Суперчемпион билан суҳбат

 

Жаҳон спортида яккакурашлар ўз ўрнига эга. Яккакурашларнинг турли йўналишдари бўйича ўтказиладиган беллашувлари доимо мухлису мутахассислар эътиборини қозониб келган. Жаҳонда жадал ривожланаётган спорт турларидан бири - муайтай бўйича ҳам нуфузли мусобақалар мунтазам ўтказиб келинади.

Муайтай бўйижа жаҳон миқёсида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган спортчиларимиздан бири Мансур Толиповдир. SPORTS.uz ахборот портали Мансур Толиповни ўзбек спорти мухлисларига яқиндан таништириш мақсадида суҳбат уюштирди.

- Мансур мураккаб бўлган спорт тури муайтай билан қачондан шуғулланиб келасиз?

- Муайтай билан шуғулланишни етти йил аввал – 2010 йилда бошлаганман. Менга Рустем Зарипов мураббийлик қилади. Бу спорт турини тез ўзлаштирдим. Қисқа фурсат ичида Ўзбекистон чемпионатларида муваффақият қозондим ва мамлакатимиз терма жамоасига қабул қилиндим. Миллий чемпионатларда уч марта мамлакат чемпиони бўлдим ва бу ғалабалар менга халқаро майдонга чиқиш имконини тақдим этди.

- Халқаро миқёсдаги кўрсаткичлар қандай бўлмоқда?

- Дастлаб муайтай бўйича жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгалладим. Осиё чемпионатида эса ўз вазн тоифамда барча рақибларини мағлубиятга учратиб, чемпионликни қўлга киритдим.

Кейинчалик профессионаллар ўртасидаги беллашувларда қатнашиш иштиёқи пайдо бўлди. Тайёргарликни кучайтирдим ва профессионаллар ўртасидаги беллашувларда қатнаша бошладим.

2015 йилда профессионал муайтайчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозондим. 2016 йилнинг 26 декабрь куни бу муваффақиятни яна такрорлаб иккита чемпионлик камарига эга бўлдим.

- Мансур, янги мавсумда қандай муҳим мусобақаларда қатнашасиз?

- 2017 йилги мусобақалар тақвимидан жуда кўп мусобақалар жой олган. Мен 16 апрель куни Таиландда бўладиган юқори нуфузли турнирда қатнашаман. Бу турнирда энг кучли саккиз нафар муайтайчи иштирок этади. Биринчи учрашувни ютганлар кейинги даврага ўтади. Иккинчи босқичда тўртта спортчи жанг қилади. Ғолиблар финалда беллашади.

Бўлажак турнирда асосий рақибим таиландлик жаҳон чемпиони Йотпаяк билан бўладиган жангга алоҳида тайёргарлик кўряпман.

Шундан сўнг май ойида ҳаваскор муайтайчилар ўртасида жаҳон чемпионати бўлади. 2-12 май кунлари бўладиган жаҳон чемпионатига Беларусь давлати мезбонлик қилади.

- Муҳим мусобақаларга тайёргарлик қандай бўляпти?

Биз бўлажак беллашувларга муайтай ватани – Таиландда тайёргарлик кўряпмиз. Бу ерда жисмоний, техник ва тактик машғулотлардан ташқари, жанг усулларимизни бойитиш ва янги услубларни ўрганиш, уларни амалда синаб кўриш учун спарринг жангларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратяпиз. Мақсадимиз – юртимиз байроғини баландга кўтариш ва халқимиз ишончини оқлаш. Шунинг учун ҳам тайёргарлигимиз пухта бўлиши керак. Насиб қилса, ғалабаларимиз билан мухлисларимизни хурсанд қиламиз.

Мансур суҳбат учун раҳмат. Мухлислар номидан мусобақаларда омад ва ғалабалар тилаймиз!

SPORTS.uz ахборот портали суҳбатни уюштиришда кўмаклашган инстаграмдаги uzsport_no1  саҳифасига ўз миннатдорлигини билдиради. 

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!