"Суғур куни“га оз қолди! Эрон 2-0 Ўзбекистон

13 июнь, 00:10 825

Ўша эртак яна такрорланмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионат йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини янада қийинлаштириб юборди.

Таркибда учта жиддий йўқотишга учраган Самвел Бабаян мураббийлиги остида Теҳронга йўл олган миллий терма жамоамиз ватанимизга мағлубият билан қайтадиган бўлишди.

Жаҳон чемпионати саралаши 8-тур доирасида Эрон терма жамоаси ўз майдонида ўзбекистонлик «оқ бўриларни» қабул қилди. Ўйин бошиданоқ ўйин тизгини ўз қўлига олган форслар тўпга эгалик қилиш ва аниқ тўп узатмалар билан чиройли ўйин кўрсата бошлашди. Ушбу устунлик сабаб, улар 23-дақиқадаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Тошкентдаги ўйинда Карлуш Кейруш томонидан захирада олиб қолинган Сардор Азмун «Озоди» стадионига йиғилган 50 мингдан ортиқ мухлисларга ажойиб эҳтирос улашди.

Биринчи бўлимни кичик ҳисобдаги мағлубият билан якунлаган терма жамоамиз вакиллари иккинчи бўлим аввалида ўз жарима майдонларида «қовун» тушуришди. Уммонлик ҳакам Аҳмад ал-Каф томонидан Ўзбекистон терма жамоаси дарвозаси томон пенальти белгиланди. Бироқ, Масъуд Шожайи пенальтидан гол ура олмади. Унинг зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. “Раҳмат сенга, Масъуд Шожайий” деб қўйган бўлса керак, терма жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян.

Аммо, бу ҳаммаси эмасди. Ўйин якунига қадар эронликлар ташаббусни қўлдан бой бермади ва 88-дақиқада Меҳди Тареми ҳисобни иккитага ошириб қўйди.

ЖЧ–2018 саралаши
Теҳрон, “Озоди”
12 июнь, душанба

Эрон – Ўзбекистон 2:0 (1:0,1:0)

Голлар: Сардор Азмун (23), Меҳди Тарими (88)

Огоҳлантиришлар: Сардор Азмун (75) – Вадим Афонин (28), Даврон Хошимов (90)

Амалга оширилмаган пенальти: Масъуд Шожайи (50)

Эрон: Алиризо Беиранванд, Милод Муҳаммади, Жалол Ҳуссайни, Саид Иззатуллоҳи, Масъуд Шожайи (Ашкан Дежага, 70), Муртазо Пуралиганжи, Али Карими, Меҳди Тареми (Ризо Ғочаннажод, 90), Алиризо Жаҳонбахш (Воҳид Амири, 45), Рамин Резоиан, Сардор Азмун.

Ўзбекистон: Александр Лобанов, Станислав Андреев (Даврон Хошимов, 6), Анзур Исмоилов, Егор Кримец, Акмал Шораҳмедов, Вадим Афонин (Сардор Рашидов, 53), Азиз Ҳайдаров, Игорь Сергеев, Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов, Темурхўжа Абдухолиқов (Жалолиддин Машарипов, 65).

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.