Тошкентда спорт таълим муассасаларининг ролини ошириш борасида семинар ўтказилмоқда

30 ноябрь,2017, 18:38 338

Тошкентда спорт таълим муассасаларининг ролини ошириш борасида семинар ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 2017 йилнинг 30 ноябрь - 1 декабрь кунлари Тошкентда “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда спорт таълим муассасаларининг роли” мавзусида услубий-амалий семинар ўз ишини бошлади.

Ушбу анжуманда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, Олий спорт маҳорати мактаблари, Ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари ва олимпия захиралари коллежлари директорлари ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт ҳудудий бошқарма бошлиқлари, спорт фахрийлари, олимлар ва етакчи мутахассислар иштирок этишмоқда.

Анжуманни кириш сўзи билан очган Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбанов муҳтарам президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган ҳужжатлар ва бажарилиши ҳамда олдинда турган муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда спорт таълим муассасаларининг роли ҳамда селекция ишлари, Республикада спорт соҳасини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг намунавий модели ҳамда уюшмаган ёшларни спортга жалб этиш муаммолари, бу борада бажарилиши кўзда тутилган устувор вазифалар эканлигини маълум қилинди.

 

Куннинг иккинчи ярмида Семинар қатнашчилари Тошкент шаҳрида жойлашган бир қатор спорт мажмуаларига ташриф буюришди. Жумладан, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, “Олимпия шон-шуҳрати” музейи, “Бунёдкор” стадиони, Ўзбекистон таэквондо маркази, яқинда фойдаланишга топширилган Енгил атлетика марказида яратилган шарт-шароитлар билан бевосита танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Эртага бўлиб ўтадиган иккинчи кунги семинарда мутахассислар шуъбаларга бўлинган ҳолда иш олиб боришади.

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.