...

Албатта, қароримни кескин ўзгартиришим катта енгиллик бўлди, лекин мен ҳамон хотиним ва болаларим билан арзимаган нарсалар устида баҳслашишда давом этардим:

- Мен ҳаммасини клубга айтиб бердим, энди орқага йўл йўқ.

- Қўйсангчи, агар улар сени ҳурмат қилишса, қарорингни ўзгартиришинга имкон беради! - деди Кэти.

- Лекин улар янги бир кишини топган бўлса-чи?

- Қилган меҳнатингни инобатга олиб, улар сенинг қайтишинга имкон беради, - деди яна Кэти.

Кейинги кун мен Морис Уоткинсга қўнғироқ қилдим, у менинг янги қароримни эшитгач, кулиб юборди. Хэдхантерлар менинг давомчим билан келаси ҳафта учрашишни мўлжаллаб бўлишган экан. Ўйлашимча, "Манчестер"га янги мураббийлик учун улар Свен-Йоран Эриксонни танлашган, лекин бу фақат менинг тахминим.

Мориснинг кейинги қадами Роланд Смит билан шартнома имзолагани бўлди. У акционерлар жамиятининг раиси бўлди. Смит бир куни менга шундай деди:

- Мен сенга айтмаганмидим? Айтгандим-ку калтафаҳмлик қилаяпсан деб. Биз яна бу ҳақда гаплашиб олишимиз мумкин.

Роланд эркин ва доно инсонлардан эди. У бой ва мазмунли ҳаёт кечирарди. Мен унинг ёрдамига муҳтож эдим. Биринчи навбатда Роланддан менга янги шартнома керак эди. Ёзгача бу муаммони ҳал қилиш зарур эди. Мен истеъфога чиқишим санасини эълон қилганимда, хатога йўл қўйганимни англадим. Бошқалар ҳам буни тушунди. Бобби Робсон ўшанда менга деди:

- Нафақага чиқа кўрма.

Бобби ажойиб инсон эди. Бир куни оиламиз билан йиғилишиб ўтирганимизда, телефон жиринглади:

-Алекс, бу Бобби. Банд эмасмисан?

- Қаердасан? -  деб сўрадим мен.

- Уилслоудаман.

- Яхши, кел бизникига.

- Мен эшигинг олдида турибман, - деди у.

Бобби жуда бардам инсон эди. 70 ёшга кирган бўлсада, у "Ньюкасл"га қайтишни хоҳларди. Уни 2004-2005 йилги мавсумда ишдан бўшатишган эди. Ишсиз юриш Боббига хос эмасди, лекин у "Ньюкасл"ни бошқариш энди эришиб бўлмайдиган орзу эканлигини англай олмасди. Унинг бу ўжарлиги охиригача сақланиб қолди, бу нарса Боббининг қанчалик футболни севишини билдирарди.

Мураббийлик лавозимидан кетишга қарор қилганимдан бошлаб, мен режалар тузишни тўхтатдим. Қароримни ўзгартирганим заҳотиёқ калламда тасвирлар пайдо бўла бошлади. Мен айтдим: "Бизга янги жамоа керак". Ва мен яна кучга тўлдим ва ишга бўлган иштиёқим ортди. Мен скаутларга дедим:

- Келинг, яна бир бор зўр берайлик.

Биз кўтаринки руҳда ишлай бошладик, бу эса жуда ажойиб эди.

Мен ўзимда жисмоний муаммолар сезмасдим, менинг олдимда ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди. Раҳбарлик вақти сиз заиф бўлиб қолишингиз мумкин. Баъзида сизда "мени қадрлашармикан?", деган савол туғилади. Менинг дўстим Хью МакИлванни "Арена-ТВ" учун  Стейне, Шенкли ва Басбилар ҳақида ҳужжатли трилогия суръатга олди. Фильмларнинг асосий мазмуни шунда эдики, ушбу уч кимса клублари учун қанча тер тўкмасин, уларни барибир хафсаласини пир қилишарди. Джок менга клуб хўжайинлари ва директорлари тўғрисида шундай дерди:

- Ёдингда тут, Алекс, биз - улар эмасмиз. Бу уларнинг клублари, биз эса оддий бир ёлланма аскармиз холос.

"Улар" ва "биз" - ер эгалари ва қуллар

Джо буни чуқур ҳис этарди. "Улар" ва "биз" - ер эгалари ва қуллар.

"Улар" "Селтик"даги Джок Стейнга қилган беҳурматлиги нафақат кўнгилсиз воқеа, балким кулгули нарсадир. Уни бассейн бошлиғи қилиб тайинлашди. 25 та трофей ва бассейн бошқаруви.

Хизмат рўйхатинг қанча яхши бўлмасин, баъзида сен ўзингни ожиз ва ҳимоясиз ҳис қиласан. Охирги йилларда Дэвид Гилл билан алоқаларимиз яхши эди. Лекин мураббийда доимо омадсизлик қўрқуви мавжуд. Баъзан ҳар нарсага таййорсанг, фақатгина ўз ҳаёлларинг билан ёлғиз қолмасанг бўлди. Шундай кунлар бўлардики, мен оқшомлари билан ўз хонамда ўтирардим, ва ҳеч ким эшигимни тақиллатмасди, чунки мени банд деб ўйлашарди. Баъзан мен илтижо қилардим, кимдир эшигимни қоқсин деб. Майк Фелан ёки Рене Мёленстен ёнимга кириб, бир чашка кофе таклиф қилишини хоҳлардим. Мен ўзим излардим, кимга қалбимни очишни. Мураббийликда мана шундай яккаликка кўникишга тўғри келади. Ким биландир суҳбатлашишни хоҳлайсан, лекин ҳамма сени банд деб ўйлаб, халал бермайди.

Кундузги соат бирларгача эшигим ёнида мени кўришни истаётганлар доим йиғиларди: академия ёшлари, менинг котибим Кен Рамсден ва асосий жамоа ўйинчилари. Улар менга ҳатто оилавий муаммоларини ишонарди. Мен ҳар доим ўйинчиларни тушунишга ҳаракат қилардим, ҳатто улар чарчоқ чиқариш учун таътил сўраса ҳам.

Агар ўйинчи мендан таътил беришимни сўраса, демак айтарли сабаб бор, чунки ҳеч ким "Юнайтед"да машғулотларни ўтказиб юборишни хоҳламайди. Мен уларга бўлган ишончимни кўрсатиш мақсадида , ҳеч қачон рад этмасдим. Агар қандайдир қийинчиликлар туғулса, уларни ечимини топишга ёрдам берардим.

Мен 100 фоиз Алекс Фергюсонга ўхшайдиган инсонларни учратганман. Мисол учун - Лес Кершоу, Джим Райан ва Дэйв Бушелл. Лесни мен 1987 йили Бобби Чарльтон маслаҳати билан жамоага олиб келганман. У Боббининг футбол мактабларида ва "Кристал Пэлас"да скаут бўлиб ишларди. Лес ҳеч қачон бир жойда турмасди, ғайрат билан ишларди ва тинмай гапириб турарди. У менга якшанба куни соат олти яримда қўнғироқ қилиб, скаутлик топилдиқлари ҳақида хабар бериши мумкин эди. Агар уни тўхтатишга ҳаракат қилмоқчи бўлсангиз, у янада тез гапира бошларди. У Манчестер Университетида кимё профессори эди. Дэйв Бушел мактаб жамоасини бошқарарди, мен уни Джо Браун кетгач олдим. Джим Райан мен билан 1991 йилдан буён ишлаб келган. Майк Фелан ўйинчи эди ва менинг ёрдамчимга айланди. У 1995 йилда биздан кетиб, 2000 йилда мураббий сифатида қайтди. Пол МакГиннес жамоага келганимдан бери мен билан эди. У "Юнайтед"нинг собиқ ўйинчиси ва устози МакГиннеснинг ўғли эди, ва ўзи ҳам футболчи бўлган. Мен уни академия мураббийи қилиб тайинладим.

Одатда бош мураббий ўзи билан бирга ёрдамчиларини ҳам жамоага олиб келади. "Юнайтед"да сал ўзгача, чунки менинг ёрдамчиларим юқори квалификацияга эришиб, бошқа клублар нишонига айланарди. Масалан, менинг ёрдамчим Арчи Ноксни Кубок соҳиблари кубогига икки ҳафта қолганида "Рейнжерс" илиб кетди.

Мен ўзимга асосий ёрдамчи топишим керак эди. Нобби Стайлз менга Брайан Киддни тавсия қилди. Брайан клубни биларди ва маҳаллий скаутлар тармоғини янгидан қурди. У бу ишга ўзининг эски танишларини жалб этди. Ғоят зўр муваффақият! Шунинг учун мен Брайанни ишга олдим. У буни аъло даражада уддалади, ўйинчилар билан яқинлашди ва ажойиб машғулотлар ўтказди. Кидд Италияга А Серияси жамоаларининг ўйинларини кузатишга бориб келгач, у ердан уларнинг фалсафасининг бир қисмини ўзи билан олиб келди. У 1998 йил "Блэкберн"га кетмоқчи бўлганида, мен ундан сўрадим:

- Умид қиламанки, сен нима қилаётганингни тушуниб турибсан?

Агар ёрдамчилар кетадиган бўлишса, улар албатта менинг фикрим билан қизиқарди:

- Сен нима деб ўйлайсан?

Арчи масаласида эса мен "Рейнжерс" таклифини тўсиш учун Мартин Эдвардс билан келиша олмадим. Брайан мураббийлик лавозимига тўғри келишига ишончим комил эмасди.

Стив МакКларен эса мураббийликка ҳар жиҳатдан тўғри келарди, мен бунга амин эдим. Мен Стивга муносиб клуб ва раҳбарни топиши муҳим эканлигини айтдим. Уни "Вест Хэм" ва "Саутгемптон" қўлга киритишни хоҳлаган эди, лекин "Мидлсбро" раҳбари Стив Гибсоннинг таклифи бирданига пайдо бўлди. Мен Стивга рози бўлишини маслаҳат бердим. Брайан Робсон Гибсон ҳақида илиқ сўзларни айтган эди. Уларда ажойиб машғулотлар базаси мавжуд эди.

- Бу иш сен учун, - дедим мен Стивга.

Уюшқоқ, бақувват ва доим янги ғоялар изланишида бўлган Стив мураббийлик учун яралганди. У доим ҳаракатда эди ва ижобий энергия билан ўқланган эди.

Менинг яна бир ёрдамчиларимдан бири Карлуш Кейруш ҳам ажойиб ишчи эди. Машҳур инсон! У жуда пухта ва ақлли эди. Менга уни Энди Роксбург тавсия этганди. Биз ўшанда жанубий ярим шардан ўйинчилар қидирган эдик ва шу билан бирга тил биладиган мураббий ҳам керак эди. Энди ҳақ бўлиб чиқди - Кейруш қобилиятли эди. У Жанубий Африкада шуғулланган, шунинг учун мен Квинтон Форчунга қўнғироқ қилиб, унинг фикри билан қизиқиб кўрдим.

- У жуда ажойиб, - деди Квинтон.

- Қай даражада?

-100 %.

"Жуда яхши, - ўйладим мен. - Менга шу етарли".

Карлуш 2002 йили Англияга муҳокама учун келганида, мен уни машғулотлардан сўнг спорт костюмида кутардим. У эса бенуқсон кийиниб олганди, унда қандайдир сертакаллуфлик бор эди.

Мен дарҳол унга иш таклиф қилганимга жуда ҳайрон қолди. Кейруш "Манчестер Юнайтед" мураббийининг вазифасини бажарувчи деган номга ҳаммадан лойиқ эди. У кўп нарсани ўз зиммасига олди, ҳатто унинг вазифасига кирмайдиган ишларни ҳам.

- Мен сиз билан гаплашиб олишим керак, - деди у кунларнинг бирида. Мен Франция жанубида дам олаётган эдим.

"Нима бўлди экан? Нима дегани экан бу?"

- Мен сиз билан гаплашиб олишим керак холос, - қайтарди у.

Карлуш Ниццадан учиб келди, мен эса аэропортгача такси заказ қилдим. У ерда биз қулай жой топиб ўтирдик.

- Менга Мадриднинг "Реал" жамоасида ишлашни таклиф қилишди, - деди у.

- Мен сенга фақат иккита нарсани айтай. Биринчиси - сен бундан бош тортолмайсан, иккинчиси - сен ҳақиқатдан ҳам яхши жамоани тарк этасан. "Реал"да сен бир йилгача ҳам бора олмаслигинг мумкин, "Юнайтед"да эса бир умрга қолишинг мумкин.

- Биламан, - деди Карлуш. - Лекин ўйлашимча, бу яхши таклиф.

-Карлуш, сени йўлдан уришга менинг ҳаққим йўқ. Чунки келаси йил "Реал" Чемпионлар Лигасини ютса, сен мендан у ерга кетишинга тўсқинлик қилганим учун норози бўлишинг мумкин. Мен сенга фақат шу гапни айтай - у ерда ишлаш жуда даҳшатли.

Атиги уч ойдан сўнг Карлуш "Реал"дан кетишни хоҳлади, лекин мен уни бундай қилмасликка кўндирдим. Мен Испанияга бордим ва у билан учрашдим. Мен унга кетмаслигини, ишини охиригача етказиш кераклигини, келаси мавсумдан эса менинг ёнимга қайтишини уқдирдим.

Кейруш - ротвейлер

Ўша йили мен ўзимга асистент ёлламадим, чунки Карлуш қайтишига ишончим комил эди. Карлушнинг қўнғироғидан бир ҳафтача аввал Мартин Йол билан суҳбат ўтказдим. У менда яхши таасурот қолдирди, ва мен уни ишга олмоқчи бўлдим. Лекин кейинчалик Кейрош телефон қилди, ва Мартинга рад жавобини беришга тўғри келди.

"Манчестер Юнайтед"нинг бош мураббийи асистенти - бу обрўли лавозим. Бу худди театрдаги пешсаҳнадек. Иккинчи марта Карлуш 2008 йили кетди, чунки унинг юрагида ватан соғинчи туйғуси уйғонди. Мен унинг Португалияга кетишига тўсқинлик қилмадим. Лекин у ажойиб эди. Унда "Манчестер"нинг бўлажак бош мураббийига хос барча хислатлар бор эди. Тўғри, у ҳис-туйғуларга берилувчан, лекин мен билан ишлаганларнинг орасида Кейруш энг яхшиси эди. У ростгўй инсон, ёнимга келиб ҳаммасини очиқчасига гапирарди: "Менга мана шу нарса ёқмаяпти". Кейруш - ротвейлер. У менинг хонамга кирарди ва нима қилишимиз кераклигини сўзлаб, доскага схемалар чиза бошларди.

- Бўпти, Карлуш, худди шундай қиламиз, - дердим мен ва ичимда ўйлардим: "Мен ахир ҳозир бандман-ку".

Лекин бу яхши хислат - ўзининг ғоясига эришишга интилмоқ.

Мен истеъфомни кейинга сурган йили, Петер Шмейхел ва Денис Ирвинни йўқотганимизни ҳисобга олмасак,  жамоамизнинг таркиби жуда кучли эди. Қандай ўйинчи эди ўша Ирвин! Чаққон ва уддабурон, жуда тез қарор чиқарарди ва ҳеч қачон панд бермасди. Матбуотда ҳеч ким у ҳақида ёмон фикр ёза олмасди. "Арсенал" билан бўлган ўйинларнинг бирида Ирвин ўйин охирида Бергкампга гол уришга йўл қўйди, ва газеталар дарҳол шундай деб ёзиб чиқди: "Денисдан кўнгил қолиши". Мен ўшанда айтгандим: "Денис тўққиз йиллик менинг қўл остимдаги фаолиятида бирор марта ҳам хатога йўл қўймаганди, шунинг учун бу вазиятни кечириш мумкин".

Марк Боснич, менинг фикримча, профессионалликдан ниҳоятда йироқ эди. Биз буни билишимиз лозим эди.

Энг оғриқли нуқтамиз - бу дарвоза чизиғи эди. 1999 йили Шмейхел "Спортинг"га кетганида, ва "Юнайтед" Ван дер Сарни қўлдан бой берганида, мен лотерея билетига джекпот йутиб олиш мақсадида тасодифий рақамларни ёзардим. Раймонд Ван дер Гоув ажойиб дарвозабон эди ва виждонли мураббийга айланди. Лекин у асосий кипер вазифасига ҳали ўсиши керак эди. Марк Боснич, менинг фикримча, профессионалликдан ниҳоятда узоқ эди. Биз буни билишимиз лозим эди. Массимо Таибининг ўйини қовушмади, ва у Италияга қайтди. Фабьен Бартез жаҳон чемпионига айланди, лекин унинг концентрациясига фарзанд кўргани таъсир қилдими, дарвозадан кўпинча югуриб чиқадиган бўлиб қолди. Фабьен лентада яхши ҳаракат қиларди ва тўпларни қайтарарди, лекин дарвозабон концентрациясини йўқотса, унда муаммолар пайдо бўлади.

Ғалабага интилиш ҳар бир ўйинда бўлиши шарт

Жамоа мени яқинда кетади деб, анча сустлашиб қолди. Менинг тактикам ўйинчилар доимо взводда туришидан иборат эди, ҳар бир ўйин ҳаёт-мамот масаласи бўлиши керак эди. Ғалабага интилиш ҳар бир ўйинда бўлиши шарт. Лекин менинг эътиборим пасайди, ҳаёлларим бутунлай бошқа жойда эди. Алекс Фергюсон фақат унинг ўрнини ким эгаллаши ҳақида ўйларди. Бўшашиш - бу инсон табиатида мавжуд нарса. "Барибир кейинги йилдан мен бу ерда бўлмайман", дердим мен.

"Юнайтед"да ҳамма нарса менинг атрофимда яралишига кўникиб қолишганди. Энди буёғига нима бўлиши номаълум эди. 2001 йили кузда мен мавсум тугашини жуда кучли хоҳладим. Майдонда аввалги "Юнайтед" ўйнамасди энди. Мен ўз келажагим тўғрисида иккилана бошладим - қаерга бораман ва нима қиламан - ва клубни соғинишимни тушуниб турардим.

2001-2002 йилги мавсум "қизил иблислар" учун муваффақиятли келмади. Премьер-лигани биз учинчи ўринда тугатдик. Чемпионлар Лигасида яримфиналгача етиб бориб, Леверкузеннинг "Байер" клубига имкониятни бой бердик. Шундай қилиб мен қароримни ўзгартирган йили биз борорта ҳам трофей қўлга киритмадик. Бу қаторамасига уч йиллик чемпионликдан сўнг.

Ўша йили ёзда Руд ван Нистелрой ва Хуан Себастьян Веронларнинг трансфери бизни анча харажатга тушурди. Бундан ташқари жамоага Яап Стам ўрнига Лоран Блан келди. Бу менинг хатоим эди. Бизга ёш ўйинчилар билан суҳбатлашиб, уларга ғалаба тажрибасини улашувчи ўйинчи керак эди. Шунинг учун мен Бланни олгандим. Мавсум бошида Рой Кин тўпни Алан Ширер томон улоқтирди ва қизил карточка олди, биз ўшанда "Ньюкасл"га 3:4 ҳисобида ютқаздик. Яна бир хотирали ўйин - "Тоттенхем" устидан 5:3 ҳисобида эришилган ажойиб қалаба. Биринчи таймда Дин Ричардс, Лес Фердинанд ва Кристиан Цигелардан голлар ўтказиб, кейинчалик биз қойил-мақом камбек ижро этдик.

Бу ажойиб хотиралар. Танаффусда ўйинчилар секинлик билан ечиниш хонасига йўл олишди. Ўтказиб юборилган учта гол учун таъзирини ейишни кутиб турарди улар. Мен эса шундай дедим:

- Яхши, мен сизларга айтай. Сиз иккинчи таймда гол урасизлар, кейин нима бўлишини кўрамиз. Биз уларга дарҳол босим ўтказишимиз лозим.

Биз майдонга чиқаётган паллада, "Тоттенхэм" сардори Тедди Шерингем тўхтади ва шерикларига деди:

- Асосийси, уларга тезкор гол уришларига йўл қўймаслик керак.

Мен буни бир умрга эслаб қоламан. Биз иккинчи таймнинг биринчи дақиқасидаёқ тўп киритдик.

Бизда яна 44 дақиқа бор эди, ва биз 4 та гол киритишга муваффақ бўлдик. Ақл бовар қилиб бўлмайди! "Тоттенхем"нинг ожиз ночорлиги ўйинга янада файз қўшди. Ўйиндан кейин ечиниш хонасидаги холатни кўрсангиз эди: футболчилар нима қилиб қўйганларига ўзлари ишонмасди. Теддининг гапи рақиблар бизнинг жавоб голларимиздан қанчалик қўрқишларини кўрсатди. Айтишардики, бизнинг дарвозамизга киритилган гол шавқатсиз жангга чақирув демак. Биз бу фикрни қўллаб-қувватлардик. Рақибларимиз биз билан бўлган ўйинларда ҳатто нафас ростлашга ҳам улгурмасди. Улар бизнинг қарши ҳужумларимизни ҳар сония кутишарди.

Агар сизни "Манчестер"даги фаолиятимнинг қисқача таърифи қизиқтираётган бўлса, мен охирги ўн беш дақиқаликни сўзлаб бераман. Баъзан даҳшатли бўларди, тўр тўпларни ўз гирдобига тортиб олаётгандай бўларди. Кўпинча рақиблар уларни кунини кўкка совуришимизни сезишарди, менинг жамоам эса ғалаба тўпига ишонарди. Ҳар доим ҳам бундай бўлавермасди, лекин "Юнайтед" фақат ғалабани орзу қилади. Бу жуда яхши хислат.

Мен таваккал қилишни яхши кўраман. Менинг кўрсатмам шундай: Саросимага ўрин йўқ, охирги 15 дақиқагача сабр қил, кейин ҳиссиётларга эрк берсанг ҳам бўлаверди.

"Уимблдон" билан бўлиб ўтган кубок ўйинларининг бирида, Шмейхел дарвозадан чиқиб кетди, майдон марказида фақат Денис Ирвин ва Джон Фашану қолди. Шмейхел дарвозага икки дақиқа давомида қайтмади. "Уимблдон" Фашанга тўпни ташлаб берди, лекин кичкинагина Денис тўпга биринчи бўлиб ташланди ва уни яна рақиб жарима майдончасига узатди. Ажойиб томоша.

Петер довюрак эди. У ва Фабьен олдинга чиқишни яхши кўрарди. Бартез майдонда зўр ўйин кўрсатарди. Бизнинг Таиланддаги турнемизда у мендан майдонга ўйинчи сифатида чиқишини илтимос қилди, мен бунга розилик бердим. Қолган ўйинчилар тўпларни бурчакка тепиб чиқарарди, ва Бартез узатмаларга сакрайвериб роса чарчади.

Ҳеч қайси жамоа "Олд Траффорд" майдонига "Манчестер" ютқизади деган ҳаёл билан чиқа олмасди. "Юнайтед"нинг жанговор руҳи йўқолишига ҳеч қандай имконият йўқ эди. Ҳатто рақиб 1-0 ёки 2-1 ҳисобида бизни енгаётган бўлса ҳам, у билардики, 15 дақиқа ичида биз ерни тагидан топиб бўлса ҳам гол урамиз. Меҳмонлар ўриндиғида доимо қўрқув ҳукм сурарди. Жарима майдончасида аёвсиз ҳужум қилиб ва туртишиб биз гўёки рақибни жиғига тегардик: "Ғалабани сақлаб қолинглар-чи".

Ҳеч нарса иродали ғалабага тенг кела олмайди

Бор кучимизни ишлатиб ҳаракат қилиб, биз рақибни имтиҳондан ўтказамиз. Агар рақиб салгина руҳий заифлик қилса, шу заҳотиёқ тамом бўлади. Ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди, лекин буни уддаласак, ҳеч нарса иродали ғалабага тенг кела олмайди. Таваккаллик - олижаноб иш.

Камдан-кам ҳолатларда рақиб биз уюштирган финал штурмидан чиқиб, дарвозамизни ишғол қиларди. Худди шундай вазият "Ливерпуль" билан бўлган ўйинда содир бўлганди. Бизга қарши рақиб бутун жамоа бўлиб ҳимояланишни мақул кўради, шунинг учун уларга ўз жарима майдончасидан чиқиш қийин бўлади.

"Тоттенхем" билан бўлган баҳснинг танаффусида биз тушкунлик кайфиятида эдик. Мен мавсум охирида айтганимдек: "Кризис вақти одамларни тинчлартириш керак холос". Биз 5 та тўп киритиб, ғолиб бўлдик. Охирги икки гол Верон ва Бекхэмлар ҳисобида. Лекин бизда барибир дарвоза позициясида муаммо бор эди. Октабрда Фабьен Бартез иккита содда хатога йўл қўйди. Биз уйда "Болтон"га 1-2 ва "Ливерпуль"га 1:3 ҳисобида енгилдик. Ўшанда Бартез тўпни мушти билан қайтармоқчи бўлиб, хатога йўл қўйди. "Арсенал" билан бўлган ўйинда эса бизнинг француз дарвозабонимиз тўпни тўғри Тьерри Анри оёғига ташлаб берди, у эса, албатта, гол киритди. Бир неча дақиқадан сўнг у яна тўпга чиқишда адашди, ва яна Анри ўзини кўрсатди.

2001 йилнинг декабр ойи омадли бошланмади. Биз "Челси"га 0:3 ҳисобида енгилдик. Бу ўн тўртта ўйиндаги бешинчи мағлубиятимиз эди. Лекин кейинроқ ҳаммаси изига туша бошлади. Уле Гуннар ван Нистелрой билан ўзаро ўйинини топди. Янги 2002 йилда биз жадвалда юқорига кўтарила бошладик. "Роверс" устидан ғалаба қозонилган ўйинга Руд қаторамасига ўзининг ўнинчи голини нишонлади.

Январ охирида биз 4 очко фарқи билан биринчи ўринда эдик. Февралда эса мен жамоани тарк этмаслигимни эълон қилдим.

Январ охирида биз 4 очко фарқи билан биринчи ўринда эди. Февралда эса мен жамоани тарк этмаслигимни эълон қилдим.

Мен истеъфо масаласини бир томонга бурганим заҳотиёқ, жамоа яхши ўйин кўрсата бошлади. Биз 15 та ўйиннинг 13 тасида ғалаба қозондик. Мен Чемпионлар Лигасининг финалига чиқишни жудаям хоҳлагандим. Ҳатто меҳмонхонадан номер ҳам банд қилиб улгургандим.

"Байер" билан бўлган яримфинал ўйинида биз 3:3 ҳисобида дурранга эришдик ва меҳмондаги голлар қоидасига кўра, мусобақани тарк этдик. "Олд Траффорд"да Михаэл Баллак ва Оливер Нойвиллар гол киритишди. Рақиб сафида ҳали Димитар Бербатов бор эди, кейинчалик у бизнинг клубга ўтди.

Нима бўлган тақдирда ҳам, мен иш билан банд эдим. Янги йил куни, менинг туғулган кунимда, биз оилавий "Олдерли Эдж" меҳмонхонасида йиғилдик. Узоқ вақтлардан бери илк бора ҳаммамиз бирга эдик: Лондондан келган Марк, Даррен, Джейсон ва Кэти. Барча исёнчилар яна стол атрофида ўтирарди.

Ўйинчиларга менинг жамоада қолишим ҳақида хабар қилишганидан сўнг, мен ҳар-хил ҳазилларга таййор эдим. Қайноқ хабарни тарқатгандан кейин ўзинг ҳам куйишингни ўйлашинг керак ахир.

Райан Гиггз айниқса масхара қилишга уста эди.

- Жин урсин! Кўзларимга ишонмайман, - деди у. - Мен ҳозиргина янги шартнома имзоладим.