ТОП-7. "Ювентус"нинг энг яхши франциялик легионерлари

Туриннинг "Ювентус" жамоаси таркибида франциялик футболчилар мувффақиятли тўп суришган. Шу боис биз "кекса синьорилар" тарихидаги энг яхши француз ўйинчилари рейтингини тузиб чиқдик.

 

7. Жонатан Зебина

Зебина 2004-2010 йиллар мобайнида Туринликлар таркибида 117 учрашувда бир марта гол урди. Жонатан "кекса синьорилар" "Б" cерияга бадарға қилинганда ҳам жамоада қолиб, қаҳрамонлик кўрсатди. У жамоа билан "Б" cерияда ғолибликни қўлга киритди. Бироқ бошқа ҳеч вақога эришмади.

 

6. Дидье Дешам

Дешам 1994 йили "Марсель"дан "Ювентус"га ўтди ва кейинги 5 йилни мазкур клуб таркибида ўтказди. Дидье ана шу даврда 173 беллашувда 4 та голга муаллифлик қилди. У жамоа билан 10 та совринга эга чиқди. Жумладан бир бора Чемпионлар лигаси бош соврини соҳиби бўлди.

 

5. Лилиан Тюрам

2001 йилда "Юве" аср трансферларини амалга ошира бошлади. Тюрам "Парма"ни "Ювентус"га алмаштирди. Лилиан 2006 йилга қадар 204 та ўйинда иккита тўп киритди. Ярим ҳимоячи 5 йил давомида икки мартадан чемпионат ва кубок олтин медалларига сазовор бўлди.

 

4. Пол Погба

"Ювентус" 2012 йили "Манчестер Юнайтед"дан Погбани 1 миллионга сотиб олиб, орадан 4 йил ўтгач 105 миллионга сотди. Пол 4 йилда Туринликлар билан 8 та совринни қўлга киритди. У "кекса синьорилар" либосидаги ҳар бир мавсумда мамлакат чемпиони бўлган.

 

3. Зинедин Зидан

Туринликлар Погбани сотишдан 15 йил аввал Зиданни ҳам рекорд сумма эвазига сотишган эди. Зинедин "Юве" либосида 1996-2001 йилларда 209 беллашувда ўз ҳисобига 31 та гол ёздириб қўйиб, 6 та жамоавий, 30 га яқин шахсий мукофотлар эгасига айланди.

 

2. Давид Трезеге

Трезеге 2000-2010 йилларда "Ювентус" учун 320 ўйинда 171 та голга муаллифлик қилди. Давид клуб таркибида энг кўп гол урган хорижлик футболчи ҳисобланади. 2002 йилда Трезеге "А" cерия тўпурари бўлиб, чемпионатнинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилди.

 

1. Мишел Платини

1982-1987 йилларда Платини "Ювентус" либосида 224 учрашувда 104 та гол уришнинг уддасидан чиқди. Мишел Туринликлар билан 7 та мусобақада, жумладан Чемпионлар кубогида муваффақиятга эришди. 1983, 1984 ва 1985 йилларда Платини "Олтин тўп" эгасига айланди.

 

Фурқат Юсупов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!