Таэквандочиларимиз Осиё чемпионатида 12 медални қўлга киритишди

8 июнь, 16:28 1035

Таэквандочиларимиз Осиё чемпионатида 12 медални қўлга киритишди

6-8 июнь кунлари Вьетнамда таэквондонинг керуги ва пумсе йўналишлари бўйича кадетлар ўртасида II Осиё чемпионати беллашувлари бўлиб ўтди. Мазкур турнирда қитъамизнинг 18 давлатидан спортчилар иштирок этди. Сабир Назаралиев бошчилигидаги терма жамоамиз ҳам муваффақиятли қатнашишди.

Керуги йўналиши бўйича 33 кг вазн тоифасида Даниил Ким Корея вакилига 20:25 ҳисобларида имкониятни бой бериб, бронза медали билан чекланган бўлса, 59 кгда Ирода Миртожиева Вьетнам вакиласидан 16:37 ҳисобларида устун келиб, учинчи ўринни эгаллади. +59 кгда эса Ксения Смирнова ҳам бронза медали билан тақдирланди.

37 кгда Амир Тураев финалгача етиб бориб, эронлик спортчи билан бўлган ҳал қилувчи баҳсда кичик ҳисобда (10:16) имкониятни бой берди ва кумуш медали билан тақдирланди. 29 кгда эса Муниса Каримова кумуш медалга сазовор бўлди.

Пумсе йўналиши беллашувларининг биринчи кунида Ирода Умрзакова олтин, Айнур Умрзақов, Исломбек Ражабов яккалик, Ирода Умрзақова ва Исломбек Ражабоев жуфтлик қарама-қаршиликларида бронза медалларини қўлга киритишди.

45 кгда кадетлар ўртасида Азизбек Рахмонбердиев шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин олган бўлса, 41 кгда Севинч Муминова учинчи ўрин билан чекланди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида 2 олтин, 2 кумуш ва 8 бронза медалига эга чиқишди.

Спортчилар эртага Тошкентга учиб келишади, дея хабар беради Ўзбекистон WTF таэквондо ассоциация матбуот хизмати.