Таиланд Кураш федерацияси Президенти: Кураш тез орада дунёнинг энг севимли спорт турларидан бирига айланади!

Кураш азал-азалдан ўзбек халқининг энг муҳим қадриятларидан бири ҳисобланиб келган. Бугунги кунда ушбу спорт турининг бутун дунёда тобора кенг тарқалиб бормоқда. Хусусан, Курашнинг  йил сайин турли қитъавий ўйинлар таркибига киритилиб бораётганлиги бугун ҳеч биримиз учун янгилик эмас.

Кураш бугунги кунда бошқа минтақалар қатори Таиландда ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Бундан 10 йиллар муқаддам Жанубий шарқий Осиёда Кураш федерациялари ташкил топа бошлади. Бугунги кунга келиб Таиланд халқи орасида ҳам ушбу спорт тури тобора оммалашиб бормоқда. Осиё-Океания кураш конфедерациясининг биринчи конгресси бўлиб ўтиши муносабати билан Таиланд Кураш Федерацияси Президенти Пулсак Сажатҳамнукул юртимизга ташриф буюрди. SPORTS.uz интернет ахборот портали мухбири Президент билан учрашди ва унинг бу борадаги фикрлари билан қизиқди.

–  Аввало, Ўзбекистонга хуш келибсиз. Бугунги кунда Кураш спорт турининг ривожланиши ҳақида нима дея оласиз?

–  Маълумки Кураш ўзбек халқининг азалий қадриятларидан бири ҳисобланади. Унинг инсонпарварлик, мардлик ғоялари билан суғорилганлиги ушбу спорт турининг дунёда тобора кенг тарқалиб боришига хизмат қилади. Айни шу сабабли ҳам Кураш оиласи йил сайин янги аъзолар билан бойиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Фикримча, Кураш келажакда нафақат ўзбеклар учун, балки бутун дунё халқларининг севимли спорт турига айланади. 

–  Таиландда Курашнинг ривожланиши борасида нималар дея оласиз?

– Ҳозирги кунда, биз Курашни Таиландда болалар ва ёшлар ўртасида ривожлантириш борасида бир қатор тизимли ишларни амалга оширмоқдамиз. Масалан, ҳар йили Катталар ўртасидаги Таиланд чемпионати ташкил этилади. Яқинда ўтган, Кураш бўйича Таиланд чемпионатида мамлакатнинг ҳамма ҳудудидан энг кучли 200 нафарга яқин полвонлари иштирок этишди. Бундан ташқари, катталар ўртасида ҳам “Патайя опен”  халқаро турнири ташкил этдик. Бу орқали Курашнинг нафақат Таиландда балки, бутун дунёда янада оммалашишига эришмоқчимиз. Чунки, Патайя Таиланднинг энг кўп сайёҳлар ташриф буюрувчи шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бу эса Курашнинг халқаро миқёсда ривожланишига ўз ҳиссасини қўшмай қолмайди.

Шунингдек, Таиланд қироллигининг қўллаб қўвватлови билан  Қироллик талабалар ўйинлари Дастурига ҳам Кураш спорти расман киритилган. Бу дегани Таиланднинг барча Олий ўқув юртларида Кураш ўқув йўналишлари ва кураш жамоалари ташкил этилади дегани.

Бундан ташқари Кураш ҳакамлари учун махсус курс ташкиллаштирганмиз. Унда ҳар чоракда 30 нафардан ортиқ ҳакамлар қатнашади ва ҳакамлик лицензиясига эга бўлишади.

Келажакда биз ўрта ва юқори мактаб ўқувчилари орасида спортнинг ушбу турини янада ривожлантиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Чунки, биз Таиландда Курашни ривожлантиришни мақсад қилган эканмиз, уни аввало ёш авлод вакиллари орасида тобора кенгроқ тарғиб этишимиз лозим бўлади. Айнан улар эртага мамлакатда ушбу спорт турининг эртанги кунини белгилаб беришади.

–  Курашнинг фахрий спортчилар ўртасидаги ўрни борасида нима дея оласиз?

–  Кураш ҳозирча фахрий спортчилар ўртасида унчалик оммалашмаган. Чунки, бу бу  халқимиз учун нисбатан янги спорт тури ҳисобланади. Биз кўпроқ урғуни болалар ва талабалар ўртасида кенгроқ тарғиб қилинишига қаратмоқдамиз. Биз бу борада янги авлодни шакллантиришни мақсад қилганмиз. Шундай экан, биз ушбу спорт турини аҳоли орасида кенгроқ ёйишимиз учун яна бироз вақт керак бўлади. Шунингдек, биз бунда ҳукумат ва IKAнинг кўмагига таянмоқдамиз. Масалан, айни пайтда бизга яхши савиядаги мураббийларга эҳтиёж сезмоқдамиз. Чунки болалар, ва талабалар Курашнинг асл моҳиятини англаб олишлари ва у билан кўпроқ шуғулланишлари учун ушбу мураббийларнинг ўрни ниҳоятда беқиёсдир.

Бу борада яна бир нарсани алоҳида эътироф этиб ўтмоқни жоиз деб биламан, Мана қарийиб беш йилдан буён Кураш ватани мураббийларри Таиландда фаолият олиб боришмоқда. Уларни қўл остида курашни ўрганган ёшларимиз мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ўзларинг Кураш клубларини очишган.

–  Нима деб ўйлайсиз, Кураш спорт тури таиландликлар табиатига қанчалик яқин?

–  (Ўйланиб) Айни кундаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, жуда яқин деёлмайман. Биз буни мамлакатда оммалаштиришимиз учун ҳали бироз вақт керак бўлади. Бизда аҳоли ўртасида кўпроқ футбол, таэквондо, волейбол каби спорт турлари ривожланган.  Бироқ, биз қадамба қадам мамлакатда шулар қаторида Курашни ҳам кенгроқ тарғиб этиб бормоқдамиз. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, Кураш бугун фақат ўзбек миллатининг севимли спорт турларидан бири бўлса, келажакда бутун дунё халқлари у билан тобора кўпроқ шуғуллана боради.

–  Яқин йиллар ичида Таиланд ўзида Кураш бўйича жаҳон ва Осиё миқёсидаги мусобақаларни қабул қилиши мумкинми?

–  Албатта, биз бунга 100 фоиз тайёрмиз. Фақат бунда IKA ва маҳаллий ҳукумат кўмагига таянамиз. Бундан ташқари, бу каби мусобақаларни қабул қилиш орқали Курашнинг мамлакатдаги ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшган бўлар эдик.

Баҳодир ҲАСАНОВ суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!