Сервер Жепаров: 34 ёшимда ЖЧга йўл олиб, мамлакат қаҳрамони бўлишни истардим (Видео)

11 июнь,2017, 16:56 1144

Сервер Жепаров: 34 ёшимда ЖЧга йўл олиб, мамлакат қаҳрамони бўлишни истардим (Видео)

 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Сервер Жепаров Эронга қарши ўйин олдидан ОФК расмий сайтига интервью берди. Суҳбат чоғида Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси ЖЧга чиқиш истаги бор эканини яширмади.

“Барчаси жуда оддий – биз саралаш босқичидаги қолган уч ўйинда ғалаба қозонишимиз керак, ўшанда плей-офф босқичида ўйнамаймиз ва Жаҳон чемпионатига автоматик равишда йўл оламиз. Сўнгги 8 йил давомида, айниқса, бундан аввалги саралаш босқичида кучли таркиб билан ҳаракат қилдик. Бу мен ўйнаган энг кучли авлод эди”, – деди Жепаров.

Сервер Жепаров 34 ёшида ЖЧ–2018 мусобақасига чиқиш орқали мамлакат қаҳрамони бўлиш истаги ҳақида ҳам сўзлади.

“Ғалаба қозониш нафақат мен учун, балки Ўзбекистон аҳолиси учун мотивация бўларди. Чунки мамлакат термаси Жаҳон чемпионатида иштирок этмаган. 34 ёшимда ЖЧ–2018 турнирига йўл олиб, мамлакат қаҳрамонига айланишни хоҳлардим”, – деди ярим ҳимоячи  

Тажрибали ярим ҳимоячи Ўзбекистон термаси ЖЧ–2014 турнирига чиқишга жуда яқин келгани ва қўлдан бой берилган имкониятдан кейин кетиш ҳақида ўйлаганини айтиб ўтди.

“Биз яхши ўйнаган эдик ва ЖЧ–2014 турнирига чиқиш учун битта гол камлик қилганди. Бундан афсусда эдик. Жанубий Корея термаси Эронга мағлуб бўлганини эшитгач, қўлдан бой берилган барча имкониятлардан афсусга тушгандик. Мен термадан кетишни ва умуман футбол кўрмасликни истагандим”, – деб эслади Сервер Жепаров.

Эрон ЖЧ–2018 саралаш босқичида 7 та ўйин ўтказиб, 5 та ғалаба ва 2 та дуранг қайд этди. Карлуш Кейруш шогирдлари бирорта ҳам ўйинда гол ўтказиб юбормади. Шунга қарамай, Сервер Жепаров эртанги ўйин олдидан ижойиб кайфиятда эканини айтди. Чунки Ўзбекистон 2012 йили Теҳронда Эронни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлганди.

“Исталган жамоа билан ўйнай олишимиз бизга ишонч беради, ҳатто сафар ўйинларида ҳам. Биз гуруҳдаги энг кучли рақибни мағлубиятга учратиш имкониятига ишонамиз ва айнан шу нарса бизда ишонч туғдиради. Рақибни мағлубиятга учратиш учун 100%, ҳатто 120% кучимизни беришимиз керак бўлади. Барча 11 футболчи бир жамоа бўлиб ўйнаши талаб қилинади”, – дейди ўзбекистонлик ярим ҳимоячи.