Суҳроб Бердиев: “Қўқон-1912”нинг ғалабаларида пул асосий омил эмас (1-қисм)

 

Бу мавсум “Қўқон-1912” олий лигада кутилганидан ҳам яхши иштирок этмоқда. Қўқонликларнинг бу мувафаққиятларига Суҳроб Бердиев ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Биз эса ушбу ҳужумчи билан суҳбат ташкил қилдик.

Суҳроб ака, дастлаб чемпионатнинг биринчи даврасини яхши ўтказган “Қўқон-1912” ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

- Ўтган йили жамоа анча қийин аҳволда қолганди. Шунинг учун таркибга бир қатор футболчилар таклиф этилди. Нўъмон Ҳасанов бош мураббий этиб тайинланди. Шундан кейин “Қўқон-1912” қишки тайёргарлик жараёнини яхши олиб борди. Ўша пайтларда ўз олдимизга жиддий мақсадлар қўйдик. Қўқонга мухлисларни қайтариш вазифа этиб тайинланди. Бунинг учун ўйинни кучайтиришимиз керак эди. Чунки ишқибозларни стадионга қайтаришимиз учун натижаларни яхшилашимиз керак эди. Мана кўриб турганигиздек ижобий натижалар қайд этиб келмоқдамиз. Бунга эришиш ҳам осон бўлмади. Асосийси тайёргарлик жараёни кўнгилдагидек кўриниш олди.

Натижаларнинг яхшилиги фақатгина хоҳишнинг ўзигагина боғлиқ эмасдир? Молиявий томонларга ҳам боғлиқ жиҳати борми?

- Йўқ, айнан молиявий томонлари эмас. Биз қишда аниқ мақсадни ўз олдимизга белгилаб олдик ва шу йўлимизда давом этмоқдамиз. Ойликларни баъзан вақтида олмаган бўлишимиз мумкин. Лекин худога шукур пулларимизни олиб турибмиз. Пул асосий омил эмас. Бирдам бўлиб ҳаракат қилаётганимиз натижаларда кўринмоқда.

Иштаҳа танаввул пайти келади дейилади. Шунинг учун натижалари яхши бўлаётган клубга раҳбарлар “планка”ни янада юқори қўйдими?

- Мақсад олдин белгиланганидек ўзгармади. Чемпионат бошланганишидан олдин мухлислар ва клуб мутасаддилари билан йиғилганимизда жамоа олдига кучли бешликка кириш вазифа қилиб қўйилди. Шунинг учун максимал даражада ҳаракат қиляпмиз.

Старт шундай ажойиб бўлишини кутганмидинглар?

- Очиғини айтганда, кутгандик десак ҳам бўлади. Чунки юқорида айтиб ўтганимдек 3 ой яхши тайёргарлик кўргандик. Биринчи “Насаф”га қарши баҳсда озгина омад етишмади. Шундан сўнг янада қаттиқ ишладик. Меҳнатларимиз мева беришини билардик.

Ғалабаларнинг асосий омили деб нимани айтган бўлардингиз, футболчиларнинг маҳорати ёки мураббий?

- Мураббий деб бемалол айтишим мумкин. Чунки Нўъмон Ҳасанов ўйинларга тайёрлайди. Тактика танлайди. Унинг кўрсатмаси бўйича тўп тепамиз.

Агар мураббий тактикаси ғалабалар омили бўлса, нима учун “Пахтакор”да натижа кўрсата олмади?

- Нўъмон Ҳасанов яхши мураббий. Ўз услуби ва стили бор. Шунинг учун “Қўқон-1912” бу мавсум юқори ўринларда бормоқда. “Пахтакор”даги фаолияти нима учун бундай бўлагинни билмайман.

Жамоанинг калит ўйинчиси сифатида кимни кўрсатган бўлардингиз?

- Айнан битта футболчини кўрсата олмайман. Чунки биз бир жамоа бўлиб ҳаракат қиламиз. Қайсидир ўйинчини яққол ажрата қийин. Чунки бирор бир футболчи бўлмаса биз ўйнай олмаймиз демаган бўлардим. Майдонда ҳаммнинг ўз бажарадиган вазифаси бор. Лекин Носир Отақўзиев клубнинг етакчиси ҳисобланади. Улар майдонда ҳаммани бошқариб олдинга ундаб турадиган инсон.

Қўқонда мухлислар ёқимтойига айланган Жавоҳир Сидиқов ва сиз билан тўпурарликда беллашаётган Филипп Райевац ҳақида қандай фикрдасиз?

- Булар жамоа учун жуда фойдали футболчилар ҳисобланишади. Жавоҳир Сидиқов ўтган йили иккинчи даврадан “Қўқон-1912”га таклиф қилинганидан сўнг ўз устида ишлаб мана шундай ўсишга эришди. У жамоа марказидаги энг керакли футболчилардан. Жавоҳир шу йўсинда давом этса, кучли футболчи бўлиб етишади.

Легионер маҳаллий футболчилардан бир бош устун бўлиши керак. Шунинг учун Филипп астойдил ҳаракат қилмоқда. Ўз номига яраша тўп тепишга интиляпти. Майдонда бесамар юрмайди. Мана шундай иссиқ ҳавога кўникиб тўп тепмоқда.

Матбуотдаги интервьюларингизнинг бирида тўпурар бўлмоқчилигингизни айтиб ўтгандингиз. Бу борада Филипп билан имкониятларингизни қандай баҳолайсиз?

- Мен ўша пайтда айнан тўпурар бўлмоқчиман демаган эдим. Биринчи ўринда жамоа манфаати. Ўзимнинг шахсий кўрсатгичим яхши бўлса, менга ҳам қўшимча куч биғишлайди деб айтгандим. Чап қанот ярим ҳимоячисиман. Шунинг учун менинг вазифам кўпроқ жамоадошларимни қулай вазиятларга чиқишини таъминлаш. Ким биландир кўп гол уриш борасида беллашишдан кўра жамоанинг ғалабаси муҳим.

Филиппнинг профессионаллиги нималарда аён бўлади?

- Учрашувдан олдинги тайёргарлиги. Барча ишларни режа асосида олиб борилиши. Ўйин бўлмаган кунлари ҳам ўз режалари асосида иш тутиши профессионал даражада деб ўйлайман.

Эшитишимизга қараганда, “Қўқон-1912” “Бунёдкор”га қарши ўйинга бошқача иштиёқ билан келган экан. Яъни, ғалаба қозониш учун.

- Ҳар бир баҳсда зафар қучиш учун майдонга чиқамиз. Фақат бир жамоа учун бошқача иштиёқ билан тайёрланмаймиз. “Бунёдкор” билан ўйинда Қўқон жамоаси анчадан бери гол урмаётганлиги учун астойдил ҳаракат қилдик. Лекин озгина ўхшамади. Аммо иккинчи даврада ўз хатоларимизни такрорламасликка интиламиз.

Айни пайтда олий лига-2017да Марат Бикмаев тўпурарлик борасида яққол устун ҳисобланади. Айтингчи, сиз ёки Филипп голлар сони бўйича Маратга етиб олишингиз мумкинми?

- Бу футбол. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Асосийси жамоанинг манфаати. Кимнинг голлари сони кўпайиб ўтиб кетишининг фарқи йўқ. Клубга нафи тегса бўлгани. Лекин биз голлар уриб ғалабалар сари ҳаракат қилишда давом этамиз.

Нега Марат Бикмаев кўплаб голлар урмоқда? Чемпионатимиздаги легионерларнинг савияси ундан кучсизми?

- Энди фақат гол ураётган футболчини кучли деб ҳисоблаб бўлмайди. У ўйинчи дарвозани ишғол қилмаса жамоасига бошқа томондан ёрдами тегар. Шерикларини қулай вазиятларга олиб чиқиш ҳам бир маҳорат.

Марат Бикмаевга келадиган бўлсак, “Локомотив”да кимлар тўп тепишини кўринг. Қанотлар жуда кучли. Тезкор бўлган футболчилар бор, таркибда терма жамоа аъзолари ҳаракат қилади. Табиийки, Марат кўплаб голлар уради. Қолаверса, Бикмаевнинг гол сезиш қобиляти ҳам жуда кучли. Шу жиҳати унинг устун томонидир.

 

Сухбатнинг давоми билан тез орада танишишингиз мумкин.

Бекзод ИСАЕВ сухбатлашди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!