“Шўртан” клубига бош мураббий тайинлаш масаласи ҳақида ПФЛ баёноти

Ғузорнинг “Шўртан” клуби 12 май куни бош мураббий Асрор Алиқуловни истеъфога чиқарди. Унга қўшилиб, катта мураббий Ботир Қодирқулов ҳам ишдан кетди.

 Айни вақтда “Шўртан” Ёрқин Назаров ҳамда Мурод Отажоновни жамоа мураббийлари сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ҳаракат қилмоқда. Бироқ ПФЛ бу ишга шошилаётгани йўқ. Сабаби, “Шўртан” ишдан кетказилган мураббийлар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилмаган. Бу ҳақда ЎзПФЛ расмий сайти хабар бермоқда.

 Эндиликда қайсидир клуб бош мураббийни истеъфога чиқарса ва у билан ҳисоб-китобни тўлиқ якунламаса, янги мураббийларни рўйхатдан ўтказиш учун рухсат этилмайди. Қарздорлик йил якунига (катта эҳтимол билан келаси йилларга) қолиб кетмаслиги шарт.

 “Шўртан” клуби раҳбарияти яқин вақт ичида Алиқулов ҳамда Қодирқуловнинг қарзлари тўлаб берилиши борасида кафолат хати бериб, ўз ишини якунлаши мумкин. Бироқ кафолат хатида кўрсатилган муддатдан бир кун ўтса ҳам, клуб жазога тортилади.

 Айни вақтда ПФЛга қарздорлик билан боғлиқ жуда ҳам кўп аризалар ва шикоят хатлари келиб тушган. Бу борада иш олиб бориляпти. Ва албатта шундай ишлар кейинчалик ҳам давом этмаслиги учун, клублар ҳозирданоқ ишни пухта бажариши шарт. Мураббийни истеъфога чиқаришни билган раҳбарият, унинг қарзини ҳам вақтида қайтаришни билиши керак.

 Футболчи ва мураббийлар шартнома тузаётганида эҳтиёт бўлиши сўралади. Улардан бири маълум йил учун ҳақини олмай туриб, келаси йилга ҳам шартнома тузса, ПФЛ кейинчалик уларнинг ёни бўлмаслиги катта эҳтимол. Футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши ва уни талаб қилишни ўрганиши керак. Бу масала ҳамда футболчиларнинг клублар билан шартномалари масаласи олдинда алоҳида кўриб чиқилади ҳамда тузилажак янги регламентдан жой олади.

P.S. “Шўртан” клубини 12 май санасидан буён вақтинчалик Баҳодир Шоймардонов бошқариб турибди. Бунгача у клубнинг техник директори лавомизимида фаолият кўрсатиб келаётганди. Ўтган вақт ичида “Шўртан” 4 та ўйинда иштирок этиб, шуларнинг 3 тасида имкониятни бой берди. 2 та ўйинда йирик мағлубиятлар кузатилди. Жамоа раҳбарияти натижаларни яхшилашни истаса, бош мураббий масаласини тезроқ ҳал қилиши керак. Иш тез ҳал бўлиши учун эса, клублар масалага жиддий ёндошишга мажбур.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!