Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Рой Кин. Тўққизинчи боб

5 апрель,2017, 21:40 441

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Рой Кин. Тўққизинчи боб

 

Рой Кин кучли, қаттиқ характерли, серғайрат ва ўйин стратегиясини кўра оладиган футболчи.  Жамоадошлари орасида унинг обрўйи баланд бўлиб, кийим алмаштириш хонасида ўйинчиларни руҳлантиришда Рой катта рол ўйнарди. Бу эса анча машаққатли иш.

Лекин 2005 йилнинг ноябрида Рой жамоамизни тарк этди, орамизга совуқлик тушди. У нима учун "Селтик"ка кетгани тўғрисида менда аниқ маълумотлар мавжуд.  Лекин даставвал қандай қилиб у "Манчестер"нинг ҳаракатлантирувчи кучига айланганини сўзлаб бермоқчиман.

Рой ўйлардики, агарда кимки майдонда бор кучини бериб ҳаракат қилмаса, у ўша ўйинчини эзиб ташлашга ҳақли. Агар у бировга тегишиб олса, бу яхшиликка олиб келмасди. Ўйлашимча, буни ёмон томони йўқ. Брайан Робсон, Стив Брюс, Эрик Кантона каби кучли ўйинчилар доимо менга футболчилар билан тушунтириш ишлари олиб боришга ёрдам беришарди.

Мен ўйнаган вақтлари камдан-кам ҳолатларда мураббийлар учрашув тугаши билан футболчиларга танбеҳ беришга киришарди. Ўйинчилар орасида эса бу пайт жанг авжига чиқарди. Жанжални кўпинча футболчиларнинг ўзлари уюштирарди, масалан, душхонада. У ерда сув шовқини аралаш сўз отишмаси рўй берарди: "Шундай вазиятни барбод қилдинг, сен ундайсан-бундайсан"

Мен ҳам кўпинча дарвозабон ва ҳужумчиларни ўтказиб юборилган тўплар учун койирдим. Билардимки, агар ўзим биринчи бўлиб бошламасам, тез  орада менга ҳам таъна тошлари ёғилиб кетишини. Бугунги кунда мураббийлар ўйин тугагач, футболчилар билан дарҳол муҳокамани бошлаб юборишади. Финал ҳуштагидан кейинги 10-15 дақиқа муддат таҳлил, танқид ёки мақтов учун энг фойдали вақт.

Рой билан боғлиқ кўплаб драматик ва кескин воқеалар юз берган. Бир куни мен ечиниш хонасида Рой ва Рууд ван Нистелрой жанжаллашуви устидан чиқдим. Охири шериклари уларни ажратиб қўйишгача борди. Лекин ҳамма ҳам ван Нистелрой каби Кинга қарши чиқишга журъат этолмасди. У қаҳрли ва кишида ваҳимага уйғотадиган ҳислатга эга. Агарда Кин ғазабланса, яхшиси унинг қўлига тушмаслик маъқул.

Менинг ўйлашимча, Кин олдинги Рой Кин эмаслигини тушуниб етгач, унинг муносабати ўзгарди. Карлуш ҳам шу фикрда. Ройнинг ёши ҳамда олинган жароҳати унинг қобилиятига таъсир қилмай қолмади. Биз буни ҳис этган ҳолда унга майдондаги вазифаларига бошқача қарашга ёрдам бериш учун ҳаракат қилиб кўрдик. У илгаридек бутун майдон бўйлаб югурмасдан, ҳужумга қўшилмасдан ўйнашини хоҳлардик. Ҳар сафар, тўпни бизнинг ўйинчиларимиздан бири эгаллаб олса, Рой ундан пас беришини талаб қиларди. Бу яхши ҳислат, албатта. Ахир биз ҳаракатда бўлиш ва ҳужумни қўллаб-қувватлаш маҳоратини абсолют даражага чиқарганмиз. Аммо Рой у ёшдан ўтганди, лекин ҳамон буни тан олгиси келмасди.

Менимча, у биз ҳақ эканлигимизни билса ҳам, бўйсунишга ғурури йўл қўймасди.  Мавсум давомида у олдинги юкламаларни бажаришга жисмонан ожизлик қила бошлади ва ҳимояга қайтишга улгуролмайдиган бўлиб қолди. У ўзгарди. Сон ҳамда пайларга қилинган операциялардан сўнг ўзгармай бўладими ахир? Рой бор кучини сарф қилиб ишлаш бўйича барча учун намуна эди, аммо ўттиз ёшдан кейин хатолардан қутулиш анча мушкул. Биз  аввалги Рой Кинни бошқа кўрмаслигимизни англадик.

Биз унга ўйинни назорат қилиши учун майдон марказидаги позицияни таклиф қилдик. У илгари каби майдондаги асосий ролни ўйнашдан бош тортолмасди. Бизнинг можаромизнинг асл сабаби ҳам шу ерда яширилган. Кин ўзини Питер Пэнман, деб ҳисобларди, аммо ундай бўлишнинг имкони йўқ. Райан Гиггз, балким, бу образга яқинроқ эди, аммо у жиддий жароҳатларни четлаб ўтканди. Сон билан боғлиқ муаммолар эса Ройни анчагина жисмонан заифлаштирди.

Биз 2005-2006 йилги мавсум учун тайёргарлик кўриш мақсадида Португалиядаги машғулот базамизга йўл олдик. Ўртамиздаги илк низо ўшанда юз берди. Португалияга бориш таклифи Карлуш Кейрушга тегишли эди. Таъкидлаш жоизки, у биз учун Вале-до-Лобода ажойиб база ташкиллаштирди.  Машғулот майдонлари, тренажёр зали ва ихчамгина уйлар барчага маъқул келди.

Мен у ерга Франциядаги таътилдан сўнг етиб бордим. Ҳамма ўйинчилар ва ходимлар аллақачон жойлашиб бўлишган экан. Менга бир хунук хабарни етказишди. Рой Карлушни ўз ҳолига қўймаётган экан. Кейруш менга ҳаммасини тушунтириб берди. Ройга Вале-до-Лободаги бирорта уй маъқул келмаган эмиш. Таклиф қилинган иккита уйни у кондиционери йўқлиги учун инкор қилган. Учинчи уй - мен ўзим бориб кўрдим - фантастик даражада эди. Лекин у ҳам Ройга ёқмапти. У ўз оиласи билан қўшни қишлоқда жойлашишни хоҳлади.

Биринчи куни кечки овқатга биз меҳмонхона патиосида барбекю ташкиллаштирдик. Бир пайт менинг ёнимга Рой келди ва гаплашиб олишимизни айтди.

- Рой, илтимос, шуни эрталаб гаплашайлик, - дедим мен.

Машғулотлар якунланган мен уни олдимга чақириб, дедим:

- Тинчликми, Рой? Мен ҳамма уйларни кўздан кечириб чиқдим - муаммо йўқ экан-ку.

Шундан сўнг у ҳамма нарсадан шикоят қила бошлади, кондиционердан тортиб Кейрушгача. Нима учун биз бу ерга келдик ва ҳоказо? Унинг бу қилиғи жамоанинг унга бўлган муносабатини жиддийлаштирди. Машғулотларда у ўзини четга олди, менга бу ёқмади.

Сафар барчамизга маъқул келиши учун Карлуш қўлидан келган ҳамасини қилган эди. Йиғин тугагач, мен Ройни офисимга таклиф қилдим. У Карлушдан кечирим сўрашини хоҳлагандим, аммо у бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмади.

Бир куни иккаламиз баланд оҳангда баҳслашаётган эдик, у менга деди: "Сиз ўзгардингиз".

Мен жавоб бердим: "Рой, албатта, ўзгараманда. Замон ўзгармоқда. Агар мен ўзгармаганимда, ҳеч қачон мувоффақиятларга эришмасдим".

Орамизга қизғин баҳс юзага келди. Мен унга дедим: "Сен жамоа сардорисан. Бу қилиқларинг билан сен қолган ўйинчиларга нисбатан маъсулиятсизлик қилдинг. Биз сенга хароба кулбада яшайсан, деганимиз йўқ эди, яхшигина уйларни таклиф қилгандик".

Бу можаро кўнгилда ёмон доғ қолдирди ва муносабатларимиз янада бузила бошлади. Сўнгра яна бир нохуш воқеа юз берди. Рой MUTV  телеканали орқали бир неча ёш ўйинчилар устидан бўҳтонлар ағдарди. Ўшанда футболчиларимиз MUTV га навбат билан интервью бериб келаётганди. Навбат Гари Невилга келди. Душанба куни "Мидлсбро" билан кечган учрашувдан сўнг матбуот-котибимиз Невиллнинг ўрнига Кин интервью беришини айтди. Мен бунга унча аҳамият бермадим.

Кейин маълум бўлдики, Кин футболчиларимизни шанба кунги ўйин учун ерга қорипти. Киран Ричардсонни у "дангаса ҳимоячи", деб атаган. Нима учун Даррен Флетчерни Шотландияда бунчалик қадрлашларини тушунмаслигини айтган. Ва Фердинанд ҳақида шундай деган: "Бу киши ўзидан юлдуз ясаб олган, чунки ҳафтасига 120 минг фунт ишлайди ва 20 дақиқа "Тоттенхем"га қарши "туриб" бера олиши мумкин".

Матбуот хизмати шу заҳотиёқ Дэвид Гиллга қўнғироқ қилиб, кўрсатувни менинг хулосамдан кейин эфирга узатишга қарор қилган. "Яхши, видеони эртага эрталаб менинг кабинетимга олиб келинг, кўриб чиқаман", - дедим мен.

Ана холос! Чиндан ҳам жуда ажойиб. У танқид қилмаган одам қолмапти. Даррен Флетчер, Алан Смит, Ван дер Сарлар ҳам шулар жумласидан.

Ўша ҳафта бизда ўйин йўқ эди, ва мен Дубайдаги футбол мактабимизга ташриф буюришни режалаштиргандим. Эрта билан кийим алмаштириш хонасидан менга Гари Невилл қўнғироқ қилди ва унинг олдига тушушимни илтимос қилди. Мен Рой узр сўрамоқчимикан, деб ўйлабман. Ўйинчилар ёнига пастга тушдим. Гари  чалкаш-чулкаш қилиб жамоа машғулотлардан кўнгли тўлмаётганини тушунтириб берди. Мен қулоқларимга ишонгим келмасди.  "Кўнгилларинг тўлмаяптими?" - сўрадим мен. Жамоада  Ройнинг обрўси катта эди, ва у бундан фойдаланиб, ўйинчиларни ўз томонига оғдириб олишига киришганидан шубҳа қилмасдим. Биласизми, Карлуш ажойиб мураббий. Ҳа, у шогирдларини баъзи машқларни қайта-қайта бажаришга мажбурларди, лекин айнан шу йўл билан ҳақиқий футболчига айланиш мумкин. Ва мен уларга айтдим: "Бу ерга мени машғулотлардан нолиш учун чақирдингларми? Бу ҳақда эшитишни ҳам хоҳламайман", ва чиқиб кетдим.

Кейинроқ менинг хонамга  Рой кириб келди. Мен унга ҳаммасидан хабардор эканлигимни айтдим. "Сен ўз жамоадошларингни танқид қилдинг. Бу шармандалик, масхарабозлик. Яна буни ҳаммага овоза қилмоқчимидинг?" - дедим мен.

Рой видеони жамоадошларига кўрсатишни таклиф қилди, қани, улар қандай фикр билдираркан. Мен рози бўлдим, ва биз барча ўйинчиларни ушбу тасвирни кўриш учун йиғдик. Фақатгина Дэвид Гилл келишдан бош тортди, қолган ходимларнинг ҳаммаси тўпланишди.

Рой кимда қандай фикр бор, деб йигитлардан сўради. Эдвин ван дер Сар ўз жамоадошларини ёмонлаш нотўғри эканлигини айтди. Рой эса унга қичқира кетди, гўё "сен ким бўлибсан? Нимани ҳам билардинг", деган маънода. Ван Нистелрой юртдошини тарафини олган эди, Рой унга ҳам ташланиб қолди. Кейин Карлушнинг навбати келди. Лекин асосий десертни Рой менга инъом этди: "Жамоада сиз шахсий ишларингизни ҳал қилиб юрибсиз - Манье билан судлашиб".

Ўйинчилар бирин-кетин чиқиб кета бошлашди: Скоулз, ван Нистелрой, Форчун...

Киннинг тили унинг энг чиниққан органи. Ундан кўра гапга чечанроқ одам топилмаса керак. У саноқли сониялар ичида тили билан энг ўзига ишонган кишини ҳам довдиратиб қўяди. Жанжал пайтида унинг кўзлари кичкина бир нуқтадек торайиб кетди - бу ҳақиқатан қўрқинчли. 

Албатта, менинг кайфиятим бузилди. Карлуш бу воқеани футбол жамоаси ҳаётида бўлиши мумкин бўлган энг аянчли спектакл, деб баҳолади. "У кетиши керак, Карлуш", - дедим мен унга. "Шубҳасиз, йўқот уни", - деди Карлуш.

Мен келаси чоршанба кунигача банд эдим, аммо Дэвид Гиллга Дубайдан телефон қилиб, Рой Кинни жамоадан ҳайдаш кераклигини айтдим. У бошқа илож ҳам йўқлигини таъкидлади. Глейзерлар ҳам бизнинг қароримизни маъқуллашди. Биз Дэвид билан шунга келишиб олдикки, клуб Рой билан ҳисоб-китоб қилади ва чиройлигина хайрлашади. Шунда ҳеч ким бизни унга нисбатан ноҳақликда айбламайди.

Мен Яқин Шарқдан кайтиб келгач, Дэвид менга Глейзерлар жума куни келишларини айтди. Майкл Кеннедига эса у телефон қилиб, суҳбатга таклиф қилган. Демак, биз Майкл ва Рой билан учрашдик ҳамда ўз қароримизни етказдик.

Кейинчалик Рой оммага уни "Манчестер"даги фаолиятини мен тугатмаганимдан афсусланишини айтади. Лекин мен учун унинг фаолияти бизнинг илк қарама-қаршилигимиздан сўнг тугаб бўлганди. Мен у билан яна бир бор олишишни истамадим.

Мен машғулотлар кетаяётган чоғида ўйинчиларга ушбу қарорни айтдим. Ҳамма шок ҳолатида эди.

Менинг энг муҳим мураббийлик қарорларим тўсатдан пайдо бўларди, лекин уларнинг ҳаммаси рад этиб бўлмас фактлар асосида қабул қилинарди. Ушбу инқирозни енгиб ўтиш йўли мен учун аниқ ва равшан эди. Агарда мен бу можарога жавоб бермаганимда, бу Киннинг нуфузини ва ўзига бўлган ишончини янада оширарди. Вақти келиб у бутун жамоани ўз томонига оғдириши мумкин эди. Лекин ҳақиқат у томонда эмасди. Рой қилган ишлар нотўғри.

Рой клубни тарк этиши билан, менинг хотирамда у билан боғлиқ кўплаб воқеалар уйғонди.  Биринчи навбатда, 2002 йилги жаҳон чемпионати. Ўшанда Рой терма жамоа бош мураббийи Мик МакКарти билан тортишиб қолган ва уйига жўнаб кетган.

Олтмиш ёшга тўлишим муносабати билан укам Марти мени бир ҳафталик таътилга олиб кетди. Мен қўл телефонимни ташлаб чиқдим. Майкл Кеннеди укамнинг рақамига қўнғироқ қилиб, менга вазиятни тушунтира бошлади: "Сиз у билан гаплашиб кўришингиз керак. У фақат сизга қулоқ солади". Майкл берган рақам билан боғланишни иложи бўлмади, ва мен ундан Ройнинг ўзи менга қўнғироқ қилишини сўрадим.

Кинг қўнғироқ қилди. Мен ундан сўрадим: "Нима қилганинг бу, Рой?". У бор ғазабини МакКарти томон тўка бошлади. Мен унга айтдим: "Ўзингни бос. Мени сенга маслаҳатим, ўз оиланг ҳақида ўйлаб кўр. Бу ҳақда матбуот бутун ёз давомида тинмай ёзади. Бу ниҳоятда ёмон нарса. Болаларинг қандай қилиб мактабга бориб келади кейин?". Мен унга МакКарти билан юзма-юз гаплашиб, терма жамоага қайтишини айтдим. Рой розилик билдирди. Аммо у қайтиб борганда, Мик аллақачон  бўлиб ўтган воқеаларни матбуот анжуманида сўзлаб берган экан.  Энди орқага йўл йўқ эди. Мен ўша пайт Ройни қаттиқ ҳимоя қилдим, чунки у "Манчестер Юнайтед" ўйинчиси эди. Албатта, Кореядаги машғулот учун сифатсиз майдонлар ва машқ қилиш костюмлари йўқлиги уни ғазаблантирган, чунки у жамоа сардори. Лекин Рой ҳаддидан ошиб кетмаслиги керак эди.

Мен ҳар доим ҳам ўз ўйинчиларимни ҳимоя қилганман, ва Рой бундан истисно эмас. Бу фаолиятимнинг бир қисми. Шунинг учун мен уларни қўллаб-қувватлардим, ҳатто юз ўгиришга ўзлари мажбур қилишса ҳам. Баъзан мен ўзимга савол берардим: "Эй Худо, нимани ўйлаб бундай қилаяпман", деб. Кэти ҳам менга шу саволни берарди. Лекин мен ўз ўйинчиларимдан юз ўгира олмасдим. Уларни танқид қилиш эмас, муаммони ечимини топиш керак эди. Албатта, айрим ҳолларда уларни жаримага тортардим ёки жазолардим, лекин бу кийим алмаштириш хонасидан ташқарига чиқмасди. Аксинча бўлганида эди, мен мураббийлик фаолиятимнинг энг муҳим принципларидан бирини - ҳимоя қилишни - бузган бўлардим. Аниқроқ қилиб айтганда, ўйинчиларни ўзгаларнинг муҳокамасидан асраш.

Замонавий футболда юлдузлик нуфузи мураббийлик даражасидан юқори туради. Авваллари ҳеч бир футболчи ўз мураббийсига ғинг дея олмасди. Бу нарса ўз жонига қасд қилиш билан баробар эди. Кейинчалик мен ўз нуфузини мураббийга қарши ишлатиб, мухлислар ва ҳатто жамоанинг ўзи томонидан ҳам қўллаб-қувватланган футболчилар ҳақида эшита бошладим. Ўйинчи норозилигига қулоқ соладиган одам доим топилади, лекин мураббий бундай қилолмайди - унинг жавобгарлиги анча юқори.

Менимча Рой карьерасининг охирларига келиб ўзини мураббий, деб ҳис қила бошлади. У ўз зиммасига тренерлик мажбуриятларини юклади, лекин телевиденияга чиқиб, ўз шериклари устидан мағзава ағдариш мантиққа тўғри келмайди. Ройни вақтида тўхтатиб қолганимиз унинг жамоадаги обрўсини сақлаб қолди. Аммо менинг офисимда кечган тортишув носоғлом тус олди. Энди Рой билан орамиз очиқ эди.

Мени энг ёмон кўрган нарсам - бу назоратни қўлдан бой бериш. Чунки назорат менинг ягона йўлдошим.  Худди Бекхэм билан бўлгани каби, агарда футболчи жамоани бошқаришга киришса, уни йўқ қилиш керак. Ҳақиқий ўйинчилар буни қадрлайди. Улар қаттиққўл мураббийларни ёқтиришади. Ва бунинг мукофоти улуғ эканлигини ҳам англашади. Ўйинчи ўзига савол беради: "Бу мураббий бизни ғалаба сари етаклай оладими? Мен унинг қўл остида ўз маҳоратларимни ўстироламанми? У бизга содиқми?". Футболчи айнан шундай фикр юритади. Агар ҳар уччала  саволнинг жавоби ижобий бўлса, у ҳамма нарсага бўйсунишга рози. Баъзи ўйинлардан кейин мен асабийлашардим. Уйга қайтаётиб, бу қандай оқибатларга олиб келаркан, деб ўйга толардим. Балки эртанги машғулотларда ўйинчиларим мен билан гаплашмас? Балки улар менга қарши тил бириктириб олгандир? Лекин эртаси куни улар мендан янада қаттиқроқ қўрқишига амин бўлардим. Улар менинг важоҳатимдан ҳайиқарди.

Рой каллали йигит. У кўп китоб ўқиган. Агар у яхши кайфиятда бўлса, у билан суҳбатлашиш қизиқарли. "Ройни кайфияти қандай", деб сўрарди терапевтимиз, чунки бутун жамоанинг руҳий ҳолати унинг кайфиятига боғлиқ эди. Ройнинг кайфияти жуда ажойиб бўла туриб, бирданига чидаб бўлмас даражада ёмонлашиши мумкин. Бундай ўзгаришлар унда кўз очиб юмгунча рўй берарди.

Бундай олиб қараганда, унинг трансфери масаланинг энг оптимал ечими бўлди. У кўплаб ўйинчиларни қўрқитиб қўйганди, ва унинг кетиши билан улар ўз маҳоратларини намойиш эта бошлади. Шулар жумласидан, Жон О'Ши ва Даррен Флетчерлар. 2005 йилнинг ноябр ойида биз "Лилл" билан ўйинга Францияга бордик. Рой Кин берган интервью сабабли бизни у ерда норозилик билдириб ҳуштакбозликка олишди. Ҳақоратларнинг асосий қисми эса Флетчер ва ОШи томон ёғилди.

Ўйлайманки, Ройнинг кетиши жамоамиздаги тангликни камайтирди. Ўйинчилар кўникиб қолган норозилик ғалаёни бошқа  янграмасди. "Селтик" ва "Рейнжерс" учрашувидан олдин мен Карлушга дедим: "Рой бугун ёрқин ўйин кўрсатади". Аммо майдонда у бутунлай ўйиндан тушиб кетди, ўта сусткаш ҳаракат қилди. Тажовузкор ва талабчан Ройни мен бошқа кўрмадим.

"Селтик Парк" унга ёқиб қолди. Биз бу ҳақда суҳбатлашдик, ва у машғулотлар, шароитлар, Prozone4 системаси ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Аста-секинлик билан бизнинг муносабатларимиз илиқлашди. Икки ой ўтгач, биз Карлуш билан ишларимизни муҳокама қилиб ўтирган эдик, Рой мени кўргани келибди. Мен ҳайратда қолдим.

"Ўша пайтдаги ҳаракатларим учун сиздан узр сўрайман", - деди у. Айнан ўша суҳбатда у "Селтик" ҳақида гапириб берди. Лекин "Рейнжерс" - "Селтик" ўйинидан кейин мен уни жамоасида узоқ қолишига кўзим етмади.

Кин кетмасидан аввал жамоамизда ўзгаришлар бошланди. "Манчестер Юнайтед"нинг ажралиб турадиган хислати - биз доим янги ўйинчиларни, янги исмларни бунёд этишга қодирмиз. Рой кетгани билан, биз бошқа истеъдодларни кашф этдик.  Флетчер улғайиб борарди ва тажрибаси ошарди; мен Жи-Сун Пакни олиб келдим; Жонни Эванс ҳам порлаб борарди.

Кўпинча катта ёшли ўйинчилар клубда кечаётган авлодлар алмашувини сезмайди, чунки улар ўз ўйинида бекилиб қолади ва бошқа нарсани кўрмайди. Бундан истисно Гиггз, Скоулз ва Невилл. Балким яна Рио ва Уэс Браундир. Қолганлар мутлақо бехабар эди. Уларнинг ҳаёти фақат футбол билан чекланиб қолган. Мен эса клуб базасини ривожланиб боршини ҳам кузатиб борардим. Балким ўша замонлар трофейларга бой бўлмагандир, лекин сен ўзгаришлар қилаётганингдан кейин, бир неча йилги сукунат даврини ҳам бошдан кечиришинг керак. "Манчестер Юнайтед"да менга ҳеч қачон янги жамоа қуриш учун тўрт-беш йиллаб вақт беришмасди, шунинг учун жараённи тезлаштиришга, дадил қарорлар қабул қилишга, янги ўйинчиларни жалб этишга ва уларни текширишга ҳаракат қилдим. Бу менинг мажбуриятимгина эмас, севимли ишимнинг бир қисми эди. Мен буни "Сент-Миррен"да ҳам, "Абердин"да ҳам, "Манчестер Юнайтед"да ҳам қилганман. Шунинг учун бундай пайтлари мен ёш ўйинчиларга имкон беришга одатланганман.

Харидларга келганда, Карлуш Андерсонни қаттиқ тавсия қилганди. Кунларнинг бирида Дэвид Гилл Лиссабоннинг "Спортинг" клубида бўлди ва Нани билан шартнома имзолади, сўнгра "Порту"га бориб Андерсонни олиб келди. Албатта, пул сарфлашга мадбур бўлдик, лекин бу клубнинг ёш ўйинчиларга нисбатанан бўлган амбицияларини намоён этди. Бизда Фердинанд, Видич ва Эвра каби ажойиб ҳимоячилар мавжуд эди. Уларга умид боғласа бўларди. Руни ўз формасини ошираётган эди. Луи Саани қўйиб юборишга тўғри келди, чунки уни жароҳатдан боши чиқмасди. Қисқа вақт бизда Хенрик Ларссон ўйнади ва ўзини кўрсата олди.

Рой билан тикланган алоқаларимиз кўпга бормади. Бир газетада у "Манчестер Юнайтед"ни ҳаётидан ўчириб юборгани ҳақида мақола чиқди. Ройнинг айтишича, биз ҳаммамиз уни тезда унутиб юборганмишмиз. Қандай қилиб унинг клубга қилган хизматларини унутиш мумкин? Унинг ғалабага бўлган иштиёқи ва ғайратига қараб, матбуот уни салкам мураббий сифатида кўрганди. Мендан доим сўрашарди: "Нима деб ўйлайсиз, Рой мураббий бўладими?". Унинг мураббийлик фаолиятига назар солса, Кин ўйинчиларни сотиб олишни хуш кўради. Менинг ўйлашимча, жамоа шакллантириш учун унда тоқат йўқ.

2011/12 йилги мавсумларда бизнинг ўртамиздан яна совуқчилик ўтди. Рой "Базел"дан учралган мағлубиятдан кейин бизнинг ёш ўйинчиларимизни танқид қилди. Мен эса уни "телевизор танқидчиси", деб атадим. Баъзи бирлар унинг телевидениедаги фаолиятидан қойил қоларди:  "Қара-я, у ҳатто Алекс Фергюсонни ҳам танқид қилолади". Билардимки, у телевизион танқидчи бўлиши биланоқ "Юнайтед"га киришишини.

Ёш ўйинчиларни олсак, у Рунига ҳужум қилишдан ҳайиқарди, чунки Уэйн ўзига нисбатан ёмон муомалада бўлишга йўл қўймайди. Тажрибали ўйинчилар Ройни тезда попугини пасайтириб қўйишлари мумкин эди. Шунинг учун у Флетчер ва О'Шига тегишиб олди. Бунинг натижасида ўз мухлисларимиз бу икки футболчимиз томон "Лилл"га қарши учрашувда ҳуштак чалишди. Унинг иккита жамоада ўтказган мураббийлик фаолияти кўрсатдики, унга янги ўйинчиларни олиш учун маблағ керак. "Сандерленд"даги харажатлар ўзини оқламади, "Ипсвич"да эса у пулларни исроф қилди ва якунда ҳеч нарсага эришолмади.

Sunday Times мухбири Дэвид Уолшга берган интервьюсида Рой мени фақат ўзи ҳақида қайғуради, деб айтди ва мисол тариқасида Жон Манье ва Рок оф Гибралтар ишларини келтириб ўтди. Гап йўқ! Биз жанжаллашиб қолган куни мен уни қаҳрини кўрдим. Ўшанда ҳам у Жон Манье ҳақида айтиб ўтганди. Нима учун уни Рок оф Гибралтар мавзуси бунчалик қизиқтиришини мен ҳеч тушунмадим.

Ўша унутилмас жумада биз у билан ушбу можаро тўғрисида ҳеч кимга гапириб ўтирмасликка келишиб олгандик. Мен бу воқеа ҳақида гапирмаган бўлардим, агарда Рой биринчи бўлиб ваъдасини бузмаганида. У "Сандерленд"ни бошқараётган пайтлари "Юнайтед"ни ҳақоратлашда ва унга нисбатан фирибгарликда айблади. Клубимиз уни судга тортмоқчи бўлди. Лекин Рой айтган гапларини қайтариб олмади. Рой ўз ишқибозларини қойил қолдириш ниятида бу ишни судгача олиб боришга тайёр эди. Шунинг учун мен Дэвид Гиллни бу масалани кўтармасликка чақирдим. Ўйлайманки, биз ўз ғуруримизни сақлаб қолдик.