“Шўртан” – “Насаф”. Превью

Олий Лиганинг навбатдаги 13-тур учрашувлари 14-16 июн кунлари бўлиб ўтади. Ушбу турда Қашқадарё вилоятининг икки жамоаси ўзаро куч синашади. Мазкур баҳс воҳа дербиси мақомига эга.

“Шўртан” (Ғузор) – “Насаф” (Қарши)

15.06.2017. “Ғузор” марказий стадиони. 19:00

Бош ҳакам: Шерзод Қосимов (Тошкент)

Қанот ҳакамлари: Андрей Цапенко (Тошкент вил.), Набийжон Рўзимов (Тошкент)

Захира ҳаками: Аскер Нажафалиев (Тошкент)

Назоратчи: Радик Серазетдинов (Тошкент)

ЎзПФЛ вакили: Бахтиёр Маметов.

15 июнь куни бўладиган учрашув жамоаларнинг 23-туқнашуви бўлади. Ўтказилган 22 баҳснинг 16 учрашувида “аждарлар” ғалаба қозонишган бўлса, “Шўртан” ҳисобида 5 та ғалаба мавжуд. Атиги бир ўйинда жамоалар муроса йўлини танлашган.

2010 йили Қаршида 8523 томошабин кўз олдида кечган учрашувда, 0:0 натижаси қайд этилган. Тўплар нисбати 23-50 кўринишида, жамоамиз устунлигини кўрсатмоқда. Ўзаро ўйинларда жамоамиз “Шўртан”ни энг йирик 5:0 ҳисобида, “Шўртан” эса жамоамиз устидан энг йирик 3:2 ҳисобида ғалабага эришган.

Ушбу жамоаларнинг ўртасида кечган баҳслар тарихига назар ташласак, энг кўп гол киритган футболчилар ҳамон Зафар Холмуродов ва Игорь Таранлар бўлиб туришибди. “Насаф” жамоасининг собиқ ва афсонавий футболчиси “оқ бўрилар” дарвозасини 7 марта аниқ нишонга олган. Шунингдек, Игорь Таран ҳам “аждарлар” дарвозасини 5 марта ишғол қилган.

Ғузорда ўтказилган 11та учрашувдаги натижалар бўйича ҳам кичик устунлик “Насаф” томонида. Жамоамиз шу пайтгача Ғузорда ўтказилган учрашувларда 6 марта ғалаба қозонган. “Шўртан” эса 5 марта ғалабага эришган. Шуниси қизиқки, ҳали бирон марта Ғузорда дуранг натижа қайд этилмаган. “Оқ бўрилар” сўнгги марта 2011 йилги мавсумнинг иккинчи даврасида жамоамиз устидан 2:1 ҳисобида ғалабага эришган.

Ғузорда ўтказилган 11та учрашувда жами дарвозаларга 35та тўп киритилган. Тўплар нисбати 15-20, бунда ҳам устунлик жамоамиз томонида. Ғузорда ўтказилган икки учрашувда “Шўртан” футболчилари гол ура олишмаган. Жамоамиз футболчилари ҳам икки учрашувда Ғузордан голсиз қайтишган.

Ғузордаги охирги ўзаро ўтказилган 4 учрашувда “Насаф” ғалаба қозонган. “Насаф” жамоаси бу сафар Ғузорга Драган Черансиз ташриф буюради. Сербиялик ҳужумчимиз сариқ карточкалари сони 4тага етгани боис, ушбу учрашувни ўтказиб юборади.

15 июн пайшанба куни бўладиган 13-тур,  “Шўртан” – “Насаф” жамоалари учрашуви Ғузор шаҳридаги “Ғузор” марказий стадионида соат 19:00да бошланади. Бир кун олдин,  яъни 14 июн чоршанба куни бўладиган кичик дерби,  Ғузордаги “Болалар футбол маркази” майдонида соат 17:30да бошланади.

Ғузорда бўлиб ўтган охирги беш учрашув:

03.08.2016. 16-тур. “Шўртан” – “Насаф” 0:3

26.04.2015. 6-тур. “Шўртан” – “Насаф” 1:2

18.10.2013. 22-тур. “Шўртан” – “Насаф” 1:4

11.05.2012. 8-тур. “Шўртан” – “Насаф” 2:3

06.08.2011. 15-тур. “Шўртан” – “Насаф” 2:1.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!