Терма жамоамиз боксчилари дастлабки ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиб қайтишди (фото)

  • 19 январь, 2017, 18:57
  • 0
  • Бокс


Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг 1-2-3 таркиби чарм қўлқоп усталари 5-19 январь кунлари Тошкент вилоятидаги Янгиобод ўқув-машғулот базасида янги мавсумга тайёргарликнинг биринчи босқичини ўтказишди.

Мазкур йиғинда терма жамоамизнинг биринчи, иккинчи ва учинчи таркиб аъзолари, мураббийлар билан биргаликда 50 нафардан ортиқ киши янги мавсумдаги халқаро мусобақаларга тайёргарлик олиб боришди. Улар орасида Рио-2016да 52 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган Шаҳобиддин Зоиров ўз вазнини ўзгартирди ва у энди 56 кгда беллашувларга киришади.

Шунингдек, Рио Олимпиадаси совриндори Муроджон Ахмадалиев (56 кг.дан 60 кг.га), Дохада ўтган ЖЧ-2015 ғолиби Элнур Абдураимов (60дан 64га) ва Рио-2016 вице-чемпиони Бектемир Мелиқўзиев (75дан 81га) ҳам ўзларини янги вазнларда синаб кўришади.

Bektemir Melikuziyev & Shohjahon Ergashev

Бундан ташқари профессионал боксда муваффақиятли юришини давом эттираётган нокуатчи боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев (6-0-0, КО6) терма жамоамиз билан бирга навбатдаги жангга тайёргарлик олиб борди. Ҳамюртимиз келаси ойнинг илк ҳафтасида бўлиши кутилаётган жангда мексикалик боксчига қарши рингга чиқади. Жанг 10 раунд давом этади ва Москва шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, боксчиларимизнинг янги мавсумдаги илк иштирокини Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақасида бошлайди. “Uzbek Tigers” жамоасининг илк рақиби Хитойнинг “China Dragons” бўлади. Жанглар 3 февраль куни ўтказилиши режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!