"Сўғдиёна" 1 февралга қадар Супер Лига талабаларини бажармоқчи

Хабарингиз бор бугун Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Президент ташриф давомида вилоятнинг бош жамоаси ҳисобланган “Сўғдиёна” клубида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди.

Клуб ижрочи директори Жавлон Салоҳиддинов эса мамлакат футбол раҳбарининг ушбу ташрифи ва жамоад амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

- Бугунги кунда “Сўғдиёна” ПФК професионаллик сари дадил одимламоқда. Рахбарият томонидан футболчилар ва мураббийлар учун барча шароитлар яратилган. Бугун Жиззах вилоятига ташриф буюрган ЎФФ президенти ва аъзолари ҳам бунга гувоҳ бўлишди. Биз айни дамда ЎФФ томонидан қўйилган барча талабларни бажардик. “Сўғдиёна” футбол клуби қошида академия, футзал, аёллар клубига асос солдик. Ҳозирги кунда футбол ва бизнес ёнма-ён. Катта маблағлар эвазига легионер сотиб олиш ўрнига ўз академиямизда футболчиларни тарбиялаб, уларни нафақат клубимиз, балки мамлакатимизнинг барча ёшдаги терма жамоаларига маҳоратли футболчиларни етказиб бериш ниятидамиў. Зеро, Жиззах футбол мактаби кўплаб маҳоратли футболчиларни тарбиялаган. Сардор Рашидов, Жасур Ҳасанов каби маҳоратли футболчилар бунга яққол мисол.

Шу кунгача ЎФФ президентининг шахсан Жиззах вилоятига ташрифи кузатилмаган. Умид Аҳмаджонов вилоятимизга келиб, академия тарбияланувчиларига совғалар улашди. Биз ҳам ўз навбатида 1 февралгача қўйилган Супер лиганинг барча талабларини бажариб, муҳлисларимизнии ҳушнуд қилишга ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!