"Tornado" таэквондочилари ким зўрлигини кўрсатди (фото)

 

Жанубий Кореяда олимпия спорт тури - таэквондонинг WTF йўналиши бўйича "Chuncheon Korea open - 2017" чемпионатида дунёнинг кўплаб мамлакатлардан энг сара спортчилар ғолиблик учун куч синашди.

Мусобақада муваффақиятли иштирок этган Тошкентдаги "Tornado" спорт клубининг олти нафар таэквондочиси мусобақа шоҳсупасига кўтарилди.

"Tornado" жамоаси мураббийи Аҳрор Асроровнинг SPORTS.uz ахборот порталига маълум қилишича, катталар ўртасидаги беллашувларда Жасур Мавлонов, Назокат ва Нафосат Раҳимжоновалар барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Ёшлар ўртасидаги мусобақада Норакбар Баҳромов шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Кадетлар баҳсида қатнашган ёш таэквондочимиз Камрон Шуҳратов биринчи, Нозима Раҳимжонова эса учинчи ўринга лойиқ топилди.

- Шогирдларим қайд этган натижадан мамнун бўлдим, - дейди Аҳрор Асроров. - Юқори нуфузли мусобақада олти нафар спортчи билан қатнашдик ва улардан бештаси ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Клубимиз таэквондочилари мусобақага пухта тайёргарлик кўргани ўз самарасини берди.

Эртага Нафосат Раҳимжонова Олимпия ўйинларига 20 рейтинг очкоси берадиган "J-2" турнирида иштирокини  давом эттиради. 

Спортчиларимиз 9 июнь куни Тошкент шаҳрига қайтиб келади.

SPORTS.uz ахборот портали нуфузли турнирда муваффақиятли иштирок этган "Tornado" спорт клуби спортчиларини табриклайди.

 

 

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!