Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Роналду. Саккизинчи боб

4 июнь,2017, 14:30 2201

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Роналду. Саккизинчи боб

 

Ҳаётим давомида мен кўплаб буюк ўйинчилар билан ишлаганман, лекин Криштиану Роналду уларнинг ичида энг иқтидорлиси. Унинг ёнига фақатгина бизнинг тарбияланувчиларимиз Гиггз ва Скоулзларни қўйиш мумкин. Бунинг ягона сабабаби шуки, улар "Манчестер Юнайтед" сафида йигирма йиллаб тўп суришди. Уларнинг футбол ҳаёти, ўзаро муносабатлари ва феъл-атворлари бошқалардан фарқли эди.

Сеҳргар Роналду Мадридда ўйнаётганига анча бўлди, лекин биз унинг ўйинларини доим фахр ва миннатдорлик ила ёдга оламиз. Бизнинг сафимизда у 2003 йилдан 2009 йилгача тўп суриб, 292 та учрашув ўтказди ва 118 марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. Роналду биз билан Чемпионлар Лигасини, Англия Кубогини, икки бор лига Кубогини ва уч марта Премьер-лигани ютишга муваффақ бўлди. У 2008 йили Москвада ўтган Чемпионлар Лигаси финалида "Челси" дарвозасини ишғол қилди. Кейинги йил "Барселона"га бой берилган финалдан сўнг жамоани тарк этди.

Биз ўзгача бир иқтидор улғайиб бораётганини кузатиб борардик. Роналдуни етук футболчи бўлишига биз катта ҳисса қўшганмиз, у эса "Юнайтед" ўйинига қизғинлик ва гўзаллик олиб келди.

"Реал" Роналду учун нима сабабдан 80 миллион фунт стерлинг тўлаганини биласизми? Флорентино Перес бу билан шундай демоқчи эди: "Биз мадриднинг "Реал"имиз, ва биз жиддий тарзда ўйнашга киришамиз". Улар фақат энг яхшиларни ўзига жалб қилиш ниятини билдиришди ва бу тўғри қарор эди.

Пересдан олдинги клуб президенти Рамон Кальдерон Роналду албатта "Реал"да тўп суришини бир йил аввалроқ таъкидлаганди. Агарда 80 миллионлик таклиф тушса, Криштиану бизни тарк этишидан хабарим бор эди. Биз унга Иберий яриморолига қайтишни тақиқлай олмасди. Роналдунинг ўзи ҳам Ди Стефано ва Зидан тўп сурган клуб футболкасини кийишни жуда-жуда хоҳларди. Роналду ва у каби йигитлар жамоамизда ёшлик чоғида пайдо бўлганида, биз  хавотирланмасдик, чунки улар ҳали юлдуз бўлиб улгуришмаган эди. Қачонки улар суперюлдузларга айланганида, мен ва Кейрушда савол туғиларди: "Биз уларни қанча муддат ўзимизда ушлаб туришга қодирмиз?"

Кейруш иложи борича аниқ фикр юритарди. У олдиндан башорат қилди:

- Алекс, агар сен уни беш йил ичида сақлаб қололсанг, демак омадлисан. Бунақаси ҳали бўлмаган. Ўн етти ёшли Португалиялик ўйинчи чет эл жамоасига ўтиб, у ерда беш йил қолиб кетмаган.

Унинг "Манчестер"даги олтинчи мавсумини бонус, деб атаса ҳам бўлади. Роналду билан биз еттита трофей ютиб олдик, ва мен буни яхши битим, деб ҳисоблайман.

Криштианунинг кетиш эҳтимоли энг юқори чўққига чиққан паллада, мен у билан учрашиш мақсадида Карлушнинг Португалиядаги уйига бордим. Унга демоқчи бўлганларим шундан иборат эди:

- Сен бу йил ҳеч қаерга кетмайсан, айниқса Кальдероннинг бу каби иддаосидан кейин. Биламан, Мадридда ўйнашни хоҳлайсан, лекин мен сени яхшиси отиб ташлайман, аммо унга сотмайман. Агарда кимки рекорд даражадаги маблағни таклиф қилса, фақат ўшандагина биз сени қўйиб юборамиз.

Мен бу ҳақда унинг агенти Жорже Мендешга ҳам хабар бердим.

Роналдуни тинчлантириб, мен тўғри йўл тутдим. Уни сотмаганлигимга ягона сабаб - бу Кальдерон эканлигини айтдим:

- Агар мен бу ишни қилсам, ҳурматимни йўқотаман. Ҳаттоки сен трибунада ўтирсанг ҳам - бундай бўлмаслиги аниқ - мен сенга бу йил кетишингга йўл қўймайман.

Мен барча тафсилотларни Дэвид Гилл билан улашдим, у сабаб хабар Глейзерларгача етиб борди, ва, ўйлашимча, бу ҳақда Мадридда ҳам хабар топишган. Ушбу битим тафсилотлари ижтимоий мулкка айланиш хавфи бизни тинч қўймасди, ва Криштиануни бу ҳақда огоҳлантирдик. У мадридликларга бирор бир хабарни етказишига ишонмасдим. Жорже Мендеш, шубҳасиз, мен учратган агентлар орасида энг яхшиси эди. У маъсулиятли инсон бўлиб, ўз ўйинчиларини ажойиб тарзда назорат қиларди ва клублар билан софдил эди. Роналдуни Испанияга кетиши уни ташвишга соларди, сабаби оддий - улар унинг бошини айлантириб ташлаши мумкин эди. Бошқа агентлар, ўзгача муҳит - ўйлашимча, у Криштиануни йўқотишдан хавфсирарди.

Мени ҳайратга солган нарса, Роналду ўзининг энг ёмон ўйинларидан бирини ўтказса ҳам, рақиб дарвозаси олдида камида учта хавфли вазият содир этарди. У қатнашган барча учрашувларнинг видеосини кўриб чиқишингиз мумкин, лекин Криштиану ҳеч бўлмаса учта голга тортадиган вазият яратмаган ўйинни тополмайсиз. Унинг истеъдоди ўйиннинг барча жиҳатларида намоён бўлади.

Фаолиятининг бошларида у ўта санъаткорона ўйин кўрсатарди. Роналду таълим-тарбия олган юртда футбол кўпроқ спортга эмас, театрга ўхшаб кетади. У кўпинча ноҳақ танқидга учрарди. Лекин Роналду ўзгарди. Танқидчилар назаридан одатда четда қоладиган жиҳат - бу унинг жуда катта тезлиги эди. Бор кучи билан олдинга отланаётган ўйинчига ҳатто бармоқ билан тегиб кетса, унда йиқилиб кетиш эҳтимоли катта. Оёққа берилган арзимаган зарба ёки тирсак билан итариш мувозанатни йўқотишга сабаб бўлиши мумкин. Ва бу вазиятда тезлик ва мувозанатнинг ўзаро нисбатини инобатга олмаслик нотўғри бўлади.

Бошида у, тўғриси, кўпинча ўзбошимчалик қиларди. Кейруш унинг маҳоратини тўғри оқимга йўналтириш учун анча тер тўкди.

- Сен буюк ўйинчи бўлишинг учун сени клуб ташқарисида тан олишлари лозим. Фақатгина биз учун буюк бўлиш камлик қилади, - деди Кейруш ва қўшимча қилиб, айтди: -Агар сен ўз вақтида пасларни амалга оширсанг, кроссларни қилсанг, рақиб сенинг ҳаракатларингни ўқий олмайди. Фақат ўшанда сен буюк бўлишинг мумкин.

Сен буюк ўйинчи бўлишинг учун сени клуб ташқарисида тан олишлари лозим

Унинг рўпарасидагилар билишардики - Роналду тўпни ушлаб туради. Агар сиз 2008-2009 йиллардаги Чемпионлар Лигасининг "Арсенал"га қарши кечган ярим финал баҳсини кузатсангиз, унинг ҳаракатларига эътибор қаратасиз. Биз қарши ҳужум уюштирдик, Роналду товони билан Пак Чи Сонга тўпни узатди, ва биз тўққиз сония ичида рақиб дарвозаси олдида пайдо бўлдик. Тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйиш учун бор йўғи тўққиз сония етарли бўлди.

Бу унинг қуруқ савлатлилик ва ўзининг қанчалик зўр эканлигини исботлаш ҳаракатларини йўққа чиққанидан далолат эди. Ҳа, худди шундай, барча иқтидорли ўйинчиларнинг эҳтиёжи - бу ўзининг талантини ҳаммага кўз-кўз қилиш. Ва Роналду бу одатини ҳеч ташлагиси келмасди. Унга қарши қанчалаб қоида бузилмасин ёки тўп олиб қўйилмасин, у қиёфаси шундай деб турарди: "Ҳой, сен мени тўхтатиб қололмайсан, ахир мен Роналдуман". У довюрак ва ўзига ишонган йигит эди. Ўйлашимча, Криштиану ўзини фалакларга олиб чиқиб қўйганди ва гўёки бутун "Манчестер Юнайтед" унинг истеъдодидан мутаассир бўлиб қолгандек тутарди ўзини.

Ҳой, сен мени тўхтатиб қололмайсан, ахир мен Роналдуман

Бошқа ўйинчилар унга машғулотларда ёрдам беришди. Керрингтондаги базамизда шуғулланаётган пайтларимизда, Роналдудан тўпни олиб қўйишса, у "А-А-А-А-А", деб даҳшатли овозлар чиқарарди. Бу нарса қолганларнинг асабига тегарди. Лекин тез орада у ўз тарбиясига таянган ҳолда бу қилиғини ташлади. 2008 йил "Болтон"га қарши кечган ўйинда Роналдуга қарши қўпол ўйин учун пенальти белгилашди, лекин ҳеч қанақа қўполлик бўлмаганди. Криштиану пенальти ишлашни хоҳламаганди, бу ҳакамнинг хунук хатоси эди. Ҳимоячи унга ташланишда тўпни тепиб юборган эди, Роналду эса мувозанатини сақлай олмаганди холос. Бу нафақат Криштиану учун, балким учрашув бош ҳаками Роб Стайлз нуқтаи назаридан ҳам кулгили ҳолат эди.

Роналдуни "Юнайтед"дан олдин "Реал" ёки "Арсенал" сотиб олиши ҳақидаги гап-сўзларга қарамай, биз унинг биринчи клуби "Спортинг" билан келиша олдик. Биз ўз мураббийларимизни уларга жўнатардик, улар ҳам худди шундай қилишарди. Карлуш 2002 йил келгач, шундай деди:

- "Спортинг"да бир ёш йигитча бор, ўйлашимча, биз унга эътибор қаратишимиз лозим.

- Кимни айтаяпсан? - сўрадим мен, чунки бундай ўйинчилар бир неча эди.

- Роналду, - деди у.

Биз у тўғрисида барча маълумотга эга эдик. Криштиану ўшанда ҳужум марказида ўйнарди. Карлуш бизни фаолроқ бўлишга чақирди, чунки бу болакай ўзгача эди. Шунда биз Жим Райанни "Спортинг" машғулотларини кузатишга юбордик. Қайтгач, у шундай деди:

- Вой, мен шундай бир ўйинчини кўрдимки! У ёшлар жамоасида марказий ҳужумчи бўлиб ўйнайди, лекин ярим ҳимоячи бўлади, деб ўйлайман. Менимча, кўп ўйламаган мақул, яқин орада уни илиб кетишлари мумкин.

Биз "Спортинг" билан вундеркинд борасида музокараларни бошладик, лекин улар Криштиануни яна икки йил ушлаб турмоқчи эди. Мен таклиф қилган битимга кўра, у айтилган муддат жамоада қоларди, ундан кейин эса бизнинг сафимизга қўшиларди. Таъкидлаш жоизки, битим икки клуб ўртасида ҳеч қандай агентлар аралашмаган ҳолда кечди.

Ўшанда ёз пайтида Кейруш "Реал"га кетди, биз эса Америка бўйлаб тур ўтказдик. Шунингдек бизни Хуан Себастьян Верон ҳамда Питер Кеньонлар тарк этишди. Биз "Спортинг" билан уларнинг янги, Евро-2014 учун қурилган стадионида ўйин ўтказишга келишдик.

Учрашувга старт берилди. Жон О'ши ўнг қанот ҳимоясида ҳаракат қилди. Кўплар ҳозиргача Роналдуни ўша ўйинда Гари Невилни эсанкиратиб ташлаганини таъкидлашади, лекин бу позицияда Жон ўйнаган эди. Роналдунинг биринчи муваффақиятли узатмасидан сўнг мен унга қичқирдим:

- Ўтинаман сендан, у билан яқинроқ ўйна, Шизи!

Жон елкасини қисиб қўйди, унинг юзида алам ва ҳайрат кўринарди. Заҳира ўриндиғидаги ўйинчилар менга деди:

- Босс, бу йигитча ўта ғаройиб.

- Хавотирланманглар, мен ҳаммасини кўзда тутганман, - дедим мен.

Сўнгра мен Альбертга Кеньонни VIP-ложадан чақириб келишини сўрадим.

- Ушбу йигит билан шартнома имзоламас эканмиз, ҳеч ким бу ердан кетмайди, - дедим мен.

Ушбу йигит билан шартнома имзоламас эканмиз, ҳеч ким бу ердан кетмайди

- Нима, у шунчалик зўрми? - сўради Кеньон.

- О'ши унга қарши ўйнайман, деб тутқаноқ бўлиб қолди, - дедим мен. Уни қўлдан чиқариб бўлмайди.

Кеньон клуб вакиллари билан боғланди ва Роналду билан учрашишга рухсат олди. Улар "Реал" Криштиану учун 8 миллион евро таклиф қилганини айтишди.

- Демак, биз у учун 9 миллион таклиф қиламиз, - дедим мен.

Роналду агенти билан пастда кичик бир хонада ўтирар эди. Биз унга мақсадимизни айтдик. Мендешни ёнида мен унга шундай дедим:

- Сен ҳар ҳафта ҳам майдонга тушавермайсан, лекин тез орада асосий таркиб ўйинчисига айланасан. Мен бунга шубҳа қилмайман, ахир сен бор-йўғи ўн етти ёшдасан. Мен сени ўз ўйиним моделига киргизишим учун вақт керак бўлади.

Эртаси куни Криштиану, унинг онаси, опаси, Жорже Мендеш ва адвокат хусусий самолётда Манчестерга етиб келишди. Биз битимни охиригача етказишимиз керак эди. Ҳаммаси ҳаддан ташқари тез ўтди. Бир вақтлар Глазгода мен иқтидорларни шахсан ўзим излаб топардим. Мен топган футболчи билан шартнома тузилди. "Ўзинг ахтариб топган ўйинчи билан бирга ишлаш қандай қувонарли", дердим доим.

Ўзинг ахтариб топган ўйинчи билан бирга ишлаш қандай қувонарли

Кунларнинг бирида мен Жек Лондон романи асосида суръатга олинган олтин қидирувчилари ҳақидаги "Оқ қозиқтиш" фильмини кўраётгандим. Ўшанда мен скаутларнинг иши ҳам худди шундай, деган фикрга келдим. Шанба кунги ўйинни кузатсанг, унда Бест, Гиггз ёки Чарльтонни кўриш мумкин. Мен Лиссабонда ўзгача ҳиссиётларни бошимдан кечирдим.

Фаолиятим давомида мен ҳали бунақанги кучли ҳаяжон ва завқга берилмагандим. Балким Гаскойнни эслашим мумкин, лекин бошқа сабаб билан. "Ньюкасл" ўшанда юқори лигада қолиш учун курашаётганди, Гаскойн эса кичикроқ жароҳат олди. Пасха байрами арафасида биз "Сент-Жеймс Парк"да ўйнадик, ва мен марказга Норман Уайтсайд ва Реми Мозесни қўйдим. Бу икки ярим ҳимоячи анойилардан эмасди ва рақибга катта қийинчиликлар туғдирарди. Менинг кўз ўнгимда Гаскойн Мозесни ёш болаларча алдаб ўтди. Мен ўз ўрнимдан сакраб туриб кетдим ва қичқирдим:

- Тезда хатоингизни тўғирланглар!

Уатсайд ва Мозес Гаскойнни бу беҳурматлиги учун жазолашга қарор қилишди, аммо у уларнинг иккисидан ҳам ўзиб кетди.

Биз ўша ёзда Полни қўлга киритиш учун бор кучимизни сарфладик,  лекин у "Тоттенхем"га насиб этди. Сенинг кўз ўнгингда бундай футболчилар ўйнаса, иш фаолиятингда ҳар бир лаҳзадан ахтараётган туйғуларингни ҳис қиласан. Айнан мендаги кашфиётлик ҳис-туйғуси ўша куни Гаскойнни қўлга киритишга ундади.

Роналдуни эса Кеньон кўндира олди. Ўйлашимча, "Спортинг"нинг раҳбарияти уни Испаниянинг клубларига ўтмаганидан хурсанд бўлишган. Битим тезлик билан тузилди ва умумий қилиб айтганда, биз учун 12 миллионга тушди. Келишувга биноан, агарда Роналду сотиладиган бўлса, биринчи навбатда португалияликлар уни харид қилишга ҳақли эди. Роналдуни Мадридга сотиб юборишдан олдин биз бу ҳақда "Спортинг"га хабар бердик ва у учун 80 миллион евро таклиф қилдик. Кутилганидек, уларда бундай маблағ топилмади.

Битим тезлик билан тузилди ва умумий қилиб айтганда, биз учун 12 миллионга тушди

Чеширда Роналду онаси ва опаси билан бирга яшарди, бу жуда яхши эди. Унинг онаси виждонли, камтар аёл бўлиб, Роналду учун ишончли таянч эди. Лин ва Барри Мурхаузлар Роналдуга банк операциялари ва шунга ўхшаш кундалик турмушларида ёрдам беришди. Кўп ўтмай улар Олдери Эдж яқинидаги бўш турган уйларимизнинг бирига жойлашиб олишди.

Биз лиссабонликлар билан ўйиндан кейин Шимолий Америка бўйлаб уюштирилган турдан қайтаётган эдик. Биз ижарага олган "Даллас Ковбойс" самолётида Фердинанд, Гиггз, Скоулз ва Невилларнинг Роналдуга бўлган ҳаваси ҳамон ўчмаганди ва мени уни сотиб олишга кўндира бошлашди

 Фердинанд, Гиггз, Скоулз ва Невилларнинг Роналдуга бўлган ҳаваси ҳамон ўчмаганди ва мени уни сотиб олишга кўндира бошлашди

Роналду бизнинг базамизга келиб қўшилган пайтда, унинг донги ўйинчилар орасида чиқиб улгурганидан хабардор эди. Менимча, бу нарса у учун қўл келди.

2003 йилнинг 16 август санасида у биринчи бор бизнинг таркибимизда заҳирадан майдонга тушди. "Болтон" ҳимоячиларига осон бўлмади. Майдон марказида Роналдудан тўпни олиб қўйишди, лекин у рақибни қувиб етди ва хатосини тўғирлади. "Бу йигитда юрак бор экан", деб ўйлаб қўйдим мен ўшанда.

Навбатдаги ҳужумда у пенальти ишлаб олди, лекин Ван Нистелрой уни амалга ошира олмади. Кейин у ўз хоҳиши билан ўнг қанотга ўтди ва бир неча бор ажойиб кроссларни амалга оширди. Шуларнинг бирида тўп Скоулзга етиб борди, у Нистелройга узатди, берилган зарбани рақиб дарвозабони қайтарди, қайтган тўпни эса Гиггз дарвозага жойлаб қўйди. Мухлислар жамоага янги халоскор келганига ишона бошлашди.  "Олд Траффорд" ўз қаҳрамонларини ясашга уста. Роналду "Юнайтед" мухлисларининг Эрик Кантонадан кейинги энг севимли ўйинчисига айланди. Албатта, унда Эрикда бор жасурлик хислатлари мавжуд эмасди, аммо унинг йирик махорати кўриниб турарди.

 Мухлислар жамоага янги халоскор келганига ишона бошлашди

"Арсенал"га урилган гол Роналдуни қарши ҳужумларда ўйнай олишини кўрсатиб берди. Тўп шиддат билан Пак ва Рунидан Роналдуга келиб тушди. Мен унга доим таъкидлардим: "Дарвоза томон кетаётганингда қадамларингни кенгроқ ташла". Қадамлар кенг ташланса, вақтдан ютиш мумкин бўлади. Агарда ўйинчи тезлашса, мувозанат йўқолади, секинроқ югурганда,  ўйлаб олиш учун имконият бўлади ва калла ҳам яхшироқ ишлайди. Ўша куни у худди шундай йўл тутди.

2004 йилнинг баҳорида Англия Кубогининг финалидан олдин менинг янги ассистентим Уолтер Смит ўйинчиларимизнинг маҳорати борасида савол берди:

- Роналду, у шунчалик зўр ўйинчими?

- Ҳа, у ажойиб футболчи. Ҳатто иккинчи қаватда ҳам Криштиану бош билан яхши ўйнай олади, - жавоб бердим мен.

- У бош билан фақатгина машғулотлар пайтида яхши ўйнайди, - деди Смит. - Ўйин пайтида мен буни кўрмаганман.

Шанба куни бўлган учрашувда Роналду боши билан жуда ажойиб гол киритди. Мен Уолтерга юзландим.

- Бўлди-бўлди, тушунарли - деди у дарҳол.

Мен "Маллуол"нинг "Сандерленд"га қарши кечган ярим финал ўйинини кўриб чиқиб, ёрдамчиларимга дедим:

- Тим Кэйхилл деганлари чакки эмас.

Унинг бўйи паст бўлгани билан, баландга сакрай оларди. Тўпни ўзида эгаллаб туриш қобилиятига эга бўлмасада, Кэйхилл рақибга кўплаб муаммолар туғдириши мумкин эди. Рақиб кушандаси, деса ҳам бўлади. Биз Тимни бир миллионга олсак бўларди, у яхши шаклланган жамоада кўплаб голлар уриши мумкин эди.

Деннис Уайз ўша куни анча жасурона кайфиятда эди. Ўша пайтлар Премьер-лигада у каби нопок ўйинчилар кўп бўлиб, "Эҳ, ҳозир мен майдонда бўлиб қолсам эди", деб ўйлашга мажбурларди кишини. Менинг шерикларимнинг кўплари айнан Уайз ҳақида шундай дейиши мумкин эди. У олтмишинчи йилларда ўйнаганида, соғ-саломат қолмасди.

Агарда сиз майдонда ўта яхши ҳаракат қилсангиз, зимдан зарба еб ўйиндан чиқиб кетишингиз мумкин. Уайз ҳатто курашда енгилаётган бўлса ҳам оёқларини олиб қочмасди. Ҳозир у каби жанговар, жароҳат олишдан қўрқмайдиган футболчилар кам. Аммо ўша куни ундай бўлмади, Роналду "Миллуолл"ни тор-мор этиб ташлади.

Роналду билан боғлиқ энг катта жанжал 2006 йилги Жаҳон чемпионатида содир бўлди. Руни майдондан четлатилгач, Криштиану португалияликлар заҳира ўриндиғи томонга қараб кўз қисиб қўйди. Ушбу воқеадан сўнг бу икки футболчи бундан буён бирга ўйнай олмаслиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. Лекин Руни ўшанда жуда тўғри йўл тутди. Дам олиш вақтида мен Руни билан қўнғироқлашдим. Мен уларнинг иккаласи бирга интервью бериши зарурлигини айтдим Уэйнга. Бу уларнинг орасида ҳеч қандай низо йўқлигини кўрсатиб берарди.

Роналду билан боғлиқ энг катта жанжал 2006 йилги Жаҳон чемпионатида содир бўлди

Эртаси куни мен бу таклифни Майк Феланга айтиб бердим. У интервью кўзбўямачиликдек бўлиб кўринишини айтди. У ҳақ, деб ўйладим мен. Лекин Рунининг мардлиги Роналдуни лол қолдирди. Криштиану ўйлагандики, у "Юнайтед"га бошқа қайтолмайди, ОАВ уни йўқ қилиб ташлайди. Руни унга бир неча бор қўнғироқ қилди ва тинчлантирди. Айтганча, илгари ҳам "Юнайтед" футболчилари орасида терма жамоалар ўйинлари пайтида можаро юз берганди. 1965 - йил. Англия-Шотландия ўйини. Нобби Стайлзнинг бўлажак жаҳон чемпионлари сафидаги биринчи матчи. Стайлз ўз кумири бўлган Денис Лоунинг ёнига бориб, "Омад сенга, Денис", деди. Лоу унга "Йўқол, ифлос инглиз", деб жавоб қайтарди. Стайлз бундай жавобдан ҳайратга тушганди.

Ҳа, Роналду ҳақиқатан Рунининг қўполлигидан сўнг ҳакамнинг олдига югуриб борди - бу футболда кўп учрайдиган ҳолат. Криштиану ўз ватани ғалабасини хоҳлаганди, у "Манчестер Юнайтед" ҳақида ўйламасди ҳозир. Бу Жаҳон Чемпионати ўйини. Албатта, Роналду ўз қилмишидан афсусланди. Биз унинг уйида меҳмон бўлганимизда бунга амин бўлдик. Унинг кўз қисгани нотўғри талқин қилинган. Мураббий ундан жанжалга аралашмаслигини сўраган, Криштиану эса жавобан кўзини қисиб қўйган. Бу ишора Рунини майдондан четлатилгани учун мамнунлик белгиси эмаслигига мен ишондим.

Биз Португалиядаги виллада тушлик қилдик, Жорже Мендеш ҳам биз билан эди. Рунининг Мендешга қилган қўнғироғи бизга анча қўл келди. Мен Криштиануга дедим:

- Сен "Юнайтед" тарихидаги энг қудратли ўйинчилардан бирисан. Агар сен бизни тарк этсанг, ҳаммасини барбод қилган бўласан.

Мен унга 1998 йили Бекхэм билан бўлган воқеани сўзлаб бердим:

- Ҳаммаси деярли шундай бўлганди. У барча учун шайтон тимсолига айланганди. Аммо бу йигит жасурлиги боис ҳаммасини енгиб ўтди.

Ўша можародан сўнг бизнинг навбатдаги ўйинимиз меҳмонда "Вест-Хэм"га қарши кечди. У ўшанда ажойиб ўйин кўрсатди.

- Сен ҳам буни енгиб ўтишинг лозим, - дедим мен Роналдуга.

Лондондаги унинг биринчи учрашуви "Чарльтон"га қарши кечди. Мен президентлар ложасига жойлашиб олдим. У ерда бир маҳаллий йигит Роналду томон ҳақоратлар ёғдирарди: "Португалиялик ҳаромзода" ва шунга ўхшаш айтиб бўлмас ҳайқириқлар. Танаффусга беш дақиқача қолганида Роналду тўпни қабул қилди ва тўрт ўйинчидан ошириб уни дарвозага жойлаб қўйди. Ўша йигит кейин ўрнида туролмай қолди. У қайғуда эди, худди унинг ҳақоратлари Роналдуга янада куч бағишлаётгандек.

Роналду мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлади ва Руни билан муносабатларини яхшилаб олди. Уэйн барибир майдондан четлатилган бўларди, Криштианунинг бунга аралашгани ҳеч нарсани ҳал қилмасди. Мен бу жанжал якунига етганидан жуда севиндим. Биз уни жамоада сақлаб қолдик, бу эса Москвада ўтган Чемпионлар Лигаси финалидаги ғалабанинг пойдевори эди.

2012 йили мен, Петер Шмейхел ва Сэм Эллардайс BBC нинг "Саволлар ва жавоблар" эшиттиришида меҳмон бўлдик. Бошловчи Дэн Уолкер шундай савол берди:

- Ким кучли - Роналдуми ёки Месси?

- Роналду жисмонан кучлироқ, ҳавода жуда ажойиб тарзда ўйнай олади, икки оёғи ҳам тезкор ва чаққон. Лекин тўп Мессига келиб тушса, у ҳақиқий сеҳргарга айланади. Унинг паст гравитацияси рақибни гангитиб қўяди, унда имконият қолмайди.

Роналду жисмонан кучлироқ, ҳавода жуда ажойиб тарзда ўйнай олади, икки оёғи ҳам тезкор ва чаққон. Лекин тўп Мессига келиб тушса, у ҳақиқий сеҳргарга айланади.

Шмейхелнинг фикрича, Роналду кучсиз жамоада ҳам ўз ўйинини топа олади, Месси эса - йўқ. Бу ҳақиқат. Петернинг ўйлашича, Мессининг ўйини Хави ва Иньестага жуда боғлиқ. Бу нарса Роналдуга ҳам тегишли, уни доимий равишта тўп билан таъминлаб туриш лозим. Мен доим таъкидлаб келаманки, бу  икки футболчидан бировини яхшироқ деб айтиш нотўғри, чунки уларнинг ҳеч бирини иккинчи ўринга қўйиб бўлмайди.

Мен учун Криштиану билан бўлган яқинлигимиз жуда муҳим, гарчи у Мадридга кетган бўлса ҳам. Бизнинг алоқаларимиз ҳамон сақланиб қолмоқда.