Тартиб интизом қўмитаси "Навбаҳор"аъзоларига ўз қарорини эълон қилди

24 май, 17:07 348

Тартиб интизом қўмитаси

Бугун Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда мамлакат чемпионати ва кубоги, ёшлар биринчилигидан ўрин олган учрашувларда қизил карточка олган футболчи ва мураббийлар масаласи кўриб чиқилди.

Бухорода ўтган учрашувда "Навбаҳор" бош мураббийи Илҳом Мўминжонов захира ўриндиғидан четлатилган бўлса Ойбек Қиличев қизил карточка олганди. Қолаверса, кеча Фарғонада ўтказилган кубок баҳсида "лочинлар"нинг яна бир аъзоси Алишер Саматов ҳам қизил карточкага лойиқ топилганди.
Бундан бироз вақт олдин якунланган тартиб-интизом қўмитасининг йиғилишида "Навбаҳор" футболчиларини қанча ўйинга дисквалификация қилинганликлари маълум бўлди. Қуйида бу жамоа аъзоларига тайинланган жазо акс этган ТИҚ қароридан кўчирма билан танишиб оласиз.
Олий лига
11-турдан ўрин олган “Бухоро” – “Навбаҳор” учрашуви танаффус пайтида тажовузкор хатти-ҳаракати учун захира ўриндиғидан четлатилган “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Илҳом Мўминжонов битта ўйинга дисквалификация қилинди ва жаримага тортилди. Бундан ташқари “Бухоро” устози Улуғбек Бақоев ҳам битта ўйинга дисквалификация қилиниб, жаримага тортилган.
“Бухоро” – “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашувда рақибини юзига урганлиги учун майдондан четлатилган “Навбаҳор” ярим ҳимоячиси Ойбек Қиличев иккита ўйинга дисквалификация қилиниб, жаримага тортилди.
Ўзбекистон кубоги
Мамлакат кубогининг 1/8 финалидан ўрин олган “Нефтчи” – “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги дастлабки учрашувда тажовузкор ҳаракати учун майдондан четлатилган “Навбаҳор” ярим ҳимоячиси Алишер Саматов иккита ўйинга дисквалификация қилинди.