“Шўртан” нима учун Эдгар Гесс билан келиша олмаганини маълум қилди

 

Тезкор замонда яшаяпмиз. Бугунги кундаги ахборот алмашинуви, воқеалар ривожи, янгиликлар ёки хабарларнинг тарқалиши шу қадар товуш тезлигида юз беряптики, биттасини ўқиб, таҳлил ва мулоҳаза  қилиб улгурмасингдан кейингиси навбатда турибди.

Яқиндагина "Шўртан" сайтида жамоага янги бош мураббий тайинлаш масаласи кун тартибида турганлиги ва бу борада муайян ишлар олиб борилаётганлиги хусусида ёзилган эди. Ниҳоят “Шўртан” жамоаси бош мураббийлиги ўрнига бир нечта таниқли ва тажрибали номзодлар орасидан Эдгар Гесс танланганлиги ҳақида хабар берилди. “Оқ бўрилар” ва унинг мухлислари учун бегона бўлмаган ушбу мутахассис билан дастлабки ва айтиш керакки, оғзаки келишувга эришилгандек бўлинди, ҳам. Эдгар Яковлевич жамоанинг бир нечта машғулотларини ўтказди. Унинг бошқарувида футболчилар “Сўғдиёна” ва “Обод”га қарши назорат-синов учрашувларида майдонга тушишди. Ташқаридан қараганда, гуёки ҳамма иш ўз жойида кетаётгандек ва ҳамма “Шўртан” ҳамда Эдгар Гесс ўртасида битим тузилади деб кутиб турган бир паллада режа амалга ошмади. Клуб раҳбарияти яхши ниятлар билан ишга таклиф қилинган мутахассис билан олиб борилган музокараларни сўнгги паллада тўхтатишга мажбур бўлди. Сабаби “Шўртан” ПФКнинг таклифлари Эдгар Гесснинг қўйган “катта” талабларига тўғри келмади. Бу эса табиийки, жамоа томонидан битимни амалга ошмаслигига олиб келди.

Ҳаёт давом этади. Ўзининг ривожланиш йўналиши, юксак мақсад ва вазифаларига эга бўлган “Шўртан” жамоаси биргина мутахассис хизматларига қараб ҳам, боғланиб ҳам қолмаган. Муносиб номзодларни топиш ҳамда улар билан музокаралар олиб бориш, жамоанинг эса миллий чемпионатимиз учрашувларида яхши иштирок этиб, мухлисларга чиройли ва мазмунли ўйинлар тақдим қилиш ишлари давом этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!