Тезкор хабар. Ўзбекистон – Эрон баҳси бекор қилинди

27 апрель, 13:10 4025

Тезкор хабар. Ўзбекистон – Эрон баҳси бекор қилинди

Футзал бўйича Ўзбекистон U-20 терма жамоаси шу йилнинг 29–30 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Эрон U-20 термасига қарши иккита назорат учрашувини ўтказиши керак эди. Бироқ мазкур беллашувлар эронликлар ташаббуси билан бекор қилинди. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси Футбол Федерацияси маълумот бермоқда.

“Тошкентдаги ўқув-машғулот йиғини давомида U-20 Ўзбекистон футзал терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказмоқчи эдик. Бироқ ушбу дастурни амалга ошира олмаслигимиз маълум бўлгач, Ўзбекистон томонига телефон орқали хабар қилдик. Юзага келган вазият учун узр сўраган ҳолда, келаси ой Таиландда ўтказиладиган U-20 Осиё чемпионатидан сўнг футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини Теҳрон шаҳрига ташриф буюришларини илтимос қилдик” – дейди Эрон Ислом Республикаси Футзални Ривожлантириш Техник Қўмита раиси Аббос Туробиён.

Эслатиб ўтамиз, ушбу беллашувлар 2017 йилнинг 16–26 май кунлари Таиландда, тарихда илк маротаба ўтказиладиган U-20 Осиё чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши керак эди. Мазкур чемпионатда Ўзбекистон термасидан ташқари футзал бўйича қитъа биринчилигида Осиё футбол конфедерацияси (ОФК)га аъзо 21 мамлакат терма жамоаси иштирок этади.

30 март куни бўлиб ўтган қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон У-20 термаси «С» гуруҳидан жой олди ва плей-офф йўлланмаси учун Қатар, Ливан, Мьянма ва Гонгконг ёшларига қарши баҳс олиб боради.