Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Рио. Олтинчи боб

1 апрель, 22:30 434

Ўхшаш хабарлар

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Рио. Олтинчи боб

 

Рио Фердинанднинг саккиз ойлик аламли дисквалификацияси "Манчестер Юнайтед"га жуда оғир ботди. Қаттиқ ғазаб туйғуси ҳамон мени тарк этгани йўқ. Менинг норозилигим нафақат тест олиш қоидалари билан боғлиқ, балким Риони айнан бизнинг машғулот базамизда допинг-намуна топширишга мажбур қилишлари билан ҳам.

2003 йилнинг сентабр ойида "UK Sport" агентлигидан Кэррингтонга келган допинг-офицерлар тўртта тасодифий танланган футболчилардан анализ олишди. Кейинчалик ушбу кун Рио, унинг оиласи, "Манчестер Юнайтед" ва Англия терма жамоаси учун катта оқибатларга олиб келди. Машғулотлар тугагач Фердинанд (танланганларнинг тўрттасидан бири) Кэррингтонни тарк этди. Биз уни қидиришга тушдик, лекин топганимиздан сўнг текширувчилар машғулотлар базасидан кетиб бўлишганди. Рио тестни келаси куни, 24 сентабрда топширди, аммо кеч қолди. У допинг-тест қоидаларини қўпол равишта бузганлигини, ва уни жазога тортишларини хабар беришди.

Натижада футбол иттифоқи Рио Фердинандни 2004 йилнинг 20 январидан то 2 сентабригача дисквалификация қилди. Шунингдек 50000 фунт жаримага ҳам тортишди. Бу дегани у нафақат "Манчестер"нинг барча турнирлардаги иштирокини ўтказиб юборади, балким Англия терма жамоасига ҳам Европа чемпионатида ёрдам бера олмасди. Иттифоқ шунингдек Фердинандни 2003 йилнинг октабр ойида Туркияга қарши бўладиган ўйиндан ҳам четлатди. Бу воқеадан сўнг миллий терма жамоа ўйинчилари қўзғолон кўтаришига сал қолди.

Сентабрнинг ўша ҳалокатли тонгида допинг-назоратчилар бизнинг базамизда хотиржамлик билан чой ичиб ўтирарди, ва менинг фикримча, улар ўз ишларини охиригача бажармасди. Улар ҳатто Риони топишга ҳам урунишмади. Менимча, офицерлар майдон четида туриб, машғулотлар тугашини кутишлари керак эди, кейин эса уларнинг ортидан ечиниш хонасига боришлари лозим эди. Тахминан ўша пайтда назоратчилар "Рексим"га бориб, менинг ўғлим ва яна иккита футболчини ҳам текширган. Улар ўшанда машғулотлар тугашини кутишган ва кейин ўйинчилар билан ечиниш хонасига бориб, керакли анализларни олишган. Нима учун Рио билан бундан нарса юз бермади?

Биринчи бўлиб допинг-офицерларни бизнинг докторимиз Майк Стоун кўриб қолди. У бизга "UK Sport" ходимлари база майдонида юргани ҳақида маълумот етказди. Танлаб олинган тўрт нафар ўйинчи тест топшириш кераклиги тўғрисида хабар топишганди, Майк эса бу пайт улар билан чой ичиб ўтирганди. Бу хабар Риогача ҳам етиб борди, аммо биз унинг феъл-атворини билган ҳолда, у нима учун ўша кишилар билан учрашмаганлигига ҳайрон бўлмадик.

Рио Фердинанд допинг истеъмол қилмаганди. Биз буни билардик. Кўзларидан ҳам билса бўларди. Ва у ҳеч қачон машғулотларни ўтказиб юбормасди. Допингни истеъмол қилувчи футболчилар буни ҳар ёқда қилишади. Улар бемантиқ ва тескари ҳолатга келишади. Рио ҳеч қачон допинг қабул қилмаган бўларди, чунки у спортдаги катта жавобгарликни жуда яхши ҳис қиларди. Рио ақлли йигит, лекин озроқ бепарвороқ. Албатта, у хатога йўл қўйди, худди допинг-офицерлар сингари. Ахир улар асоратларни олдини олиш учун керакли чораларни кўришмади. Улар Риони футбол майдони четида кутиб туришлари шарт эди.

Рио Фердинанд допинг истеъмол қилмаган

Антидопинг қоидалари жиддий бузилганини сеза туриб ҳам, мен Фердинандга бу даражада оғир жазо қўлланилишини кутмагандим. Сен ўйинчиларингни ўз болаларинг каби кўриб қоларкансан, ва уларни бирор бир нарсада айблашса, сен бунга ишонгинг келмайди. Ҳаёт шунақа.

Бизнинг адвокатимиз Морис Уоткинс бу ишни судда ютиб чиқишимизга амин эди, чунки Рионинг тест топширишини расмий шахслар назорат қилмаганди. Менимча, "Манчестер Юнайтед"дан кўп вазиятларда ўрнак сифатида фойдаланилган. Эрик Кантона билан боғлиқ 1995 йилги воқеа биринчиси бўлди. У мухлисга нисбатан қўлланилган "кунг-фу" учун икки ҳафталик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Кейинчалик ушбу жазо бир юз йигирма соатлик жамоат ишларига ўзгартирилди. Шунингдек унга тўққиз ой футбол ўйнаш тақиқланди. Кейинчалик, 2008 йили Патрис Эвра "Стемфорд Бридж"да стадион ходими билан бўлган можародан сўнг Ассоциация томонидан жазоланди. Патрис 4 ўйинга диквалификация қилинди. Одамлар кўпинча "Юнайтед"га ўзгача муносабат бор, деб ўйлашарди. Аслида, бунинг акси эди.

Одамлар кўпинча "Юнайтед"га ўзгача муносабат бор, деб ўйлашарди. Аслида, бунинг акси эди.

Узоқ кечган юридик текширувлардан сўнг Интизом қўмитаси 2003 йилнинг декабрида "Рибок стэдиум"да ишни кўришни бошлади, ва бу саккиз соат давом этди. Интизом бузилишидан саксон олти кун ўтканди. Мен судда ҳимоя томонидан Рионинг вакилларидан бири эдим. Аммо уч ёқловчидан иборат гуруҳ Фердинанднинг ҳаракатларини ғайриқонуний, деб топди. Морис Уоткинс ҳукмни "хунук ва мислсиз", деб атади. Дэвид Гилл айтдики, Рио бошқаларнинг гуноҳига жавобгар бўлиб қолди. Футболчилар профессионал уюшмаси ижрочи директори Гордон Тэйлор қарор шафқатсиз эканлигини таъкидлади.

Ҳукм ўқилиб бўлгандан сўнг мен Рионинг онаси билан гаплашдим, бечора аёл дармонсизланиб қолган эди. Шубҳасиз, "Юнайтед" учун Фердинандни йўқотиш жуда катта фожеа эди, лекин бунинг асосий машаққатини барибир унинг онаси кечирди. Дженис телефонда йиғлади, мен эса уни ушбу воқеалар Риога бўлган муносабатимизни ўзгартирмаслигига сўз бердим. Биз унинг айбсизлигини билардик. У бу ишни ёш бола каби ўйламасдан қилди, лекин ўта жиддий жазоланди.

Ўшанда "Юнайтед"да апелляция масаласи ҳам кўриб чиқилди, лекин бу нарса самара бермаслиги аниқ эди. Нима учун допинг-тестни ўтказиб юбориш допинг қабул қилиш сифатида қабул қилинади? Мен бунга ҳеч тушунмасдим. Агарда сиз допинг истеъмол қилганингизни тан олсангиз, сизни ҳатто оқлаб чиқишлари ҳам мумкин. Биз ўйинчимиз рост сўзлаётганини сезиб турардик, тизим эса бунга ишонмасди. Футбол уюшмаси бу хабарни матбуотга тарқатиб юборганидан биз норози бўлдик. Махфийлик принципи бузилганди.

Болтондаги эшитишда нима бўлган тақдирда ҳам Рио кейинги ўйинда "шпорлар"га қарши майдонга тушишини айтдим. У Микаэл Силвестр билан жуфтликда ўйнади, ва биз "Уайт Харт Лейн"да 2:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Саккиз ойлик дисквалификациясидан олдинги охирги учрашувни Рио 2004 йилнинг 17 январида "бўрилар"га қарши ўтказди. Биз ўшанда 0:1 ҳисобидаги мағлубиятни тан олдик, у эса шикаст олиб, 50-дақиқада майдонни тарк этди. Унинг ўрнини Уэс Браун эгаллади. Кенни Миллер эса учрашувдаги ягона гол муаллифига айланди.

Мен Риони узоқ муддатга йўқотганимдан ташвишланардим. Бизнинг муносабатларимиз Фердинанд ҳали Англия футболининг энг қиммат ўйинчиларига айланмасдан анча аввал бошланганди. Мэл Мачин менинг дўстим эди, у менга Борнмутдан  қўнғироқ қилиб, унда "Вест Хэм"дан ижарага тўп сураётган бир ёш ўйинчиси борлигини айтди.

- Уни сотиб олгин, - маслаҳат берди Мэл.

- Исми нима?

- Рио Фердинанд.

Мен бу исмни Англия ёшлар терма жамоаси боис билардим. Мэл тиришқоқлик қилди. Албатта у "Вест Хэм" мураббийи Харри Реднапп билан яқин эди, ва унинг маълумотлари чин эканлигидан шубҳа қилмасдим. Мен бу масала бўйича Мартин Эдвардс билан суҳбатлашдим. Биз футболчини текширдик ва унда қўйидаги сифатларни аниқладик: келишган, оғир-босиқ, тўпни марказий форвард каби қабул қилади. Кейин эса Мартин "Вес Хэм" бошқарувчиси Терри Браун билан боғланди ва "Бизга бир миллион ва Дэвид Бекхэмни берасизлар", деган жавобни эшитди. Бошқача қилиб айтганда: "У сотилмайди!"

"Бизга бир миллион ва Дэвид Бекхэмни берасизлар"

Ўша вақт бизнинг ҳимоя қўрғонимиз Яап Стам ва Ронни Йонсонлар томонидан жипслаштирилганди, Уэс Браунга эса катта умид боғланган эди. Кейинчалик Рио 18 миллион фунт эвазига "Лидс"га ўтди ва ўзининг "Лестер Сити"га қарши кечган илк ўйинидаёқ, соддагина қилиб айтганда, янчиб ташланди. Ушбу баҳсни кузатар эканман, мен ўзимни анча енгил ҳис қилдим. Энди эса бу ҳолатимдан ўзим ҳам ҳозирги кунгача куламан.

"Худога шукр, яхшиямки биз уни сотиб олмаган эканмиз", ўйладим мен. У ўша пайт майдонда қандай ҳаракат қилишни умуман билмаганди. Лекин кейинчалик Рио тез орада ўзини ўнглаб олди.

Марказий ҳимоячилар ҳамиша "Манчестер Юнайтед"нинг асосини ташкил қилган. Ушбу позиция мен учун доим барқарор ва мустаҳкам бўлиши лозим эди. Масалан, Стив Брюс ва Гари Паллистерларни олайлик. Мен ушбу икки ўйинчини топмасимдан олдин биз ибодатсиз насроний каби эдик. Пол Макграт доим жароҳат оларди, Кевин Мораннинг эса доим боши ёриларди. У маст ва калтакланган боксчини эслатарди. Мен Норвегиядаги ўйинга бордим. У ерда Рон Йейтс ҳам "Ливерпуль" кузатувчиси сифатида бор эди.

- Мен сизларнинг ветеранингиз Морисни ўтган ҳафта "Блэкберн"да кўрдим, - деди у.

Мен сўрадим:

- У қандай ўйнади?

Жавоб:

- Унинг ўйини 15 дақиқа давом этди. Кейин эса у бошидан оғир жароҳат олиб, чиқиб кетди.

- Бунга ажабланмаса ҳам бўлади, - дедим мен.

Грэм Хог биз талаб қилган даражага чиқа олмади. Шунинг учун мен ҳар доим директорлар кенгашига айтардим: "Бизга ҳар ҳафта ўйнайдиган марказий ҳимоячилар керак. Улар бизнинг барқарорлигимизни ва изчиллигимизни таъминлайди".

Натижада биз ҳамиша ўйнай оладиган ва умуман жароҳат олмайдиган Брюс ва Паллистерларни қўлга киритдик. Мен ҳозиргача "Ливерпуль" билан ўйиндан олдинги жумани хотирлайман. Брюс тақим пайини ушлаган ҳолда базамиз атрофида оқсоқланарди. У ҳозирча таркибни маълум қилмасликни сўради. У ўтган ҳафта жароҳат олганди, мен эса жума куни 11 ўйинчини танлаб, стандарт ҳолатларни машқ қилишга одатланганман.

- Нима деганинг? - сўрадим мен.

- Мен тузалиб кетаман, - деди у.

- Тентаклик қилма, - жавоб бердим мен.

Ва у база атрофи бўйлаб югура бошлади. Стив майдон атрофида икки доира югурди ва ўзининг нормал ҳолатда эканлигини тасдиқлади. Бу яхши, аммо уни "Ливерпуль"нинг форвардлари Иан Раш ва Джон Олдриджларга қарши ўйин кутиб турарди. Бундан ташқари, Брюс тақим пайини ҳамон ушлаб юрарди.

У ўша ўйинда жуда яхши ҳаракат қилди. Стив ва Палли ажойиб ўйинчилар эди. Кейинчалик Стам бизнинг ўйинимизга худди шу каби ишонч ва мустаҳкамлик олиб келди. Ажойиб жуфтлик Фердинанд-Видич ҳақида ҳам шу сўзларни айтиш мумкин. Бугунги кунгача бўлган "Манчестер"нинг таркибларини таҳлил қилиб кўрсангиз, марказий ҳимоячилар ҳамиша ўзгача ролга эга бўлганига гувоҳ бўласиз.

Айнан шунинг учун Фердинанднинг сотиб олиниши менинг жамоа шакллантириш методимга тўғри келарди - марказдаги куч муқаддас ҳисобланади. Биз кўп пул тўладик (20 миллион фунтдан ошиқроқ), лекин ушбу маблағни 10 ёки 12 ойга чўзсак, анча нафли битим келиб чиқади. Албатта, бу пулни бошқа кучсизроқ номзодларга сарфласак ҳам бўларди. Аммо менинг фикримча, юқори даражада бўлган бир ўйинчи афзалроқ. Биз Рой Кинг учун 3,75 миллион фунт тўладик, бу ўша даврнинг трансфер рекорди эди. Лекин Рой бизга 11 йил давомида ажойиб ўйинлар тақдим этди. Жамоа раҳбарлигида бўлган вақт ичида мен кўпдан-кўп футболчиларни сотиб юбордим. Кўплар уларни ҳатто танимайди ҳам - заҳирадаги ёш ўйинчилар. Яқинда Шотландия ғарбига қилган саёҳатим давомида мен ҳисоблаб чиқдим ва бир мавсумда МЮда ўртача 5 миллион стерлинг сарфлашимни аниқладим. 

Рио бизга қўшилиши биланоқ, мен унга дедим:

- Сен жуда енгилтабиат бола экансан! Сен бу феълингни ўзгартир, акс ҳолда бу нарса бизнинг дарвозамизга голлар олиб келади.

Лекин у ўзгармасди. Баъзан у иккинчи ёки учинчи узатмада ҳаракат қиларди, кейин худди спорт автомобили каби сапчиб кетарди. Мен ҳали ҳеч қачон 189 сантиметрлик йигит темпни бу каби таасуротли ўзгартира олишини кўрмагандим. Секин-аста унинг концентрацияси яхшиланиб борди. Бундан ташқари жамоа олдидаги жавобгарлик ҳиси ҳам ортарди. Шундан сўнг Рио Фердинанд мукаммал футболчига айланди.

Рио Фердинанд мукаммал футболчига айланди

Ёш ўйинчини сотиб олиб, сиз биринчи кунданоқ унинг барча имкониятлари солинган пакетни қўлга киритмайсиз. Ўйинчи билан ишлаш лозим. Рио фақат кучсиз жамоаларга қарши ўйинларда бўшашарди, чунки улардан хавф-хатар кутмасди. Ўйин қанча муҳим бўлса, у шунча катта иштиёқ билан ёндошарди.

Ўтган ўн йилликнинг иккинчи ярмида Гари Невил жароҳат ола бошлади, Видич ва Эвра адаптация жараёнини ўтказмоқда эди. Ўшанда айнан Рио Фердинанд ва Эдвин ван дер Сар жамоанинг ҳимоя асосини ташкил қилишди. Мен Риони ҳатто 2006 йили "Блэкберн"га қарши кечган ўйинда ярим ҳимоя марказига ҳам қўйиб кўрдим. У Робби Сэведж билан бўлган тўқнашувдан сўнг майдондан четлатилди.

Балким бу кимнидир ҳайрон қолдирар, лекин Паллистер худди Риодек яхши ўйинчи эди. Унинг тезлиги юқори, аммо у югуришни хуш кўрмасди. Палли ўзини бериб ўйнамасди. У майдонда қанча кам ҳаракат қилсам, ўзимни шунча яхши ҳис қиламан, деб айтарди. Машғулотларда мен доим уни назорат қилиб турушимга тўғри келарди. Учрашувнинг биринчи ўн беш дақиқаси тугамай туриб, у қаттиқ ҳансираб қоларди. Мен Брайан Киддга айтардим: "Паллига қара - ўлиб қолади ҳозир".

Тан оламан, мен уни ўлдириб ташлагим келарди.

Кунларнинг бирида мен Паллини клуб тушлигига олиб кетиш учун унинг уйига бордим. Ичкарига кирар эканман, мен печка устида турган катта бутилкали "Кола" ва ширинликларга тўла баҳайбат тўрвани кўрдим. Мен унинг рафиқасига мурожаат қилдим:

- Нима деб фикр билдирасан бунга?

- Биламайман, Босс, неча марта унга айтганман, барибир гапимга кирмайди! - шикоят қилди у.

Шу пайт зинапоядан Палли тушиб келди. Мени ширинликларни томоша қилаётганимни кўриб, у хотинига деди:

- Мэри, нега сен бунча нарсани сотиб олдинг?

Мен унга бақириб юбордим:

- Исқирт дангаса, мен сени жаримага тортаман!

Гари Адонис эмасди, лекин у ажойиб ўйинчи ва зўр йигит эди. Худди Рио каби, у яхши пас узатиши ва хоҳласа тезкор бўлиши мумкин эди. Бизда бўлган охирги мавсумида у қошини ёриб олди ва ташқи кўриниши бузилганидан нолиб йиғлади. Палли ўзини Кэри Грант, деб ҳис қиларди.

Яхши ҳужумни бошлаб бера оладиган ва Франц Беккенбауэр каби ўткир пас берадиган марказий ҳимоячини мен атайин изламасдим. Темп ва ўйинни ўқий олиш - юқори даражадаги замонавий футболчи учун шартли бўлган хислатлар. Рио ушбу сифатларга эга эди, шунинг учун мен уни харид қилдим. У жуда яхши ҳимояланарди ва ҳужумни бошлаб берарди. Мен учун ҳимоя қўрғони қанчалик муҳим бўлмасин, янги марказий ҳимоячим ҳужумни ярата олиши мени жуда руҳлантирарди.

Фаолиятининг турли босқичларида Фердинанд ҳаётини футболдан бошқа нарсалар ҳам эгаллаганди. Бу бизни безовта қиларди. Мен унга унинг аристократик тушликлари ҳақидаги янгиликлардан тўйиб бўлганимни айтардим. "Сенга бир нарсани айтай: футбол сендан кўра айёрроқ. Қачонки сен уни алдашга уринсанг, бу ҳақда ҳамма хабар топади".

Қачонки бўшлик қилсанг, шу заҳотиёқ пастга шўнғий бошлайсан. Кичикроқ клубда бу кўзга ташланмаслиги мумкин, аммо "Манчестер Юнайтед"да сенга 76 минг жуфт кўзлар қараб туради ва уларни алдаб бўлмайди. Мен Риони огоҳлантирдим. Агарда унда футболдан ташқари ҳаёти сабабли профессионал сифатлари ёмонлашса, у жамоада узоқ қолмаслиги ҳақида айтдим.

Қачонки бўшлик қилсанг, шу заҳотиёқ пастга шўнғий бошлайсан.

Айтиш жоизки, Рио менинг сўзларимга тўғри муносабат билдирди. Биз шундай тизим ўйлаб топдикки, унинг агенти бизнинг олдимизда Рионинг майдон ташқарисида қилган ҳар бир ҳаракати тўғрисида хабар бериб туриши керак эди.

Рио ўзини футбол майдони ташқарисида кўрадиган ягона ўйинчи эмасди. Бугунги футболчилар юлдуз саналади, ва бу ҳақиқат. Бекхэм шундай ўйинчилар қаторида эди, Рио ҳам. Дэвид футбол майдони ташқарисида эришган барча ютуқлари, албатта, мўжизанинг ўзи.

Аммо Рионинг фаолияти тўлиқлигича машҳурликка қаратилмаганди. Масалан, унинг ЮНИСЕФнинг Африкадаги фаолиятига қўшган ҳиссасини тан олмасликни иложи йўқ. Рио африкалик болакайларнинг ҳаётини яхшилашга ёрдам берди. Биз ундан фақатгина айнан футбол уни юлдуз ва бойвачча қилганини унутмаслигини талаб қилардик холос. Баъзилар буни хоҳламайди. Баъзилар қилолмайди.

Рио доимо футболдан кейинги ҳаётга ўзини тайёрларди, ва бу оқилона иш. Мен буни тўрт йиллик мураббийлик курсларида бошимдан ўтказганман. Шу билан бирга менга P Diddy билан учрашиш шарт эмасди. Карьера якунлангач нима қилиш тўғрисидаги савол сезилмасдан туғилади. Футбол сенинг ҳаётингдан кетгач, ваакум пайдо бўлади. Бугун сен Англия Кубоги ва Чемпионлар Лигаси финалларида ўйнайсан, чемпионатда ғалаба қозонасан, сўнгра жимлик хосил бўлади. Ушбу вазифа ечимини ҳар бир ўйинчи топиши керак бўлади, ахир шон-шуҳрат эмоционал бўшликдан сақлай олмайди. Профессионал футболчи ҳаётининг иккинчи ярми у даражада жозибали кечмайди. Чемпионлик ўйини бошланишидан ўн дақиқа олдинги ўткир ҳиссиётларни нима билан алмаштириш мумкин?

Чемпионлик ўйини бошланишидан ўн дақиқа олдинги ўткир ҳиссиётларни нима билан алмаштириш мумкин?

Менинг карьерамнинг якунига келиб Рионинг белида сурункали муаммолар бор эди. Биз 2009 йили манчестер дербисидаги Крейг Белламинг бизга урган голини таҳлил қилардик. Унда Рио дармонсизланиб, рақибига курашни бой берганди. Агарда ушбу вазият икки йил муқаддам содир бўлганида, Рио қийинчиликсиз Белламидан тўпни олиб қўйиб, олдинга тепиб юборарди. Бошқа бир вазиятда Торрес бизнинг ҳимоячимиздан ўзиб кетиб гол киритганди.

Биз ушбу ёзувни таҳлил қиларканмиз, унда Рио офсайд ҳолатига тушириш учун Фернандодан олдинга бир қадам ташлаган экан. Бир йил олдин у хатосини тўғрилаган бўларди. Лекин бу ҳолатда Торрес уни елкаси билан туртиб, дарвозамизни ишғол қилди. Ҳеч ким ҳеч қачон Рио билан бундай йўл тутмаганди. Бел жароҳати унинг ўйинидаги мувозанатни йўқотди.

Рио доим ўзининг қувиб ўтиши билан машҳур эди. Бу унинг севимли иши эди. У жароҳати туфайли қиши билан даволанди, лекин формасини юқори даражада тиклай олди. Ва у 2009 йили лига Кубогининг жавоб учрашувида "Олд Траффордда" "Манчестер Сити"га қарши ажойиб ўйин кўрсатди.

Фаолиятим тугашида мен Риони ёшини инобатга олган ҳолда ўйинини ўзгартиришга қарор қилдим. Менинг тасаввуримда, имкониятларни кўпайтириш учун Рио ҳужумчилардан бир-икки метр орқароқда ўйнаши керак эди. Беш йил аввал бу иш у учун оддий нарса эди. Юқори темп билан у рақибга етиб оларди ва дарвозага йўлланаётган тўпни олиб қўярди. Энди эса Фердинанд бу каби ўйин намойиш эта олмасди. Энди у жиноят содир бўлишидан аввалроқ у жойни эгаллаши кўзда тутилганди.

У менинг қароримни қабул қилди ва хафа бўлмади. Мен унга кексайгани боис жисмоний ўзгаришлар рўй берганини тушунтирдим. 2011-2012 йиллардаги мавсумни Рио жуда ёрқин тарзда ўтказди. Ранжитган бир нарса, бу унинг Англия терма жамоасинг Евро-2012 учун эълон қилинган рўйхатидан жой олмагани. Рой Жонс мендан Рио Жон Терри билан ҳамон бирга ўйнай олармикан, деб сўради. "Унинг ўздин сўра, тўғриси, мен билмайман", деб жавоб бердим мен.

Бошқа бир нохуш воқеа Рио майдонга "Kick it out" футболкасида тушишдан бош тортганда юз берди. Биз бутун жамоамиз билан ушбу акцияда қатнашишга келишиб олгандик. Бу ерда коммуникация муаммоси ҳам юзага келди. Рио менга олдинроқ акцияни бойкот қилишини айтиши лозим эди, чунки биз уни қўллаб-қувватлашимизни олдиндан биларди. Футболчилар профессионал уюшмасига унинг даъвоси борлиги менга маълум эди. Унинг укаси Антон ва Жон Терри ўртасида ирқий тўқнашув келиб чиққанди. Лекин мен Риодан бундай реакцияни кутмагандим. "Челси" ва "КПР" ўйинида Антон Фердинандга ишлатилган ирқий ҳақорат учун Террини, албатта, жазолашди.

Мен офисимда ўтиргандим. Марк Халси кириб келди ва Рио футболкани кийишдан бош тортаётганини айтди. Мен бизнинг кит-менеджеримиз Альбертга бориб Фердинандга футболкани кийишини етказишини сўрадим. Рио бу сафар ҳам кўнмади.

Менинг даъволаримни у сукут сақлаб тинглади, аммо ўйиндан сўнг Ассоциация ирқчилик билан курашишга кераклича ёндошмаётганини айтди. Менинг позициям шундай: агарда сен ушбу футболкани киймасанг, демак сен ирқчиликка қарши ҳаракатни қўлламайсан. Ассоциация билан боғлиқ муаммоларни уларнинг ўзлари билан ҳал қилиш керак. Унинг қарори жамоада фақат парчаланиш пайдо қилди холос.

Қандай қилиб бир киши иккинчи кишини терсининг ранги бошқалиги учун ёмон кўришини мен ақлимга сиғдира олмайман.