Шоҳжаҳон Эргашев: Устозлар дуоси ғалабага руҳлантиради
Профессионал бокс мухлису мутахассислари эътиборига тушган ўзбекистонлик нокаутчи Шоҳжаҳон Эргашев (8-0-0, 8 КО) фаолиятидаги тўққизинчи жангини 25 март куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказадиган бўлди.
Муҳим жангга тайёргарлик кўраётган Шоҳжаҳон Эргашев SPORTS.uz ахборот порталига интервью берди.
- Шоҳжаҳон, айни пайтда нима билан бандсиз?
- Ҳозир Санкт-Петербургдаман. 25 март куни бўладиган жангга ҳозирлик кўряпман. Бу мен учун жуда муҳим жанг. Тайёргарлик пухта бўлиши керак.
- Машғулотларни қаерда ўтадингиз?
- Машғулотлар асосан Москва, Фарғона ва Тошкенда бўлди. Сўнгги босқич Санкт-Петербургда ўтмоқда. Ўзбекистонга борганимда ҳаваскор боксда менга мураббийлик қилган устозим - сенатор Рустам Мажидовнинг олдига бордим. Бўлажак жанг олдидан устозимдан дуо олдим. Устоз дуоси шогирдлари ғалабага, муваффақиятга руҳлантиради.
Мен учун мураббийлари, мухлисларим, ота-онам ва менга ишонч билдирган ҳар бир инсоннинг ишончини оқлаш муҳим.
- Одатда, айрим рақибларингиз жангга яқин сиз билан рингга чиқишдан бош тортади. Бу гал ундай бўлмадими?
- Боксчиларнинг жангдан бош тортиши профессионал рингда кўп учрайдиган ҳолат. Буни табиий қабул қилиш керак. Фақат бир жангга тайёрланиш учун боксчи анча меҳнат қилади. Фаолиятим давомида бир неча маротаба шундай бўлди. Мен билан жанг қилиши керак бўлган боксчи сўнгги палада рингга чиқишдан бош тортди. Буни турли сабаблар билан изоҳлаш мумкин. Лекин кўпинча профессионал боксчилар ўз ҳисобига мағлубият тушишидан қўрқади. Чунки битта мағлубият ҳар қандай боксчининг рейтингига салбий таъсир қилади.
Рақибларим жангга келмаслигини маълум қилган пайтларда менежерим ва промоутерлар дарров бошқа боксчини топишга ҳаракат қилишади. Улар ҳозирча бунинг уддасидан чиқмоқда.
Бу галги рақиб фикридан қайтгани йўқ. Лекин жанггача ҳали уч кун бор.
- Навбатдаги рақибингиз ҳақида маълумот берсангиз...
- 25 март куни угандалик Ҳамза Семпевога қарши рингга чиқаман. Рақибим етти йилдан буён профессионал рингда жанг қилади. Ҳамза Семпево шу кунгача 14 та жангда зафар қучган ва олти маротаба мағлубиятини тан олган.
Бу боксчи икки вазн бўйича Уганда чемпиони, Шарқий ва Марказий Африка чемпионлик камари соҳибидир.
Ҳамза Семпево билан жангимиз олти раундлик рейтинг жанги бўлади.
- Шоҳжаҳон, бўлажак жангда омад ва ғалаба тилаймиз?
- Раҳмат. Албатта тўққизинчи жангимда ҳам рақибимни нокаут қилиб, мухлисларим ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
PS. Шоҳжаҳон Эргашевнинг навбатдаги жангга тайёргарлигидан олинган видеолавҳани қуйида томоша қилинг.
Фикрлар