Шоҳжаҳон Эргашев: Энг зўр боксчилар билан жангга тайёрман! (Интервью)

13 июнь, 09:05 1713

Шоҳжаҳон Эргашев: Энг зўр боксчилар билан жангга тайёрман! (Интервью)

 

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шаҳжаҳон Эргашев ўз нокаутлари билан мухлисларимизни хушнуд этиш баробарида, мутахассислар эътиборини ҳам қозонди. Хусусан, АҚШ профессионол бокс оламида ҳам Шоҳжаҳонга қизиқиш кучайиб кетди.

Шоҳжаҳон Эргашевни АҚШдаги жангларга ким тайёрлайди?

Боксни ёритувчи www.boxingtalk.com сайти Шоҳжаҳон Эргашевни жаҳонга кенгроқ танитиш мақсадида интервью олди. SPORTS.uz ахборот портали ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола қилади.

- Ғалаба билан табриклаймиз. Жанг ҳақида нима дея оласиз?

- Раҳмат. Жанг мен учун осон бўлди. Рақибим мард йигит экае. Сўнгги дақиқада жангга бўлган таклифни қабул қилди. Аслида енгилмас арман боксчиси билан рингга чиқишим лозим эди. Лекин у сўнгги паллада жангдан бош тортди ва менежерим қисқа фурсат ичида бошқа рақиб топишга эришди. Жанг бекор қилинмаганидан мамнунман.

- 9 та жангда 9 та нокаут. Сиз ҳақиқатан кучли нокаутчимисиз ёки рақиблар сизга муносиб эмасми?

- Аслида 10 та жангда 10 та нокаутга эришганман. Ўтган йили декабрдаги жангим рўйхатга киритилмай қолган экан. Мен ўзимни кучли нокаутчи, деб ҳисоблайман ва менга кучли рақиб керак. Рақиб қанчалар кучли бўлмасин, мен ўзимга ишонаман.

- Америкадаги дебютни кутяпмиз...

- Менинг промоутерим - Salita Promotions вакиллари бу борада иш олиб боришяпти. АҚШдаги жангларим телетрансляция қилиниши бўйича иш кетяпти.

- Инглиз тилини ўрганяпсизми?

- Ҳа, албатта, тезда ўрганиб оламан.

- Янги босқичга кўтарилишдан олдин яна бир неча раунд жанг қилишга эҳтиёж бор, деб ҳисобламайсизми?

- Йўқ. Мен энг кучли боксчилар билан беллашишга тайёрман. Мен ҳаваскорлар ўртасида 200 дан зиёд жанг ўтказганман. Спарринг жангларда Олимпия ўйинлари чемпионлари, топ - 15 даги профессионал боксчилар билан беллашдим. Энг зўр боксчилар билан жанг қилишга кучим етади.

- Бунинг учун сизга яна нечта жанг керак?

- Мен сизга энг зўр боксчилар билан рингга чиқишга тайёрман дедим.

- Бу йил яна нечта жанг ўтказасиз?

- Йил охиригача 3-4 маротаба рингга чиқаман.

- Хулоса ўрнида нима демоқчисиз?

- Менинг АҚШдаги дебютимни кўринг. Мен ярим ўрта вазнда ўз имкониятларимни намойиш қилиб, энг зўр боксчилар билан куч синашмоқчиман.

SPORTS.uz