Тошкентнинг бокс бўйича Осиё чемпионатига тайёргарлиги юқори баҳоланди

 

 

Жорий йилнинг 30 апрель – 7 май кунлари Тошкент шаҳри бокс бўйича қитъамиздаги энг нуфузли мусобақа - катталар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилади.

13-15 март кунлари Осиё бокс конфедерацияси ва Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси вакилларидан таркиб топган делегацияси Тошкент шаҳрига ташриф буюриб, мамлакатимизнинг нуфузли мусобақани ташкил этиш имконияти ва салоҳияти билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизматидан SPORTS.uz ахборот порталига маълум қилишларича, мамлакатимизда нуфузли мусобақани юксак даражада ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар халқаро спорт ташкилотлари делегацияси вакиллари томонидан юқори баҳоланди.

Осиё бокс конфедерацияси ва Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси вакиллари ташриф давомида Тошкент шаҳрида жойлашган мусобақага мезбонлик қиладиган спорт иншоотлари, машғулотлар учун мўлжаланган заллар, меҳмонхоналар шароитини ўрганди.

Шунингдек, Осиё чемпионатини оммавий ахборот воситаларда кенг ёритишни ташкил этиш, спортчи, мураббий, мутахассис, меҳмонларга транспорт ва меҳмонхона, овқатланиш хизматларини юқори савияда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу ўринда Ўзбекистон бокс бўйича Осиё чемпионатларини ташкил қилиш бўйича бой тажрибага эга. Тошкент шаҳри 1995 ва 1999 йиллари қитъамизнгинг энг кучли боксчилари иштирокида Осиё чемпионатини ўтказган.

2005 йили эса ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати юксак даражада ташкил этилди.

30 апрель – 7 май кунлари Тошкент шаҳрида бўладиган Осиё чемпионати қитъамиз боксчилари учун 2017 йилда Германиянинг Гамбург шаҳрида бўладиган бокс бўйича жаҳон чемпионатига асосий саралаш босқичи вазифасини ўтайди.

Ҳалқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси осиёлик чарм қўлқоп усталари учун жаҳон чемпионатига 60 та йўлланма ажратган. Тошкентдаги Осиё чемпионатида қатнашадиган боксчилар совринли ўринлардан ташқари ана шу лицензиялар учун ҳам ўзаро рақобатлашади.

 

 

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!