Сербиялик мутахассис Завиша Милославлевич ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов билан учрашди

Мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш, ҳудудларда болалар ва ўсмирлар орасида футболни янада оммалаштириш борасида Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан биринчи галда болалар мураббийларининг малакасини оширишга алоҳида аҳамият қаратиляпти.

Футбол мактабларида Европанинг футболи ривожланган мамлакатлари ўқув-методикаси асосида иш олиб бориш, болалар билан машғулотларни янги услубда, Европа андозаларига мос равишда ўтказиш ва шу йўл орқали юқори савияли футболчиларни тайёрлашга энг асосий вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.

Вилоятлар тўртта ҳудудга бўлинган ҳолда, ҳар бир ҳудуд учун бир нафардан хорижлик мутахассис жалб қилиниши ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.

Мана шу мақсадда, сербиялик 56 ёшли мутахассис Завиша Милославлевич пойтахтимизга ташриф буюрди. У Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов билан учрашиб, мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш бўйича ўзининг дастурини тақдим этди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда. 

ЎФФ раҳбарияти томонидан бу дастур ўрганиб чиқилиб, маъқул деб топилса, Завиша Милославлевич билан шартнома имзоланади.

У 3-ҳудуд ҳисобланган водийда Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларида иш олиб боради. Завиша Милославлевич ҳудудлардаги болалар футболи мураббийлари билан учрашиш, у ердаги ҳолатни ўрганиш мақсадида, вилоятларда бўлиши ҳам режалаштирилган. Сербиялик мутахассис бугун Андижон шаҳрига жўнаб кетади.

Бошқа ҳудудлар учун ҳам Европадан болалар футболи бўйича мутахассисларни жалб қилиш мақсадида ҳозирда музокаралар давом этяпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!