"Тоттенхэм" Санчес борасида келишувга эришди

13 август, 12:15 229

Амстердамнинг “Аякс” клуби ҳимоячиси Давинсон Санчес фаолиятини “Тоттенхэм”да давом эттиришга жуда яқин турибди. Бу ҳақда The Sun нашри хабар тарқатмоқда.

Гап шундаки, Маурисио Почеттино бошчилигидаги мураббийлар штаби яқиндагина “Манчестер Сити”га сотиб юборилган Кайл Уолкернинг ўрнини айнан 21 ёшли колумбиялик футболчи билан тўлдиришмоқчи. Ушбу трансфер эса “шпорлар”га 35 млн еврога тушиши айтилмоқда. Агар ушбу келишув амалга ошса, Санчес клуб “Тоттенхэм” тарихидаги энг қиммат харидга айланади.

Эслатиб ўтамиз, Давинсон Санчесга шунингдек Миланнинг “Интер” клуби ҳам жиддий қизиқиш билдираётган эди.

Маълумот учун, Санчес ўтган мавсум Голландия чемпионатининг жами 32та учрашувида майдонга тушиб, ўз ҳисобига 6та гол ҳамда 2та голли узатма ёздириб қўйишга эришган.