Шоҳжаҳон Эргашев: Олдимда АҚШ рингларини забт этиш масаласи турибди (3-қисм)

13 май,2017, 00:01 2296

Шоҳжаҳон Эргашев: Олдимда АҚШ рингларини забт этиш масаласи турибди (3-қисм)

 

Шоҳжаҳон Эргашев билан суҳбатимизнинг учинчи қисми унинг профессионал боксдаги фаолиятига боғланди. Суҳбат жараёнида Шоҳжаҳон рингга ўзбек дўпписи билан чиқиш фикри кимга тегишли эканини ва ўз мақсадларини ошкор қилди.
 

- Шоҳжаҳон, профессионал бокс ҳақида гаплашсак. Кейинги пайтда профессионал боксга ўтганлар сони кўпайиб бормоқда. Бу нима билан боғлиқ?

- Умуман олганда, юртимизда истеъдодли ва кучли боксчилар кўп. Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этадиган йирик мусобақалар ўнта вазн тоифасида ўтказилади. Демак асосий таркиб ўн кишидан иборат бўлади. Лекин шу асосий таркибга номзод бўлган боксчиларнинг сони жуда кўп. Албатта, ватан шаънини ҳимоя қилиш учун энг кучли боксчиларга имконият берилади. Иккинчи ёки учинчи рақамли боксчилар ҳам айрим ҳолатларда хориждаги мусобақаларда қатнашади. Уларнинг ортидан янада кучли авлод етишиб чиқмоқда. Ҳаваскор боксдаги мураббийларда танлаш имкони жуда кенг. Лекин ҳаммага ҳам терма жамоа сафида мунтазам рингга чиқадиган боксчи мавқеига эришиш насиб этмайди.

Шунинг учун айрим боксчилар профессионал боксга ўтишни маъқул кўради. Кейинги йилларда профирингга кўтарилган ҳамюртларимиз орасида терма жамоа таркибида натижа кўрсатганлар, ҳаваскорлар боксида ўзи кўзлаган мақсадга эришолмаганлар ёки ҳали ўзини кўрсатишга имконият бўлмаган ёшларни ҳам кўришимиз мумкин.

Менимча, профессионал боксчилар сонининг ортаётгани энг аввало юртимизда яхши савиядаги боксчиларнинг кўплиги билан изоҳланади. Ҳаваскорлар орасида боксчининг келажаги кўпроқ мураббийларнинг танловига ва ўзининг мусобақаларда эришаётган ютуқларига боғлиқ. Профессионал боксда эса имконият кенгроқ.

- Профессионал боксчиларимиздан кимларнинг салоҳиятини юқори баҳолайсиз?

- Қудратилло Абдуқаҳҳоров эришаётган ғалабаларни кузатиб бораман. У иродали боксчи ва мақсад сари тинмай ҳаракат қилади. Қудратиллонинг охирги жангини ҳам кўрдим. Африкалик чемпион уни менсимай ҳаракат қилди. Қудратилло ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Дарров жанг тизгинини ўз қўлига олди ва бир зарба билан мақтанчоқ рақиб масаласини ҳал қилди.

Азиз Абдуғофуровни ҳам жуда кучли бокс устаси, деб биламан. Шунингдек, профессионал боксга ўтган олимпия чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров ҳам кўпчиликнинг эътиборига тушди. Яна ўзини кўрсатиши мумкин бўлган ёш боксчилар бор. Уларнинг имконияти қандай эканини вақт кўрсатади.

- Профессионал боксга қадам қўйган боксчини нималар кутади?

- Ўз мисолимда айтадиган бўлсам, профессионал бокс умуман бошқа олам. Айниқса, 12 раундлик жанглар жуда оғир бўлади. Ўзим ҳали бунча раунд бокс тушмадим. Лекин спаррингларда ўзимни синаб кўрдим. Профессионал боксчиларнинг услуби ҳам ҳар хил. Айрим рақибларни жангнинг дастлабки раундида роса урасиз. Бу боксни билмаса керак, деган фикр ҳам туғилади. Бешинчи-олтинчи раундларда вазият тенглашади. Учрашувнинг охирида эса рақиб устунлик қилади. Бирорта боксчини енгаман, деб олдиндан айтиб бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, ҳаваскорлар ва профессионаллар бокси бир-биридан кескин фарқ қилади. Ҳаваскорлар боксида Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ғолиби бўлган боксчилар профрингда ўзини кўрсатолмаслиги мумкин. Аксинча, ҳаваскорлар ўртасида иши юришмаган чарм қўлқоп усталарининг профессионаллар орасида дунёни ларзага солганлари кўп бўлган. Бу тарихдан маълум.

- Сиз учун энг зўр профессионал боксчи ким?

- Айни пайтда Мэнни Пакьяо энг машҳур профессионал ҳисобланади. Лекин сўнгги жангларида унинг аввалги ҳолатидан анча узоқлашгани кўриниб қолмоқда. Менимча, ҳозир Пакьяонинг номи қолган холос.

Идеал профессионал боксчи, деб Флойд Мэйвезерни тан оламан. Чунки у ғалаба қозонишни билади. Кучли боксчиларнинг деярли барчасини енгди. Шу билан бирга Флойд ҳеч қачон ўз карьерасини боши берк кўчага олиб кирмаган.

У зўр боксчи бўлишдан ташқари, уста ишбилармон ва бизнесмен ҳисобланади. Ҳозир ҳам кўпчилик у билан жанг қилишни истайди. Промоутерлар, менежерлар рингга чиқиши учун катта-катта гонорарлар ваъда қилади.

Албатта бу ҳаракатларнинг ҳаммаси Флойд Мэйвезерни кўз олдимизда тирик афсонага айлантиряпти. Агар Флойд ўзи ғалаба қозонган 49 та жангидан бирортасида ютқазганида шу даражага етармиди? Демак, ғолиб бўлишни уддалаган боксчи, ўз вақтида кетишни ҳам билиши керак.

- Енгилмас боксчи Геннадий Головкиннинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Менимча, Геннадий Головкин ҳали ўзига муносиб рақиб билан жанг қилгани йўқ. Уни олдинда бир неча муҳим жанглари бор, деб умид қиламиз.

- Шоҳжаҳон, ўз навбатида айрим мухлислар сизни ҳам ўзига муносиб рақиб билан жанг қилмаяпти, деб ҳисобламоқда. Бунга қандай қарайсиз?

- Тўғриси шу пайтгача 9 та жанг ўтказган бўлсам, турли савиядаги рақиблар билан тўқнаш келдим. Лекин охирги уч рақибим нисбатан кучли ва тажрибали эди. Хусусан, Марат Хузеев ўз вақтида рейтинги баланд боксчилардан бўлган. Айни пайтда жаҳон рейтингини бошқариб турган Сауль Алварес, машҳур боксчилар – Дмитрий Чудинов, Константин Пономарёв, Селжук Айдин, Виктор Плотников ва Рида Замзам билан жанг қилган.

Мен профессионал боксчилик фаолиятимни икки йил муқаддам бошлаган бўлсам, дарров кучли рақибларга қарши жанг уюштириш қийинчилик туғдиради. Фаолиятимнинг дастлабки йилларини рейтингимни ошириш учун сарфладим. Аслида ўтган йилнинг охирида Африка чемпиони билан титул жангини ўтказишим керак эди. Агар рақиб рад жавобини бермаганида ва мен уни енгганимда қўлимдаги соврин билан кучли рақибни жангга кўндиришим осон бўларди.

Лекин олдинга ўтиб шуни айтаманки, айни пайтда менежерим Олег Богданов мен учун нуфузли соврин қўйилган жанг ташкиллаштиришга ҳаракат қиляпти. Ҳозирча бу жанг 3 июнь куни Россиянинг Ростов шаҳрида бўлиши режалаштирилган.

Бу жангда мен билан рақобатлашиш учун ҳудди мен каби ўз олдига юксак натижаларни қўйган ва бу йўлда совринга эришишни мақсад қилган америкалик кучли боксчи таклиф этилади. Ҳозир бир неча боксчиларнинг варианти ўрганилмоқда.

Агар титулни қўлга киритсам, машғулотлар лагерини АҚШга кўчираман ва юқори рейтингли жангларда қатнашиш имкониятим ошади. Ҳозирги ҳолатимда уммонортига борадиган бўлсам, ҳаммасини яна қайтадан бошлашимга тўғри келади. Шунга бироз сабр қиламан ва тез орада фаолиятини янги босқичга кўтараман.

- Ўз-ўзидан бундан буёғига кучли рақиблар билан жанг қиласиз. Нокаутлар серияси узилиб қолиши мумкинлиги сизга босим ўтказмайдими?

- Йўқ. Мен ҳеч қачон рингга рақибимни фақат нокаут қиламан, деб тушмайман. Устозларим бу йўлдан қайтарган. Очколар ҳисобидаги ғалаба ҳам ютуқ. Демак, рақибни нокаут қилолмасам бунинг ҳеч қандай зарари ёки босими бўлмайди.

- Кейинги пайтда рингга бошда дўппи билан чиқяпсиз. Бу кимнинг ташаббуси?

- Жасур Ҳайдаров деган акам бор. Бу ғоя унга тегишли. Акам мени доимо назорат қилиб, керак вақтда ҳам маънан, ҳам моддий томондан қўллаб туради. Ғалабаларимда уларнинг ҳиссаси катта. Ҳозир акам менга бир шарт қўйди. Агар фаолиятимни АҚШда давом эттирадиган бўлсам инглиз тилини ўрганишим кераклигини уқтирди. Боксчилигимни инобатга олиб, кунига бешта сўз ёдлашимни тайинлаган. Қаерда бўлишимдан қатъий назар ҳар куни интернет орқали боғланиб, ёдлаган сўзларимни эринмай бирма-бир имтиҳон қилади.

Жасур акам менга кўп нарсани ўргатмоқда. Ҳозир ҳар қандай спортчи яхши натижа қайд этиши учун оиласи муҳим роль ўйнашини чуқур ҳис қиламан. Илгари бу нарсаларга эътибор бермасдим. Энг катта ютуғим оилам, ота-онам, яқинларимнинг хотиржамлиги экан.

- Шоҳжаҳон боксчи сифатида кучли ва нозик жиҳатларингизни ўзингиз биласизми?

- Устунлик томоним зарбам кучли ва тезлигим яхши эканини мутахассислар таъкидлашмоқда. Бунга ўзим ҳам қўшиламан. Ҳозирги даражамда битта камчилигим пайдо бўлганини сездим.

Рақиб менга тез мослашяпти. Буни жангларда ҳис қилганим йўқ. Лекин кучли боксчилар билан спаррингларда шуни сезиб қолдим. Яъни мен йўл қўяётган хато ҳар бир зарбани кучли йўллашга ҳаракат қилишимда экан. Мен рақибни бор кучим билан ураман. Бу дастлабки раундларда самара беради. Жангнинг иккинчи ярмида рақиб зарбаларимга мослашиб қоляпти.

- Бу камчиликнинг ечими топилдими?

- Владимир Кличко, Терри Нойс, Заур Байсангуров, Самуэль Петер, Карлос Балдомир каби машҳур спортчилар билан ҳамкорлик қилган ва Геннадий Головкин ҳамда Мурат Гассиевни чемпионлик жангларига тайёрлаган таниқли мураббий Абель Санчес бир маслаҳат берди. Унинг тавсиясига кўра, рақибни беш-олти марта ургандан кейин энг кучли зарбани кутилмаганда беришни ўрганяпман. Ҳозир мураббийим Хурсанали Мажидов билан машғулотларда шу жиҳатга ҳам эътибор қаратяпмиз.

- Сиз одатда, жангларни тез тугатяпсиз. Кўп раундли жангларга ярайсизми?

- Тўғриси кўпчилик шуни сўрайди. Рақибни нокаут қилолмай қолсам нима бўлишига қизиқишади. Мен профессионал рингда узоғи олти раунд жанг қилганман. Шу ҳам охирига етмаган. Лекин машғулотларда жисмоний ҳолатимни кучайтиришга ишлайман. Спарринг жангларда кучли боксчилар билан 14 раунд ишлайман. Узлуксиз 35 дақиқадан икки раунд спарринг тушаман. Шуларга таянган ҳолда кўп раундлик жангларда чарчаб қолмайман, деб айта оламан.

- Сиз рақибларни кўп нокаут қиласиз. Ўзингиз ҳам уларнинг ҳолатига тушган пайтингиз бўлганми?

- Ўзим нокаут бўлмаганман. Мусобақаларда бирор маротаба нокдаун ҳолатига тушмаганман. Фақат очколар бўйича ютқазганман. Лекин спарринг жангларида нокдаунлар бўлган, қўлим ва бурним синган ҳолатлар ҳам юз берган.

- Шоҳжаҳон, сизни кўчада одамлар танияптими, ўзингизни юлдуз боксчи, деб ҳисоблайсизми?

- Очиғи, бокс мухлислари танияпти. Кўчада бирга расмга тушишни таклиф қиладиганлар кўп. Осиё чемпионатини томоша қилиш учун “Ўзбекистон” мажмуасига борганимда ҳам кўп мухлислар мен билан мулоқот қилишди. Бундан хурсанд бўламан, албатта. Чунки, спорт мухлислар билан қизиқ. Мухлиси бўлмаган боксчи ўзини спортчи санамаса керак.

Ўзимни машҳур ёки юлдуз боксчиман, деб ҳисобламайман. Менимча, спортда юлдузлик касалига учраган одам у ёғига ўсишдан тўхтайди. Қолаверса,мен ҳали ўз олдимга қўйган мақсадларга етганимча йўқ. Боксда ҳали эътиборга молик чўққиларни забт этмадим. Мен оддий йигит ва ўз мақсадлари йўлида ҳаракат қилаётган боксчиман холос.

- Шоҳжаҳон, ҳар бир устозингизга ҳурмат билан муносабатда бўлишингизни биламиз. Ўзингиз ҳам мураббийлик ишини бошлашингиз мумкинми?

- Келажак учун режаларим бор. Фаолиятимни якунлаганимдан кейин ҳам Ватанимиз корига ярайдиган мутахассис сифатида ишимни давом эттиришни истайман. Лекин мен болаларга бокс тушишни ўргатолмасам керак. Лекин ҳаммасини вақт кўрсатади.

Самимий суҳбат учун раҳмат.

SPORTS.uz

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.