Терма жамоада энг кўп ўйин ўтказган 5 футболчи

13 июнь, 12:17 348

Терма жамоада энг кўп ўйин ўтказган 5 футболчи

Куни кеча Италия терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш босқичи 6-турида Лихтенштейн терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Мазкур ўйин Италия терма жамоаси дарвозабони Жанлуиджи Буффон учун терма сафидаги 169-ўйини эди ва у  терма жамоада энг кўп ўйин ўтказган футболчилар бешлигига киришга муваффақ бўлди. Шу муносабати билан биз бугун терма жамоада энг кўп ўйин ўтказган футболчилар билан сизларни таништиришга қарор қилдик.

5. Жанлуиджи Буффон (Италия) – 169 та ўйин

Буффон термада 1997 йил Россияга қарши ўйинда дебют қилган. Россияга қарши баҳсда жароҳат олган Жанлука Пальюканинг ўрнини эгаллаган Буффон бош жамоадаги дебют ўйинида Фабио Каннавародан гол ўтказиб юборган. Англадингиз, бу автогол бўлган. Шундан бери терма жамоага мунтазам чақирилиб келинади. Буффон Италия термаси сафида 2006 йилги Германия мамлакати мезбонлик қилган мундиальда ғолиб чиқади. Евро-2012 да финалга қадар борган бўлса, 2013 йилги Конфедерациялар кубогида эса бронза медалига эга чиқади.

4. Мухаммад Ал-Деайя (Саудия Арабистони) – 172 та ўйин

Саудия Арабистони терма жамоасининг собиқ кипери мамлакат бош жамоасида 13 йил фаолият олиб борган. Жами 4 та мундиаль, иккита Конфедерациялар кубогида иштирок этган Аль-Деайя Саудия Арабистони термаси дарвозасини жами 172 та баҳсда қўриқлаган. Саудияликлар билан 1996 йилги Осиё кубоги ғолиби бўлган кипер 2006 йилги ЖЧдан сўнг термадаги фаолиятини якунлаган.

3. Клаудио Суарес (Мексика) – 177 та ўйин

Клаудио Суарес бундан олдинги қаҳрамонларимиздан фарқли равишда дарвозабон эмас, балки ҳимоячи бўлган. “Император” лақабига эга бўлган Суарес Мексика терма жамоаси сафида 177 та ўйин ўтказган. “Ацтеклар” сафида КОНКАКАФ “Олтин” кубогини уч бор боши узра кўтаришга эришган Суарес 1999 йилги Конфедерациялар кубогида ҳам термаси билан бош совринга эга чиқади.

2. Хоссам Хассан (Миср) – 178 та ўйин

1985 йилда Миср термасига илк бор чақирилган Хоссам Хассан “фиръавнлар” сафида 178 та ўйин ўтказган. У бунча ўйинни 21 йилда ўтказди. Хоссам 40 ёшида 2006 йилги Африка Миллатлар кубогида сардор сифатида қатнашиб, якунда бош совринга эга чиқади.

1. Ахмад Хассан (Миср) – 184 та ўйин

Йўқ. Бу футболчини Хоссам Хассанга қариндошлик жойи йўқ. Шунчаки, фамилиялари бир хил. Бироқ ҳар иккиси ҳам Миср футболи афсоналари саналади. Ярим ҳимоячи амплуасида ҳаракат қилган Ахмад 1995-2012 йилларда терма жамоада фаолият юритган бўлиб, Африка Миллатлар кубогида 4 бор ғолиб чиқишга эришган. Ахмад Хассан 17 йиллик халқаро фаолияти давомида 184 та ўйин ўтказган. Жаҳондаги ҳеч бир футболчи ўз термаси учун бунча ўйин ўтказмаган.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.