Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Моуринью - ўзига хос рақиб. Ўн иккинчи боб

8 май, 16:50 772

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Моуринью - ўзига хос рақиб. Ўн иккинчи боб

Жозе Моуриньюдан потенциал таҳдид борлигига мен 2004 йили амин бўлдим. "Челси" бош мураббийи сифатида ўтказган илк пресс-конференциясида у  "Мен ўзгачаман", деди. У матбуотни ёрқин сўзлар билан чалғитаркан, мен ичимда "Бу қандай бетакаллуф сурбет бўлдийкан?" деб ўйладим.

У ҳали янги ва ёш йигит, демак танқид қилишга ҳали эрта деган фикрга келдим. Лекин у "Челси" да ишлаш учун етарлича ишонч ва идрокка эга экан, деб ўйлаб қўйдим.

Мен Карлуш билан Жозе тўғрисида кўп гапирардим. У Жозени академия кезларидан танирди. Португалияда Жозе Карлушни талабаси бўлган. "Сўзсиз, менинг энг яхши шогирдим", - дерди Кейруш. Бундай мақтовлардан сўнг мен Жозени кузата бошладим. У ўзи белгилаган умидлар тўлқини бўйлаб сузарди, ушбу тўлқин уни Портудан Лондонга, Роман Абрамовичнинг олдига олиб келганди. Жозе курашда охиригача тик тура оладиган йигитлардан бири эди. Уни психологик тўқнашувга чорлаш номаъқул фикрлигини тушундим. Мен курашиш учун ўзгача йўл тутдим.

2004 йилнинг августидан то 2006 йилнинг май ойига қадар биз атиги битта трофейни қўлга киритдик - бу Лига Кубоги-2006. Моуриньюнинг "Челси" клуби қаторамасига икки бор чемпионатда ғолиб бўлди. "Арсенал" четга чиқиб қолгач, Абрамовичнинг давлати ҳамда Жозенинг менеджерлик маҳорати бизнинг йўлимизга тўғаноқ бўлди.

Анъанага кўра, бизнинг чемпионат учун кўрган тайёргарлигимиз мавсумнинг иккинчи ярмида ўз самарасини кўрсатарди. Бизнинг финишимиз доим шиддатли кечарди. Ушбу анъананинг пойдевори бўлмиш илм ва жасорат бизга энг муҳим ўйинларда асқатарди.

Жозе шаҳарда янги одам эди, у бир талай мол-мулкка эга бўлган хўжайин қўл остида ишларди. Репутация унинг йўлларини тозалаб ташларди. 2004 йили кузда Жозедан ўзини кўрсатиб, шиддатли старт олиш талаб этилганди.  "Челси" олти очкога илгарилаб кетди, ва биз уларга етолмадик. "Кўклар" чемпионлик пойгасига сенсацион равишда қўшилгач, Жозе кўпгина ўйинларда минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Улар гол урарди ва бекилиб оларди. "Челси"ни енгиш энди оғир масалага айланди. Моуринью келгач, мен "Стэмфорд Бриж"да бирор марта ҳам ғалабага эришолмадим.

Мавсум олди йиғинларда Жозе асосий эътиборини ҳимояга қаратарди. Одатда улар учта ҳимоячи, иккита қанот ўйинчиси ва марказда ромб бўлиб ўйнарди. Бундай схемага қарши ҳаракатланиш анча мушкул.

Илк бор биз 2003/04 йилги Чемпионлар лигасида тўқнаш келдик - "Порту" бизни нимчорак финалда турнирдан чиқариб юборди. Биринчи учрашувдан сўнг иккаламиз ўзаро айтишиб қолдик. Мен кўпинча биринчи ўйинларда ҳамкасбларим билан тортишиб кетардим. Жож Грэм билан ҳам у бошқараётган "Арсенал"га қарши кечган илк ўйинда тўқнашгандим. Кейинчалик иккимиз дўстлашиб кетдик. Моуринью билан ҳам худди шундай бўлди. Мен ҳамиша уни жуда илтифотли ва чиқимишли инсон деб ҳисоблардим.

"Порту" футболчиларининг бутун ўйин давомида амалга оширган шўнғишлари мени ғазаблантирди. Ўйлашимча, мен ҳаддимдан ошиб кетдим ва уни ҳайратга солдим. Жозега ташланиб нотўғри қилдим. Мени энг зардамни қайнатган нарса, Кинни майдондан четлатилиши бўлди. Мартин О'Нилни "Порту" футболчиларининг "Селтик"ка қарши кечган финал баҳсидаги хулқи бўйича билдирган норозилиги ҳам хотирамдан ҳамон ўчмаганди. Мен ўша финални кўриб чиқдим, аммо "Порту" ҳамда бошқа португал клублари ўртасидаги фарқни тополмадим. Лекин Мартин ўзини босолмасди, мен ҳам Жозенинг жамоаси спортга хос бўлмаган тарзда ўйнаётганига ўзимни ишонтирдим.

Илк таасуротим бўйича, Рой Кинни рефери хатоси туфайли майдондан четлатишди. Такрорий лавҳада Кин дарвозабонга тегишга интилганлиги кўринди. Биз ўн киши бўлиб қолдик, ва жавоб учрашувини Ройсиз ўтказадиган бўлдик.

"Олд Траффорд"да бош ҳакам ўзини ғалатироқ тутди. Биз охирги уч ёки тўрт дақиқани ҳужумда ўтказдик. Роналду ҳужумчини алдаб ўтди, аммо уни чалиб йиқитишди. Лайнсмен қоидабузарликни кўрсатди, лекин россиялик ҳакам ўйинни тўхтатмади. "Порту" ҳужумга ўтиб кетди ва гол урди.

Финал ҳуштаги янграгач, мен Жозени ғалаба билан табрикладим. Қачонки рақиб сизни турнирдан чиқариб юборса, унга омад тилашни унутманг. Биз бир бокалдан вино ичдик, ва мен унга айтдим: "Омадингиз чопди, кейинги раундларда муваффақият тилайман".

Навбатдаги "Олд Траффорд"га бўлган ташрифида у ўзининг Barca-Velha виносидан олиб келди, ва бу нарса анъанага айланди. "Челси"даги вино ғоят ёмон эди, нимагалигини билмайман. Бир куни мен Абрамовичга дедим: "Бу эритгичнинг ўзи-ку". Келаси ҳафта у менга бир қути Tignanello виносидан етказди. Энг олий навлардан бири, ажойиб вино.

Жозенинг "Олд Траффорд"да майдон чети бўйлаб сакраб чопишига келсак, мен ҳам шундай қилган бўлардим. "Шеффилд Уэнсдей"га урган голимизни ёдга олдим. Брайан Кидд ўшанда майдонга тиз чўкиб олди, мен эса четда туриб олиб шодланардим. Ўз ҳиссиётларини намоён этадиган инсонларни мен ҳурмат қиламан. Бу дегани, уларга барибир эмас.

"МЮ" устидан қозонилган ғалаба Жозенинг обрўйини кўтарди. УЕФА Кубоги финалида "Селтик"ни таслим этиш бошқа, Чемпионлар кубогидан "Юнайтед"ни чиқариб юбориш бошқа. Тахминан 2008 йилларда мен унга шундай дедим: "Билмадим, қачон нафақага чиқаман. Нафақадан қўрқсанг, қариш ҳам қийин бўларкан". "Кетманг, сиз мени илҳомлантирасиз", - деди Жозе. У яна унинг олдида кўплаб вариантлар борлигини, лекин Англияга қайтишни хоҳлаётганини айтди. 2013-йил июнда "Челси"га қайтишдан олдин, у "Интер" билан Чемпионлар Лигасини, "Реал" билан Ла-Лигани  ютди.

Ким билан суҳбатлашган бўлсам, барча Жозе футболчиларга яхши муносабатда бўлишини таъкидлаган. У ўта синчков, лекин у билан яқиндан танишсангиз, қанчалик дилкаш инсонлигига амин бўласиз. Жозе ўз устидан кулишни билади. Венгер ёки Бенитес бунга қодир эмас, менимча.

2010-йил Жозе "Реал" бошқарувини қўлга олгач, мен унинг фаолиятини завқ билан кузата бошладим. Мадридда ишлаган ҳар бир мураббий уларнинг фалсафасига кўникишига тўғри келарди. Бу "галактикос" фалсафаси. Моуриньони ёллаб, улар Чемпионлар Кубогида ғалаба қозониш учун унинг ўйинни ҳис этиш услубига кўникишга рози бўлишган.

Ҳар бир касбда бўлгани каби, сиз ниманидир қўшасиз, ва ҳаммаси ўзгаради. "Менга ёқмади, шу учун пул тўлаганмидим.  Мен учун 1:0 ҳисобидаги ғалабадан кўра,4:5 ҳисобидаги мағлубият афзалроқ", дейдиган мухлислар "Сантьяго Бернабеу"да топилмаса керак. Шундай қилиб, Жозенинг Мадриддаги фаолияти мени забт этди. Бу унинг карьерасидаги энг катта чақирув эди. У ўзининг "Порту", "Интер" ва "Челси" даги методлари эффектив эканлигини исботлади. У икки бор Чемпионлар кубогини қўлга киритди. "Реал"ни-чи, ўз қарашлари орқали ўзгартира олармикан? Бошида унинг перспективаси йўқдек туюлди, чунки Жозе бутун жамоа бўлиб ҳужум қилиш йўлида ўзининг асосий принципларидан чекинди. Замонавий футболда бундай йўл билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини англади. "Барселона"нинг ҳужуми ўта жозибали, аммо тўп йўқотилиши билан бутун жамоа бўлиб ортга ташланишади. Улар бунинг устида тиришқоқлик билан иш юритишмоқда. "Реал" беш йил ичида уч бор Чемпионлар лигаси финалига чиққанида, мадридликлар сафида энг зўр футболчилар тўп суришарди: Зидан, Фигу, Роберто Карлос, Фернандо Йерро, Икер Касильяс. Клод Макелеле майдон марказида дуч келган нарсани ютиб юборарди.

Улар ғалабадан сўнг Галактикос фалсафасини сақлаб қолишди, бир тўда голландларни, Дэвид Бекхэмни, ван Нистелройни, Робиньони харид қилишди. Аммо чемпионлар Кубоги "Реал"га ўшандан буён ҳали насиб қилмади. Моринью йирик жамоаларни барпо эта олишини исботлади, лекин Мадридда унга хоҳлаганидек иш юритишга қўйишармикан - мени шу қизиқтирарди.

Жозе шубҳасиз прагматик. Нима бўлса ҳам Моуриньюнинг жамоаси ютқазмаслиги шарт - бу унинг фалсафасининг асосий нуқтаси. "Барселона"га қарши Чемпионлар Лигасининг ярим финалида "Интер" тўп назоратини 65 % рақибига топширишидан у хабардор эди. Буни барча жамоалар билишади. "Барселона" сиёсати - бу майдон марказида тўпни эгаллаб олиш. Агар сиз ўша жойга тўртта ўйинчи қўйсангиз, улар бешта қўйишади, агар олти кишини қўйсангиз, улар етти кишини чиқаришади. Шу билан бирга улар тўпни ўрта чизиқ ва ҳимоячилар тўртлиги орасига кўчиришади. Бу чалкашлик кишининг бошини айлантиради. Вақти вақти билан сиз тўпни олиб қўйишингиз мумкин. Каруселга назар ташланг, ва мен нима демоқчилигимни англайсиз.

Демак, Жозе "Барселона" билан бўлган учрашувда унинг ўйинчилари тўп назоратини сусайтиришини биларди. Лекин унинг ўз қуроли мавжуд эди - концентрация ва позицияни тўғри танлаш. Марказий ярим ҳимоячи Эстебан Камбьяссо ушбу конструкциянинг асосий фигураси эди. Месси қаерга югурса, у ҳам ўша ерга борарди. Ҳаммаси жуда оддий бўлиб кўриниши мумкин, аммо барча ҳимоявий ҳаракатлар ўзаро боғлиқ бўлса, сеҳрли натижага эришиш мумкин. Кейинчалик мен "Реал" ўйинини кузатдим - Жозе 15 дақиқа ичида учта алмашувни амалга оширди. Барчаси ҳимоявий жиҳатдан, ғалаба учун кўзланилган.

Бу воқеа бизнинг 2000-йиллар ўртасидаги учрашувларимиздан  анча кейин рўй берди. Ўшанда "Челси" 50 йил давомида илк бор АПЛ ни қўлга киритганди, 12 ой ўтиб эса, 2006-йил ёзида муваффақиятини такрорлади. 2004/05 мавсуми биз учун ғоят ёмон ўтди, кейинги мавсумда биз фақатгина Кубок лигасини қўлга киритдик. Янги жамоа ўсиб бораётганди, аммо мен ушбу клуб қаторамасига учта чемпионатни ютиб олишини ҳали билмасдим.

Стратегиямиз доирасида биз Кин, Скоулз, Гиггз ва Невилларни кетишини тахмин қилган ҳолда ўзгаришлар киритдик. Лекин кутилмаганда, Киндан ташқари, уларнинг уччаласи ҳам жамоада қолишди. Биз ёш ўйинчиларни тўплашга ҳаракат қилардик, улар ривожланишлари учун Гиггз, Скоулз ва Невилларнинг тажрибаси асқатарди. Ҳозир мен ўша сиёсатни ҳақиқий муваффақият деб баҳолайман.

Ҳа, биз 2004/05 йилларда нурсиз мавсум ўтказдик. Англия Кубоги финалида пенальтилар бўйича "Арсенал"га имкониятни бой бердик. Мен ўшанда Руни ва Роналдунинг перспективаларини кўрдим, улар "Арсенал"ни шошириб қўйишди. Биз дарвоза томон 21 та зарба бердик. Чемпионлар Лигасининг 1/8 финалида биз "Милан"га икки бор бир хил, 0-1 ҳисобида ютқаздик, икки голни ҳам Эрнан Креспо урди. Қайта қуришдан мен қўрқмасдим. Бу одатий ҳол. Футбол клуби худди оила каби: баъзан бировлар тарк этишади. Баъзида уларнинг ўзлари буни хоҳлашади, баъзида сен буни истайсан, баъзан эса икки томонда ҳам ўзга илож йўқ - жароҳатлар ёки ёш муаммоси.

Бизни тарк этган буюк футболчилар ҳақида гап кетганида, мени ҳис-ҳаяжон босади. Ўз навбатида карьераси пастлаб бораётган ўйинчини мен доимо кузатаман.  Ичимда мулоҳаза қиламан: "У қачон кетмоқчи? У бизга яна қанча вақт фойда келтира олади?". Вақт менга муҳим позициялар учун заҳирада ёш ўйинчиларни сақлашни ўргатган. Шунинг учун, 2005-йил 10-май куни бизнинг майдонимизда чемпионликни тантана қилган "Челси" учун шарафли йўлакка сафланиб турганимизда, мен Абрамовични бойлигига тан беришни ҳатто ўйлаб ҳам кўрганим йўқ.

"Челси" жуда катта психологик ғалабани қўлга киритди. Улар ярим аср деганда илк бор чемпион бўлишди ва энди ўзларига бошқача назар билан қарашарди. Биз олган сабоқ - агар янги рақибимиз "Челси" билан беллашмоқчи бўлсак, мавсумни суст старт билан бошламаслигимиз лозим. Келаси мавсумни бошида биз парвоз қила бошладик, лекин ҳаммаси пучга чиқиб кетди. Энг пастки нуқтамиз меҳмондаги "Лилл"га қарши ўйин бўлди, мухлисларимиз ёш ўйинчиларимизни ҳуштакбозликка олишди. Бунинг сабаби Рой Киннинг MUTV га берган интервьюси бўлди, у баъзи ўйинчиларни иштиёқсизликда айблаганди.

Ўта мудҳиш ҳаракат. Рой ўз жамоадошлари тўгрисидаги гаплари билан муаммони янада чигаллаштирди. Майдонда биз ўта хунук тарзда ҳаракат қилдик, ўша оқшомги 0:1 ҳисобидаги мағлубият менинг охирги йиллардаги энг пастги нуқтамга айланди.

Рой Кин "МЮ"ни тарк этгач, ўша ой, ноябрда, биз Жорж Бестни ҳам йўқотиб қўйдик. Жорж жуда яхши йигит эди. У қандайдир серташвиш бўлиб, ҳаяжон билан гапирарди. У ўзини ишончсиз ҳис қиларди, бу эса у билан суҳбат қурган кишини асабига тегарди. Эслайман, биз Японияда барга киргандик, у билан бир қиз ҳам бирга эди. Жорж уялганидан лом-мим дея олмади. У футболдан кейин яхши яшаши мумкин эди. Ёшларга мураббийлик қилиш унинг табиатига балки тўғри келмас. Буни кўплар билишмаса керак, у жудаям каллали эди. Дафн қилиш маросими Белфастда жуда ажойиб миқёсда ташкил этилди. Мен унинг кичкина ва камтарин бўлган отасига қараб, ўйлаб қолдим: "Ахир у тарихдаги энг буюк футболчилардан бирини тарбия қилган инсон". Белфастлик кичик ва ювош инсон. Жорж нимага бунчалик дамдум бўлгани энди тушунарли.

Ушбу давлатда футбол жамиятини асосан ишчи класс ташкил қилади, ва бу инсонлар нуқсонли персонажларни севишади: Бестни, Гаскойнни, Жимми Жонстонни. Улар ўз фазилатларини юксак бўлмаган қаҳрамонлардан топишади. Уларга ахлоқий ноустуворлик яқин. Жимми ҳеч бир шўхликни ўтказиб юбормайдиганлардан эди.

Жок Стейн ҳар жума оқшомида телефонга тикилиб турган.

"Ҳозир у қўнғироқ қилади, - такрорлайверган Жок. - Ҳозир у телефон қилади".

Одатдагидек қўнғироқ қуйидаги сўзлар билан бошланган: "Ланаркшир полицияси, мистер Стейн. Бизда Жимми".

Жорж Бест сўзсиз Чемпионлар Кубогида ғалаба қозонган "Юнайтед"нинг бир қисми эди. Ўша кампанияда биз трофейдан узоқ эдик. 2005 йил сентабрда "Вильяреал"га қарши кечган учрашувда Руни қизил карточка олди. 0-0 ҳисоби билан якунланган ўйин чоғида Уэйн бош ҳакам Ким-Милтон Нильсенга истеҳзоли қарсак чалгани учун жазоланди. Ушбу рефери 1998 йилги жаҳон чемпионатида ҳам Дэвид Бекхэмни майдондан четлатганди. Жуда нохуш рефери. Нильсен УЕФА нинг энг одамни зардасини қайнатагиган ҳакамлари қаторига кирарди. Унинг тайинлангани ҳақида эшитганлар донг қотишарди. Бошқа бир ўйинда Руни Грэм Поллни ўн марталар сўкканди. Аммо Полл инсонийлигини намойиш этди, у Рунининг сўкишларига эътибор қаратмади. Бу томондан Руни Поллни Нильсендан кўра кўпроқ ҳурмат қилади. "Вильяреал" билан бўлган ўйин давомида Хайнце тизза пайини йиртиб юборди, сал аввалроқ эса у ўз агенти билан трансфер ҳақида сўз очганди.

"Бенфика"дан 1:2 ҳисобидаги мағлубият ва Чемпионлар лигасидаги омадсизлик матбуотнинг биз ҳақимиздаги номаъқул мулоҳазаларига сабаб бўлди. Агар мураббийни ўз ишига маъсулиятсизликда айблашса, мен буни тушунаман, аммо мени ёшим ўтканлигим учун ютқазаяпти дейиш жуда хунук тахмин. Футболда шундай давр бўлганки, топ-ўйинчилар Премьер-лига клубларини ҳеч қандай тайёргарликсиз бошқаришган. Тажрибали менеджерларни четга суриб қўйишган. "Ньюкасл"дан ҳайдалган Бобби Робсонга қаранг. Сэм Эллардайсга ўша клубда олти ой муҳлат берилди. Бемаънилик. Мен жума кунги матбуотни ғазаб билан ўқирдим. Мендан ҳеч ким "Сизнинг муддатингиз ўтмадими?", деб сўрамаганди. Аммо улар буни ёзиб чиқаришди. Улар мураббийни йўқ қилиш учун қалам кучидан фойдаланишади.

Импульснинг ўз мантиғи бор. Мухлислар дейишади: "Сени айтаётганларинг рост", лекин мен буни йиллар давомида таъкидлаб келганман. Биз қаерга қараб бораётганимизни мен билардим. Бизга маълум муддат кераклигини ҳам билардим. Агар мен ажойиб бир янги жамоа қура олишимни ҳис қилмаганимда, ўз хоҳишим билан кетардим. Мен Руни ва Роналдуга ишонардим. Мен скаутлар хизматига ишонардим. Улар бизни олдинги даражага олиб чиқувчи футболчиларни топишарди. 2006 йили биз биргина Лига кубогини ютганимизга қарамасдан, жамоамиз бир нечта ажойиб ўйинлар ўтказди.

"Бенфика"дан мағлуб бўлганимиздан сўнг, биз формамизни тикладик ва "Уиган", "Астон Вилла", "Вест Бром" ва "Болтон" клублари устидан ғалабага эришдик. Биз "Челси"дан 9 очко орқада бораётган эдик. Бизга Видич ҳамда Эвра келиб қўшилишди. Ҳимоядаги ҳаракатларимиз устида деярли ҳар ҳафта ишлардик, асосан ташлаб қўйилганлари устида: позиция, тўпни олиб қўйиш, ҳужумчилар ҳаракати, ҳимоячилар чиқишлари. Биз марказий доирада икки форвард ва икки қанот ўйинчилари билан бошлардик. Шу заҳотиёқ тўп ён қанотга тепиларди, қанот эса шу жойдан узатмани амалга оширарди, учинчи пас жарима майдончаси бурчагидан узатиларди. Ҳимоячилар зарбага, кроссга ва жарима томон узатмага эътибор беришга мажбур бўлишарди.

Бизнинг ўйин маданиятимиз ўзгарди. Сиз ҳимояланишни хуш кўрадиган марказий ярим ҳимоячиларни биласизми? Видич буни ёқтирарди. У баланддаги якка курашларни яхши кўрарди. Иккинчи қаватдаги кураш унга илҳом бағишларди. Видич - жиддий, муросасиз, мағрур серб йигити. 2009-йил у менинг олдимга келди ва уни чақириб қолиши мумкинлиги ҳақида  огоҳлантирди:

- Нима деганинг бу, қанақа чақирув? - хавотирга тушдим мен.

- Косово. Мен у ерга бормоқчиман. Бу менинг қарзим.

У қўлини кўксида ушлаб турарди.

Истеъдодларни қидиришда биз чегаралар ва қитъаларни босиб ўтардик. Жерар Пикени биз ёшлар турнирида топиб олгандик. "Барселона"нинг ёш ўйинчиларига илк бор "Арсенал" ўз эшикларини очди ва Сеск Фабрегасни сотиб олди. Биз ҳам Пике оиласи билан музокаралар чоғида шунга асосландик. Муаммо шунда эдики, Пикенинг бобоси "Камп Ноу" бошқарувида турарди. Жерарнинг оиласи "Барселона"нинг тарихи билан чамбарчас боғланганди.

"Барселона"да кетма-кет бир нечта мураббий алмашди. Пике - ажойиб ўйинчи, у Испанияга қайтиш истагини билдирганида, мен жуда хафа бўлдим. У жуда зўр пас берадиган танҳо футболчи, ғолиблар психологиясига эга шахс. Унинг оила аъзоларининг барчаси муваффақиятли инсонлар. Минг афсуски, у Фердинанд-Видич жуфтлиги тарқалишини кутгиси келмади. Бу менинг муаммом эди. Пике ва Эванс ўн йиллар давомида ажойиб жуфтликка айланишлари мумкин эди.

Чемпионлар лигасининг ярим финалдаги "Барселона" билан 0:0 ҳисобидаги дурранг ўйинидан сўнг Пикенинг отаси мен билан меҳмонхонада учрашди. У каталониялик клуб Жерарни қайтариб олмоқчи эканлигини айтди. Пикенинг ота-онаси ҳам ўғлини тезроқ қайтишини хоҳлаётганди. Жерар учун бизда асосий жамоадаги ўйинлар етишмаётганди, у "Барселона" асосидан ўрин олишига ишонарди. Воз кечиш музди 8 миллион еврони ташкил қилди. Биз уни УЕФА нинг ўша пайтдаги қоидаларига биноан 180 минг долларга харид қилгандик.

Европанинг йирик клублари кейинчалик ёшларини Англияга кетиб қолмаслиги учун бир қатор чораларни ишлаб чиқишди. Пике ҳамда Фабрегасга ўхшаган футболчилар йиллар мобайнида ватанини тарк этиши уларга ёқмасди. Агарда биз ёш инглиз истеъдодини сотиб олмоқчи бўлсак, у учун 5 миллион фунт тўлашга тўғри келарди. Лекин нима учун биздан ўз жамоасига керак бўлмай қолган ўйинчи учун 500 минг фунт талаб қилишади? Ричард Экерсли учун "Барнли" бизга ярим миллион фунт таклиф қилди. Биз бир миллион сўрадик. Чунки уни 12 йил тарбиялаганмиз. Агар ўйинчи биринчи жамоага тушса, бадал пули кўпайиши лозим.

Барчамиз баҳо беришда адашамиз, мен ҳам ўша йиллари бир нечта хато қилдим: Клеберсон, Жемба-Жемба ва ҳ.к.лар. Менга кўпинча Ральф Милнни эслатиб, жиғимга тегишарди. Ўз вақтида уни мен 170 минг фунтга сотиб олгандим. Ёрдамчиларим менга дейишарди: "Босс, бизга яна битта Ральфи Милн керак". Улар 20 йил давомида мен билан ишлаб, буни ҳамон унутишмаган. Уиллям Прунье. Ҳатто Патрис Эвра бир куни мендан сўради: "Босс, сизда Прунье ўйнагани ростми?"

Райан Гиггз бошини эгиб, жавобимни кутарди.

- Ҳа, бизда кўрикдан ўтганди", - жавоб бердим.

- Ростанми? Қанча муддат?

- Иккита ўйин.

- Иккита ўйинли кўрик?

Янги ўйинчини биринчи навбатда кўниктириш лозим: банк, уй, тил, транспорт ва ҳ.к. Тил муаммоси одатда энг катта муаммо. Валенсия бундан азият чекди. Антонио учун бу ишонч масаласи эди. Мен француз тилида ёзаман ва ўқийман, лекин ушбу тилда гапиришга ишончим етмайди. Антонио буни биларди. У бир куни мендан сўради: "Француз тилини биласизми?". Нимага шама қилаётганини тушундим. Лекин мен унга агар Францияда ишлаганимда, француз тилида гапиришга уруниб кўрган бўлардим, дедим. Валенсия эса Англияда ишларди, худди шу ҳолат.

Валенсия ўта жасур ўйинчи эди, уни қўрқитиб бўлмасди. У бир неча бор муштлашишга ҳам мажбур бўлганди. У кураш қуйқумига отилади ва рақибни қўллари билан қамраб олади.

2006 йилги яна бир аҳамиятли ёзги трансфер - бу Майкл Кэррик. Биз уни сотиб олмоқчи бўлдик, Дэвид Гилл  мендан сўради: "Қанча тўлашга тайёрсан?".

"Агар сен уни 8 миллионга харид қилсанг,яхши битим имзолаган бўласан".

Мен Дэвид қайтиб келиб айтган гапларини ҳеч эсимдан чиқармайман: "Даниэл Леви маошни оширишингни сўрамоқда, шундан сўнг улар бир қарорга келишаркан".

Биз ҳафталаб тортишдик. Биз Майклнинг мавсум охиридаги "Арсенал" билан бўлган ўйинини кузатдик, ва Мартин менга шундай деди: "У аниқ "Манчестер Юнайтед"га мос футболчи". Ўйлашимча, илк таклиф 14 миллион фунтни ташкил қилган, кейинчалик нарх 18 миллионга чиққан.

Керрикнинг олдинга оширишлари мени ҳайратлантирди. У пасларнинг улкан диапазонига эга бўлиб, ўйинни қизғинлаштириб юбориши мумкин эди. Бир неча ой ўтгач, биз нима учун Майкл гол уролмаётганидан ташвишлана бошладик. Машғулотларда у ажойиб зарбаларини намойиш этарди, аммо ўйин давомида керакли нуқталардан тепмасди. Биз биргаликда бунинг устида ишладик. Биз унга кучли томонларини очиши учун кўпроқ эркинлик бердик. Бизда у янги сифатларини оширди.

Майкл - ажойиб йигит. У камтар бола, ҳар замонда уни қўзғатиб туриш ҳам керак. Мавсумни у унчалик яхши бошламайди. Биз бу ҳақда гаплашиб ҳам кўргандик - унга нима ҳалал беришини. Лекин октабр охирига келиб ҳаммаси изига тушиб кетарди.

Мен кетганимдан кейин Моуриньо "Челси"га қайтди. "Кўклар" сафида олдинлари менинг Премьер-лигадаги севимли ўйинчим тўп сурарди. Жанфранко Дзола сеҳрли футболчи эди. Унинг бизга "Стэмфорд Бриж"да урган голини эслайман: кўтарилди ва зарбадан олдин тўхтаб олди. Дзола усталик билан ўз ниятини амалга ошираётган бир пайтда, катта Палли унинг ёнидан сирғаниб ўтиб кетди. Палли ўша куни кўп гап эшитди. Брайан Робсон деди: "Сенда мувозанатни сақлаш учун кам бўлсаям имкон бор эмасмиди?" Лекин мен Дзолани жилмайиб ўйнашини кўпроқ ёқтирардим.

Жавоҳир Очилов таржимаси 

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Рууд ван Нистелрой. Ўн биринчи боб

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Футболсиз ҳаёт. Ўнинчи боб

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Рой Кин. Тўққизинчи боб

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Роналду. Саккизинчи боб

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Еттинчи боб

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Рио. Олтинчи боб

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Бекхэм. Бешинчи боб

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Янгиланиш. Тўртинчи боб

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Истеъфо. Кескин бурилиш. Учинчи боб

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Глазго илдизлари. 2-Боб

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Ўй ва ҳаёллар. Биринчи боб