Шерали полвон "Президент соврини"ни қўлга киритди (фото)

  Шаҳрисабзда кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишланган VII халқаро турнирнинг мутлақ вазн тоифасида Шерали Жўраев ғалаба қозониб, олтин медаль ва Президент соврини – 10 минг АҚШ долларини қўлга киритди.

   “Ҳисор” марказий стадионида ўтказилган нуфузли турнирда дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан энг кучли курашчилар ғолиблик учун беллашди. Мусобақа эркаклар ўртасида тўртта, аёллар ўртасида иккита вазн тоифасида ўтказилди.

   Мусобақанинг мутлақ вазн тоифасида ўтган финал беллашувида Шерали Жўраев эронлик Жафар Паҳлавонийни мағлуб этиб, олтин медаль билан бирга Ўзбекистон Президенти соврини – 10 минг АҚШ долларига эга бўлди. Жафар Паҳлавоний иккинчи, ҳамюртимиз Илҳом Жўраев ва мўғулистонлик Анар Дорч учинчи бўлди.

– Нуфузли турнирда ғалаба қозонганимдан хурсандман, – дейди Шерали Жўраев. – Бу каби мусобақалар тажриба ва маҳоратимизни оширишга, курашнинг дунёда янада оммалашишига хизмат қилади. Президентимиз совринини қўлга киритганим келгусида кураш бўйича халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришишимда янги куч бағишлайди. Финалдаги рақибим жуда кучли эди, аммо халқимнинг қўллаб-қувватлаши, минглаб мухлисларнинг ишончи ғалаба қозонишимда муҳим омил бўлди.

   Шунингдек, эркаклар ўртасида эронлик Илёс Али Акбарий, тожикистонлик Беҳрузий Ҳожизода, Камроншоҳ Устапирён, аёллар ўртасида Гулнор Сулаймонова ва Гулноза Матниёзова ўз вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди.

 Манба:uza.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!