"Цементчи" охирги баҳсда "Қўқон-1912" ёшлари билан ўйнайди

Қувасойнинг “Цементчи” жамоаси футболчиларига Фарғонада ўтказилган “Вилоят хокими кубоги-2017” турниридан сўнг қисқа таътил берилганди.

Уч кун дам олган футболчилар яна жамоа қароргоҳига йиғилиб, машғулотларни давом эттирмоқда. Иккинчи йиғин доирасида "Цементчи" вакиллари “Цементчи-2”, Фарғона футбол терма жамоаси ва “Тошлоқ” жамоасига қарши назорат учрашувларини ўтказди.

Мавсумга қизғин тайёргарлик кўраётган қувасойликлар эртага Қўқон шаҳридаги “Кимёгарлар” стадионида “Қўқон-1912” жамоаси ёшларига қарши майдонга тушади.

"Цементчи" матбуот хизматидан маълум қилишларича, бу жамоанинг Фарғонадаги сўнгги назорат учрашуви бўлиши мумкин.

Шундан сўнг жамоа 23-февраль куни Тошкент сафарига жўнаб кетади. Мураббийлар пойтахтдаги йиғин давомида олий ва биринчи лига жамоаларига қарши назорат учрашувларини ўтказиши режалаштирилган. “Цементчи” футболчилари пойтахтда “НБУ-Осиё”, “Локомотив БФК”, “Бунёдкор”, “Суғдиёна” вакиллари билан синов ўйинларида иштирок этади. Шунингдек, йиғин давомида бошқа жамоалар билан ҳам учрашув ўтказилиши кўзда тутилган.

Тошкентдаги йиғин давомида жамоа таркибини шакллантириш масалаларида ҳам янгилик бўлиши кутилмоқда.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!