Снейдер билан танишув, ҳужумчи ва ҳимоячига айланган футболчи!

Қатар чемпионатида ўйнаётган легионерларимиздан бири Санжар Турсунов охирги пайтларда мухлисларнинг ёдидан кўтарилиб қолаётгандек эди. Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп сурган ярим ҳимоячининг ушбу мавсумдаги фаолияти у қадар кўнгилдагидек чиқмади. Хабарингиз бўлса, у “Ал Харайтият” шарфини ҳимоя қилди. Аммо унинг жамоаси учун чемпионат қийин ўтди. 12 та клуб орасида “Ал Харайтият” 11-ўринни банд этди. Фақатгина премьер-лигада қолиш учун ўтказилган плей-офф ўйинида ғолиб чиқиб қуйи дивизионга тушиб кетиш хавфидан қутулиб қолди. Турсунов эса дастлаб якунига етган мавсум ва ўзи ҳақида гапирди.

  • Бу мавсум жуда асабий тарзда ўтди. Устига-устак ўйинимиз ўзимиз истагандек қовушмади. Масалан, бир ўйин яхши ўйнасак, иккита ўйин ёмон ўйнардик. Бунга сабаб, мураббий чемпионат бошидан ҳар бир ўйинга турлича тактикаларни қўллади. Менимча, шунинг таъсири бўлди. Битта тактикада икки-учта ўйин ўйнаганимиз йўқ. Бундай ҳолатда омад ҳам биздан юз ўгирди. Энг асосийси, плей-офф ўйинида ютиб Қатар премьер-лигасида қолдик. Аслида ҳар бир жамоада мана шундай пасайишлар бўлади. Бу ҳол эса баъзи клубларда ҳаттоки бир йил мобайнида давом этиши мумкин. Мавсум ўрталарида бизда мураббийни алмаштиришди. Ундан кейин ҳам у қадар яхши ўйин кўрсатмадик. Асосий мақсадимиз кучлилар сафида жон сақлаб қолишимиз керак эди ва буни бажардик. Ўзимга келсам, албатта ўйинимдан қониқмадим. Масалан, битта ўйинда керак бўлса, 2-3 мартадан позициямни ўзгартирдим. Мавсум давомида шундай бўлдики, мен ўнг қанот ҳимоясида ўйнадим. Таянч ярим ҳимоясида ҳам тўп сурдим. Ҳаттоки, яққол ҳужумчи сифатида ҳам ҳаракат қилдим. Ўнг ва чап қанотда дейсизми, хуллас барча чизиқларда ўйнаб чиқдим. Фақат дарвозада турмадим холос. Ҳар учрашувда ҳар хил позицияда ўйнасангиз бу албатта ўйинингизга ҳам таъсир қилади. Фақат мавсум охирларида ўз жойимда тўп сурганим сабабли ўйиним бироз яхшиланди. Муҳими, мавсумни жароҳатларсиз ўтказиб олдик. Клуб раҳбари ва мураббийи у ёки бу чизиқда ўйнаб бер деса, буни рад эта олмас экансиз. Жамоанинг бугунги вазиятидан келиб чиқиб, уларни ҳам тўғри тушунган ҳолда шундай йўл тутдик. Албатта, бу ўзига яраша ноқулайликларни келтириб чиқаради. Шу боис мени ҳам бошқа позицияга ўтказишганида унга мослашиш қийин бўларди. Лекин мураббий ва раҳбарлар айтишганидан кейин буни муҳокама қилмаймиз. Улар қаерга қўйишса ўша ерда ўйнашга мажбурмиз.

Кўпчилик Санжарнинг “Ал Харайтият”ни тарк этиши ҳақида айтишмоқда. Балки у қадар яхши кечмаган мавсумдан сўнг ҳамюртимизнинг режалари ўзгариб қолган бўлса ҳам ажаб эмас.

  • Клуб билан тузган шартномам 1 июнда тугайди. Қолганини вақт кўрсатади. Айни пайтда менга бошқа клублардан қизиқишлар бўлиб турибди. Бу масалани агентим билан ҳал қиляпмиз. Балки яқин орада қандайдир янгилик бўлиб қолиши ҳам мумкин, - дея фикр билдирди, Санжар.

Лекин унинг жамоаси мавсумни бўш ўтказгани Турсуновнинг кейинги фаолиятига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинми? Ундан шу мазмунда сўраганимизда бу борада ортиқча ташвишга тушмаётганини таъкидлади.

  • Жамоамдаги кўнгилдагидек ўтмаган мавсум менинг кейинги фаолиятимга таъсир қилмайди деб ўйлайман. Аслида ҳамма қаерга борса ҳам, у кучли клуб бўладими ёки кучсизроқми, фақат яхши ният қилиб боради.

Шунингдек, Қатарнинг “Ал Гарафа” сафида тўп сураётган голландиялик машҳур футболчи – Уэсли Снейдер билан Санжарнинг яқин алоқа ўрнатгани ҳақида ҳам эшитгандик. Яқинда ижтимоий тармоқларда унинг Снейдер билан бирга ўтирган сурати ҳам тарқалди. Шунинг учун футболчи ушбу вазиятга ҳам ойдинлик киритди.

  • Уэсли Снейдер билан бирга кечки пайт овқатландик. Унинг яқин дўстларидан бири бизнинг жамоада ўйнайди. Асли марокашлик, аммо Голландияда туғилган. Снейдер билан болаликдан бирга футбол ўйнашган. Шу боис учаламиз бирга кўришдик. Снейдер яхши инсон экан, бирга гаплашиб ўтирдик. Унга Ўзбекистон футболи ҳақида гапириб бердим. Ўзи ҳам бизнинг футболдан хабари бор экан. Асосийси, у олийжаноб инсон. Барибир Қатарда бундай савиядаги таниқли юлдуз футболчилар кўп эмас. Чемпионат доирасида “Ал Гарафа”га қарши ўйнаганимизда ҳам Снейдер билан ўртамизда яхши алоқа ўрнатилганди.

Шу ўринда Турсунов янгича кўринишда ўтаётган Ўзбекистон чемпионати ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

  • Ўзбекистон Суперлигасини кузатиб боряпман. Дастлабки тўртликда бораётган жамоалар бир ўйинда ютишса, кейингисида ютқазишяпти. Янги мавсум анча қизиқарли ўтаётгани кўриниб турибди. Ўйлашимча, Ўзбекистон футболи кучайиб боряпти. Бу ҳол бардавом бўлса бундан жуда хурсанд бўламан.

Маълумки, Санжарнинг ўзига яраша мухлислари бор. Айниқса, терма жамоадаги ўйинларини соғинишган. Ҳозирги пайтда Тимур Кападзе термамизни вақтинчалик бошқариб турибди. Футболчи эса бу масалага ҳам тўхталиб ўтди.

  • Темур Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоасининг вақтинчалик бош мураббийи сифатида ишлаяпти. Унда катта тажриба бор, бу фақат футболчилик маҳорати. Чунки фаолиятини яқиндагина тугатди. Ўйлашимча, кейинги йилларда у миллий терма жамоага тўлақонли равишда бош мураббий бўлиш учун даъвогарлардан бири бўлади. Албатта, хориждан мутахассис олиб келишлари ҳақида эшитганман. Қолганини вақт кўрсатади.

Уни яна терма жамоа сафида кўрамизми? Албатта, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Санжар Турсунов доим Ўзбекистон учун борини беришга тайёр эканлиги ҳақида айтиб келган. Унинг термага қайтиш ёки қайтмаслиги катта эҳтимол билан янги келадиган хорижлик мураббийга боғлиқ.

  • Менинг терма жамоага қайтиш ёки қайтмаслигим бевосита янги келадиган мураббий билан боғлиқ. Чунки унинг футболга ўз қарашлари бўлади. Ўйлашимча, натижа керак бўлса, барча тажрибали ўйинчиларни йиғади. Қани кўрамиз-да, аввал мураббий тайинлансин-чи, шундан кейин кўп масалага ойдинлик киритилса керак, - дея муносабат билдирди, Турсунов.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!