Тошкентда RADOCAнинг навбатдаги йиғилиши бошланди

 

Тошкент шаҳри Марказий Осиё минтақавий антидопинг ташкилоти (RADOCA)нинг набатдаги йиғилишига мезбонлик қилмоқда. Бу сафарги форум кун тартибидан ташкилотнинг 2017-2018 йиллардаги фаолияти юзасидан ҳисобот, допинг-назорати қоидалари, юзага келадиган турли ҳолатларни таҳлил қилиш, сессия муҳокамаси, 2018-2019 йиллар учун режа ва бошқа турли масалалар ўрин олган.

Бугун пойтахтимиздаги «City Palace» меҳмонхонасида форум очилишига бағишланган митинг ташкил қилинди. Унда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг Осиё-Океания офиси директори Казухиро Хаяши (Япония), Қозоғистон Миллий антидопинг маркази директори Майра Бакашева (Қозоғистон) ва бошқа мутасаддилар иштирок этишди.

Тадбирни Майра Бакашева очиб берди. Мутахассис ўз чиқишида ушбу ташкил қилинаётган митинг кун тартиби, унда кўрилажак масалалар ҳақида гапириб ўтди. 

«Бу ерда эканлигимдан хурсандман. Илиқ кутиб олишгани учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман. Ушбу форум давомида турли масалаларни муҳокама қиламиз. Шунингдек, келажакда амалга ошириладиган ишлар режасини ҳам тузиб олмоқчимиз» – деди Майра Бакашева.

Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиб Жасур Матчанов Ўзбекистон мана шундай муҳим нуфузли тадбирга мезбонлик қилаётганидан жуда мамнун эканлигини маълум қилди.

«Ассалому алайкум ҳурматли меҳмонлар. Ўзбекистонга ҳуш келибсиз. Сизларни бу ерда кўриб турганимиздан хурсандмиз. Йил мамлакатимиз учун эсда қоларли кечмоқда. Энг аввало, Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги ташкил этилганини сизларга мамнуният билан маълум қилишни истардим. Шунингдек мана, Марказий Осиё минтақавий антидопинг ташкилоти йиғилишини ўтказиш шарафига муяссар бўлдик. 

Бу Ўзбекистонда ҳалол спортни таъминлашга қаратилган навбатдаги қадамдир. Бу борада сиз билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этиб ўтишни истардим», – деди Жасур Матчанов.

Шундан сўнг Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) Осиё-Океания офиси директори Казухиро Хаяши сўзга чиқиб, Ўзбекистонда спорт тараққий топаётгани ҳақида гапирди. Бунга мисол сифатида Риода ўтказилган Олимпия ва Паралимия ўйинларидаги натижаларни кўрсатиб ўтди. Шунингдек, у бундай тадбирлар спорт ривожи йўлида катта аҳамиятга эга эканлиги, ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш лозимлиги ҳақида гапириб ўтди.

Митинг якунида Хаяши МОҚ Бош котиби Жасур Матчановга антидопинг агентлигининг эсдалик совғасини тақдим этди. 

Эслатиб ўтамиз, ушбу форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон, Мўғулистон, Покистон каби мамлакатлар Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари, шунингдек, Япония, Перу, Польшадан WADA вакиллари ҳам иштирок этишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!