The Sokhibov блоги. Бир пайтлар у зўр эди. Уни соғинамиз, қайтишини кутамиз

20 октябрь,2017, 21:15 731

The Sokhibov блоги. Бир пайтлар у зўр эди. Уни соғинамиз, қайтишини кутамиз

"Уни ҳамма яхши кўрар эди. Кўпчилик ундан ўрнак оларди. Янгича қарашлари, ёндашувлари билан барчани лол қолдирарди. Туриши оловга ўхшарди уни. Юрмасди, учарди. Модага қарамасди ҳам, мода унга қараб ўзгарарди. 17 ёшида ўзида тотал ўзгаришларни сезди. 18 ёшида энг чиройли асарини яратди. 19 ёшида авлодларга етарлик олтин топди.

Шу билан у тўхтади. Етарли деб уйлади, чоғи. 20 ёшдан кейин хазинани бебошлик билан ишлата кетди. Бугунги кунга келиб, унинг ҳеч нарсаси қолмади. Ҳайрат туйғуси ўрнини ачиниш ҳисси эгаллади. Энди у ҳакдаги ўша даврлар хотираси билан яшаймиз.

Бир пайтлар у зўр эди. Уни соғинамиз, қайтишини кутамиз. Кимлигини тушундингиз. Ҳа у ўша, биз билган Голландия футболи." (Даврон Файзиев)

Голландия терма жамоаси ҳозир ўзининг инқироз ҳолатини “нишонламоқда”. Икки йил муқаддам Евро-2016 дан қуруқ қолган “учмаётган голландлар” бу йил 2018 йилги Жаҳон чемпионатига яқин ҳам йўлай олишмади.

Бразилияда ўтган мундиал айнан Луи ван Гал мураббийлиги остидаги жамоа учун уюштирилгандек эди гўё. Чемпионларнинг шиддатли ўйини, ҳавода муаллақ тарзда урилган Ван Персининг мўъжизавий голи, пенальтилар сериясида дарвозабонлар алмашинуви, бронза учун кечган баҳсда мезбонлар устидан қозонилган ғалаба... “Алвон ранглилар” таркибидаги ҳар бир футболчи ўзларига юклатилган вазифани яхши тушунарди ва жамоа манфаати учун чумолилардек жон куйдириб ҳаракат қиларди. Буларнинг барчасига Қирол Луи томонидан ишлаб чиқилган ғайриодатий 3-5-2 тактиканинг натижаси ўлароқ эришилди.

Аввалига Ван Галнинг жамоадан кетиши жамоада ҳеч нарсани ўзгартирмайдигандек туюлди. Барчаси олдиндан режалаштириб қўйилганди: Евро турнирида Гус Хиддинк раҳбарлик қилади, унинг ассистенти Блинд эса Россияда ўтказиладиган ЖЧга жамоани тайёрлайди. Аммо барчаси режадагидек силлиқ кечмади...

Ўйин кетидан ўйин... Мағлубият кетидан мағлубият... “Ношудлар”, “шармандалар” каби “мақтовлар” оммавий ахборот воситаларида жамоа аъзоларини тинимсиз таъқиб қиларди. Сехргар Гус жамоанинг мавқейини кўтариш учун қанча ўлиб-тирилди, аммо сехри таёқчаси голландларга бахт улаша олмади ва қуруқ қўл билан термани тарк этди. Блинд жамоа мураббийлигини анча эртароқ қўлга олишига тўғри келди, унга яна бир бор имконият беришди.

Еврода Хиддинкнинг айби билан жамоа омадсизликка юз тутган бўлса, Блиндда нима айб дейишди, чоғи. Аммо... у ҳам вазиятни енгиллаштира олмади. Голландия футболини ботқоқдан чиқара олмасди. Унинг даҳшатли тушлари шу йилнинг март ойида якунига етди. Болгариядан қабул қилиб олинган мағлубиятдан сўнг, Данни Блинд жамоани тарк этди,

Унинг мураббийлиги даврида голландлар юз бериши мумкин бўлган шармандаликларнинг барчасини бошдан кечиришди: асосий рақиблар — Исландия, Туркия, Чехия, Франция, Болгарияга бой берилган ўйинлар, саралаш циклидаги муваффақиятсизлик. Олдинда эса фақатгина мавҳумлик. Наҳотки 2014 йилдаги пешқадамлик бугунга келиб ношудликка айланди қолди. Саралаш ўйинларининг якуни ушбу мамлакат футболи учун ўчмас тамға бўлиб қолди.

Отга тўқим ярашмайди...

Гуснинг истеъфо қоғозини аллақачон қўлига тутқазиш керак эди. Аввалбошдан, у ҳам руҳан, ҳам жисмонан анчагина чарчаб қолганди. Унинг “яроқлилик муддати” ўтган методлари ортиқ  иш бермай қўйди. Баъзи ҳолатларда у туппа-тузукдек кўринса ҳам, уни жамоага тушунтиргунга қадар Гус анчагина ҳарсиллаб қоляпти. Хиддинк — эски голланд футболи мактабининг вакили, қанчалик аянчли бўлмасин, унинг даври ўтди. Балки у БАА, Хитой ёки Триниадо ва Тобаго билан ишлаши мумкиндир, аммо Оранье билан шуғулланиш уни “уринтириб” қўяди.

Аммо Блинд-чи? Унга ҳали ҳассага суянишга анча бор-ку?! У  янги авлод вакили ахир. Шунга қарамай, уни мураббийлик ўриндиғига ўтказиш аҳмоқликнинг юксак намунаси бўлиб чиқди. Блиндда ҳеч вақо йўқ: на мавқе, на тажриба, на ишонч, на иштиёқ. Бутун фаолияти давомида атиги бир мавсум бош мураббийлик вазифасини бажарган, Стекеленбург, Хейтинг, де Йонг, Снейдер, Хунтелар, Бабел каби юлдузлари бўла туриб, каттагина қовун туширган шахсга термани топшириб қўйиш....бундай таваккал қилиш учун ўтакетган “доҳий” бўлиш керак!

Голландияда мураббийлик лавозимига яхши номзодлар йўқ эмас: “Аякс”ни Европа Лигаси финалига олиб чиққан, ҳозирда  бундеслигада “Боруссия” билан биринчиликни эгаллаб турган Петер Бош; ўтган мавсумларнинг энг яхши мураббийи, 3-5-2 методини қўлловчи Эрик тен Хаг; ПСВ билан икки карра чемпионликни қўлга киритган, “Атлетико”ни Лига нимчорак финалида ўз доирасига ўйнатган Филипп Коку; “Фейеноорд”ни узоқ йиллардан сўнг чемпионликка олиб чиққан Жованни ван Бронкхорст; ўзини қайта кашф қилган Куман...Буларнинг барчаси терма жамоа мураббийлигига даъво қилса арзийди...

Айнан Куман Рональд 2014 йилда ван Галнинг меросхўри сифатида қаралаётган эди. Бироқ нима учун қуръа унинг номига тушмади?

Балиқ бошидан ...

Бошқа барча футбол федерацияларида бўлгани каби КNVB (Голландия қироллик футбол кенгаши) да ҳам бошқарувчилар талайгина. Аммо ҳозир бизнинг нишонимизда икки шахс — Берт ван Оствен ва Ханс ван Брекелен турибди.

Ван Оствен КNVB профессионал футбол бўлими директори ўрнини 2010 йилдан бери эгаллаб келади. Айнан унинг қўлидан чемпионлар кубокларни қабул қилиб олишган. Унинг номи билан федерациянинг кўпгина муваффақиятларини боғлашади — ташкилот даромади кўпайди, Голландия аёллар ўртасидаги Еврони, Амстердам эса Евро-2020 нинг бир қатор ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ван Гални мураббийликка тайинлаш ҳам унинг ташаббуси маҳсули бўлганди. Бу ташаббус муваффақиятга юз тутди. Лекин у Хиддинк ва Блинд масаласида қаттиқ адашди.

Бразилиядаги ЖЧга қадар голланд матбуоти Куманни ван Галнинг давомчиси сифатида кўрсатаётган эди, бошқа номзодлар ҳам бўлса-да, асосий диққат Рональдга қаратилганди. Куманнинг ўзи ҳам терма жамоа билан ишлаб кўриш истаги борлигини яширмасди. Эҳтимолларга қарши ўлароқ, ван Оствен ва унинг сафдошлари таваккал қилишни исташмади, Хиддинк варианти уларга энг тўғри танловдек туюлди. “Байроқни ёш авлод қўлига тутқазиш керак” қабилидаги эътирозларга Хиддинкнинг ўз давомчиси сифатида Блиндни тайёрлаётганлигини рўкач қилишди.

Бу ван Оственнинг икки ҳисса қимматга тушган хатоси эди. Ўтган йилнинг кузида у ўз ўрнини Гейс де Йонгга бўшатиб берди, клублар билан ишлашга масъул техник директор лавозимини эса Евро-88 чемпиони Ханс ван Брекелен эгаллади.

Афсонавий дарвозабон бу мансабда қандай каромат кўрсатди? Бош мураббий ёрдамчилари ван Нистелрой ва ван Бастен, дарвозабонлар мураббиийи Арно ван Звам, аёллар терма жамоаси мураббийи ва менежери (Арьян ван дер Лан ва Минке Боэй), директор ёрдамчиси Йелле Гус, мураббийлик мактаби маърузачилари Рон Янс ва Леон Влеммингс ишдан кетишди. Адвокат ва Гуллит бир кўриниб, бир кўринмай қолишди. Бошқарув тизимида нохолислик борлиги ҳақидаги гаплар болалаб кетди. Ван Брекеленнинг дўсти Рини Стаутесдейк аёллар терма жамоаси психологи лавозимини эгаллаб, бошқарув ишларига ҳам аралашиб юрганлиги ҳақида матбуот жар сола бошлади.

Дик Адвокатнинг Голландия бош мураббийи этиб тайинланиши (бутун фаолияти давомида учинчи маротаба) эса ҳаммасидан ошиб тушди. У омад юз ўгирган менежер, унча-мунча нарсанинг фарқига борадиган қария мураббий, ҳар ҳолда сўнгги йилларда у “Сандерленд”, Сербия терма жамоаси ва “Фенербахче”  билан бир қанча муваффақиятларни қўлга киритган эдида. Унинг мураббийликка номзодлар рўйхатида кўзга кўринадиган ўринда турмаганини эътироф этилганди. Шунга қарамай, унинг ўрнига бошқа кимнидир тайинлаш ишлари ҳам жуда имиллаб бажарилди. Бу ҳолат бир  нарсани исботлайди : голланд мураббийларидан ҳеч ким бошқарув тизимидаги тартибсизликларга аралашишни истамайди, бунга фақатгина Адвокат каби жонидан умидини узган таваккалчилар қўл уриши мумкин.

Дикнинг “ҳукмронлиги” даврида голландлар дастлаб французлардан, кейин шведлардан ёғлиққина тарсаки қабул қилиб олишди: кам миқдорда гол киритиш ва битта ҳам зарбани ўтказиб юбормаслик керак эди. Муаммони ечиш Адвокатга ҳам Кога ҳам насиб қилмади, Россиядаги ЖЧ уларнинг иштирокисиз ўтадиган бўлди. Калаванинг учи эса тобора чувалашиб бормоқда...

Ван Оственнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб кетди, унинг ўрнига Брекелен келди. Баъзилар уни билими саёз, тажрибаси озликда айбласа, бошқалар уни карьера ортидан қувувчи мансабпараст дея атади. КNVB раҳбарлари орасида зиддият кучайиб, бир қозонда икки қўчқорнинг калласи қайнамаслигини исботлаб беришди. Назорат Кенгашида ҳам вазият мақтагудек эмас. Буларнинг барчаси КNVB бошқарувида аҳвол оғир эканлигига ишора қиларди.

Ван Брекелен августда ўз лавозимини тарк этди. Унинг ўрнига янги техник директор ҳалигача тайинлангани йўқ.

Авлодлар алмашинуви ва кадрлар тайёрлашдаги узилишлар

Эртами-кечми бу вазиятга барча терма жамоалар дуч келишади — Франция, Германия, Испания, Англия, Бразилия. Баъзида барчаси хамирдан қил суғургандек силлиқ кўчади. Худди Ван Бастен давридаги Голландия каби. Баъзида эса муаммолар ечимсиздек туюлади.

Роббен, Снейдер, де Йонг, ван Перси, Хунтеларнинг оёғини узатиб дам оладиган пайти келди — бу табиий ҳол. Ёш авлод билдирилган ишончни тажрибасизлиги туфайли оқлай олмаслигини ҳам тушунса бўлади. 17 ёшли де Лигтдан нимани ҳам кутиш мумкин? Унинг келажаги бор, иқтидори тўла кашф этилмаган ва бу унинг ёшида нормал ҳолатдир. Муаммо — кадрлар тайёрлаш тизимининг емирилиб бораётганлигида.

Илгари голландиялик футболчининг карьера зинапояси қуйидагича эди: топ-клубда ўсмирлар учун елиб-югурасан («Аякс», ПСВ, «Фейеноорд»), кейин ўз жамоанг таркибидан мустаҳкам жой оласан, ундан сўнг эса маҳаллий миқёсдаги ютуқлар. 22-25 ёшингда тажрибали ўйинчи сифатида номдор лигалардан бирига йўл оласан.

Исбот сифатида Эредивизияни Голландия футболи юлдузлари неча ёшда тарк этганини кўриб чиқамиз: Давидс — 23, ван дер Сар — 29, Рейзигер — 23, Франк де Бур — 28, ван дер Варт — 22, Коку — 28, ван Боммел — 28, Снейдер — 23, Хунтелар — 25, Стротман — 23, Блинд — 24, Кейт — 26, Макай — 22, ван Бронкхорст — 23, ван Нистелрой — 25.

Чет элликлар орасида:  Киву (23), Вертонгена (25), Ибрагимовича (23), Суареса (24), Литманена (28).

Тан олиш керак, Зеедорф, Эриксен, Роббен, ван Перси, Клюйверт сингари уникаллар ҳам йўқ эмас. Бироқ уларнинг ҳисобида ақалли бир неча порлоқ мавсумлар бор эди.

Ҳозир эса битта муваффақиятли мавсумдан сўнг жуфтакни ростлаш урфга айланиб бормоқда. Бунга Боэтиюс, Летсхерт, Эль-Гази, Кишна, Базурлар мисол бўла олади. Улар Оранье учун тўп суришарди, аммо барибир Европани танлашди. Зотан, уларнинг бирортаси у ерни “гуллатиб” қўйгани йўқ (Боэтиюс ва Кишна аллақачон Эредивизияга қайтишди). Дост ва ван Волфсвинкелнинг ўрта даражадан дарров Европа футболига ҳатлаб ўтиш мумкинлиги тўғрисидаги башоратлари ўзини оқламади. Бергхейс А3 да ўзини кўрсатгач, ҳаволаниб кетди, шекилли, АПЛга йўл олди. Бироқ “Уотфорд”даги мавсумда 9 та омадсиз ўйинни ўтказгач, ақли жойига тушди. Ватанига қайтди ҳамда “Фейеноорд”да чемпион бўлди.

Табиий авлодлар алмашинуви янги талантларни тарбиялаш тизимида нотабиий оқсашларга олиб келди. Голланд ўсмирлари 16-17 ёшиданоқ, жамоасининг асосий таркибида битта ҳам ўйин кўрсатмай четга чиқишга ошиқишмоқда. Бунга сабаб нима?

Лига даражасининг пастлиги ва молиявий муаммолар

Эредивизия ҳеч қачон топ даражасига кўтарила олмаган. «Аякс», ПСВ ва «Фейеноорд» каби пешқадамлар бор. АЗ, «Херенвена» ёки «Твенте» сингари чемпионликка даъво қилса ярашадиган клублар бор. «Гронинген», «Утрехт», «Витесс», «Зволле»дан ҳам бирон нарса чиқишига умид қилса бўлади. Лекин етакчилар ва ўрта даражадаги клублар орасидаги фарқни сезиш учун кўзойнак шарт эмас. Фарқ катта, жуда катта. Етакчиларнинг ўзида ҳам исталганча муаммо топилади.

Голланд клублари евромавсумдан аллақачон этакларини силкишса бўлади. Уларни фақатгина мўъжиза қутқариб қолиши мумкин.

Голланд клубларининг аксариятида даромад ҳавас қилгулик даражада эмас. Бир неча йиллардан бери учинчи дивизон клублари рейтингларини кўтара олмай ҳалак. Чунки лицензиядан ўта олишлари даргумон. “Твенте”нинг молиявий муаммолар сабабли профессионаллик мавқеини йўқотишига бир баҳя қолди.  А3 ҳам ҳомийининг банкротлик ҳолатидан сўнг иқтисод қилишга мажбур бўлиб қолди. Турли йилларда “Аякс” ва ПСВ ҳам иқтисодий тежамкорлик режимини бошдан кечиришди. “Фейеноорд”га ҳам молиявий қийинчиликлар бегона эмас. “Ден Хааг”, “Рода” ларни ҳам шундай қисмат кутмоқда.

Скандинавиялик истеъдод эгаларида Голландияга нисбатан иштиёқ сўнган. Жуда ҳам кам ҳақ тўлашади. “Аякс” ва “Фейеноорд”да йилига бир миллион евродан ортиқ олиш-олмаслиги аниқ эмас, ундан қуйироқ клубларда иш бундан ҳам чатоқроқ.

Голландлар савдолашишни эплай олишмайди. Гигант даражасидаги трансферлар даврида Эриксен ва Блиндни 20  миллион еврога  (ҳар бирига) қўйиб юбориш осон эмас. Тўғри, охирги пайтларда ПСВ ва “Аякс” анча безбетлашишди, аммо ҳали кўп нарса вақт ҳукмига боғлиқ.

Туб аҳолидан чиқаётган ёш кадрлар Нидерландияда қолишдан ҳеч қандай манфаат кўришмайди. Чет давлатдан ёшларнинг келишини-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Мактабнинг сифати яхши, аммо топиладиган фойда ҳам, лигалар даражаси ҳам ўзини оқламайди. Ёшларнинг барчаси манфаатлироқ шартнома чиқиб қолса, дунёнинг исталган бурчагига бориб тўп  суришга тайёр .У ерда эса сен легионерсан, тажриба йиғишингга вақт йўқ, ўз кучингни дарҳол намойиш қилишинг шарт. Устига-устак, ватандан узоқда... Масаланинг мана шу жиҳатлари ёш футболчилар руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Билвосита бўлсада, лигалар даражаси терма жамоа сифатига таъсир қилмоқда.

Консерватизм

Голланд футболи 90-йиллар қолипида қотиб қолган. Голландлар ўзларини мукаммал футболни кашф қилгану, ҳеч нарсани ўзгартириш керакмас, деб ҳисоблашади. 4-3-3 улар учун ҳар қандай ҳолатда қўл келувчи сеҳрли таёқча. Ўйин фалсафаси улар учун бир заррага-да ўзгариши керак эмас. Уларнинг фикрича, оқим бўйлаб сузиш — футболдаги энг тўғри йўл. Чет эллик мураббийни терма жамоага тайинлаб қўйиш голландлар учун даҳшатнинг ўзи. Верхейеннниг жисмоний шуғуллантириш методларини ғирт кўзбўямачилик деб ҳисоблашади, чунки бу анъаналарга зид-да!

Албатта, қайсидир даражада ижобий ўзгаришлар бўлаётганини рад этиб бўлмайди: академиялар модернизациялаштирилди, ўсмирлар билан ишлаш усуллари янгиланди, янги технологиялар жорий этилди, мухлислар билан ишлаш доирасида ривожлантирувчи акциялар ташкил қилинди. Бироқ булар жуда ҳам тор доирада амалга оширилмоқда. Йирикроқ миқёсда олиб қараганда эса ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Профессионаллик ва креативлик ўрнини эскилик сарқитлари эгаллаб олган.

Нима учун KNVB техник директори лавозимига ёш Герард Нейкампни эмас, Ханс ван Брекеленни танлашди? Чунки иккинчи номзод анъанавийлик руҳида тарбияланган эди. Нега ван Оствен Хиддинкни танлади, Куманни эмас? Чунки биринчи вариант анча “хавфсизроқ” эди. Нима учун Кройффнинг “Аякс”даги инқилоби кутилган натижани бермади? Чунки унинг атрофини профессионаллар эмас, балки “анъанавий қолиплар” тарафдорлари қуршаб олишган эди. Нима учун “Аякс” раҳбарияти клубни Европа Лигаси финалига олиб чиққан мураббий Бош ва Бергкамп ўртасидаги конфликтни иккинчисининг фойдасига ҳал қилишди? Чунки Денния ва унинг тарафдорлари ўз ишининг ўтакетган мутаассиблари эди.

Голланд футболига дахлдор бўлганларнинг биронтаси ўйинга бўлган “фалсафий” принципларига хиёнат қилишни исташмайди. Лекин ким улардан принципларни ўзгартиришни талаб қиляпти? Ҳеч ким! Лобановский айтганидек, “Принципларни ўзгартириш эмас, такомиллаштириш керак”.

Хулоса ўрнида

Голландия футболи шундоққина жар ёқасида турибди. Унинг қулаб кетиши учун енгилгина турткининг ўзи кифоя. Эски мураббийлик мактабидан пичоққа илингулик натижа кутиб бўлмайди, янгилари эса терма жамоа учун ўзларининг “иссиққина” иш ўринларидан воз кечишни исташмайди. Федерацияда эса бюрократия нафаси кезиб юрибди. Буларнинг барчаси авлодлар алмашинуви ва янги кадрлар тайёрлаш тизимидаги узилишлар натижасида келиб чиқди.

Ушбу узилишлар эса ўз навбатида лига даражасининг пастлиги ва молиявий муаммолар туфайли пайдо бўлди. Муаммонинг туб илдизи бўлса футбол ҳаётидаги консервативлик, янгиликнинг кўксидан итариш, битта қолипга тушиб қолишга бориб тақалади. Терма жамоанинг муваффиқатсизлиги муаммолар денгизидан бир томчи, холос.

Голландлар ўз футболларни яхши кўришади. Улар учун футбол — миллий ғоя. Аммо футболни тубдан ислоҳ қилиш вақти келди. Муаммолар аниқ ва равшан. Улар ўз ечимини кутиб турибди. Кеч бўлмай туриб тўғри қарор қабул қилинса, ислоҳотлар ўтказилса, голланд футболи ўзининг янги ҳаётини бошлайди.

“SPORTS.uz” да махсус лойиҳа, The Sokhibov блоги. Юртимиз ва жаҳон спортига оид қизиқарли мақолаларни айнан ушбу блогда кузатиб боришигиз мумкин. Лойиҳанинг навбатдаги сони сешанба куни тақдим этилади.

*Сизни қандай мавзудаги мақолалар қизиқтиради? Бизга Телеграм орқали маълум қилинг (“SPORTS.uz” га ёзинг).

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.